Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни муносабати билан амалга оширилаётган ишларга бағишланган навбатдаги брифингда содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари таҳлил этилди.
Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Евгений Фоменко маст ҳолатда акаси Валерий Фоменко билан жанжаллашган, ошхона пичоғи билан акасининг кўкрак қафаси ва танасининг бошқа жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Жабрланувчи касалхонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятчига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси кўрилган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 6 июль кунидан 13 июль кунига қадар пойтахтимизда 18 жиноят қайд этилган, улар “изи йўқолмасдан” фош қилинган. Ҳафта давомида қидирувда бўлган 33 жиноятчи қўлга олинган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган 14 шахс аниқланиб, яшаш манзилига қайтарилган.






