Тўй “мавсуми” олдидан: энг ошиғи олчи санъаткорлар рейтинги

ШОУ-БИЗНЕС 16.08.2013, 00:36
Тўй “мавсуми” олдидан: энг ошиғи олчи санъаткорлар рейтинги
Шоу-бизнес аслида минглаб фильмлар, сон-саноқсиз қўшиқлар, ажойиб концерт дастурлари, тинимсиз премьералар демакдир. 
Бироқ томошабин кўзига жимжимадор ва жозибали кўринган шоу-бизнес оламини миллионлар бошқариши худди биржадагидек кимдир ютиб кимдир мағлуб бўлишидан кўпчилигимиз бехабармиз.
Бугун ўзбек шоу-бизнесидаги аксарият хонандалар тезроқ танилиб, тўй хизматларига бориш учунгина санъатга қадам қўйишяпти десак, муболаға бўлмас. Ахир, тўй ортидан топиладиган маблағ ким учундир арзимас кўринса-да, бир хонанда бу билан оёққа туриб олади-да. Ёки бор-йўғи 20-30 миллион сўмга олинган фильмлар ўз намойишидан кейин сарфланган маблағни бир неча баробар қоплаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хуллас, бугунги саҳифамиз орқали шоу-бизнес, кино олами ва хонандалар фаолиятидаги “мавсум” тушунчасига эътиборингизни қаратишни лозим топдик.

Хонандаларнинг фикрига кўра бизда мавсум ёзнинг ўрталаридан бошланиб, то ноябр ойининг охирлари – декабрнинг биринчи ярмига қадар чўзиларкан. Бироқ Рамазон ойи муносабати билан бу йил янги мавсумнинг бошланиши ўз-ўзидан августга кўчди. Шунинг учун кўпчилик хонандалар “ўлик пайт”да янги қўшиқларини ТВ орқали айлантириб, бошланажак мавсумни ўзиники қилиш ниятида.

Пойтахт тўйларида энг “ошиғи олчи”лар.
1. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева анча йиллардан буён “бирров”га борадиган хонандалар сафида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Узунқулоқ гапларга қараганда, мавсум авжида хонанда бир кунда камида 5 ёки 6 та “бирров”га бораркан.

2. Айни дамда иккинчи ўринда бўлса-да, бироқ Мавлуда Асалхўжаеванинг ўрнига жиддий даъвогарлик қилаётган хонанда – Муниса Ризаева. Унинг ҳам тўйлар мавсумида кунига камида 4 та “бирров”и бўлар экан. 3. Учинчи ўринни эса икки йилдан буён хонандалар Улуғбек Раҳматуллаев, Шоҳруххон ва Нилуфар Усмонова эгаллаб келишяпти. Маълумотларга қараганда, уларни мавсум пайтида кунига 3 ёки 4 марта “бирров”да кўришингиз мумкин. Мавсумга қарамайдиган хонанда:Хонанда Алишер Рўзметовни ижодкорлар ҳам, мухлислар ҳам ҳар қандай мавсумга қарамай энг “харидоргир” хонанда сифатида билишади. Рўзметов “навбат” ўтказиш бўйича пойтахтда донғи кетганлардан саналса-да, “бирров”ларни ҳам унутмайди. Кўпчиликнинг фикрича, у навбатчилик қилаётган тўйларга бошқа хонандаларни чақиришнинг ҳожати йўқ. Истасангиз хоразмча, истасангиз туркча ва таъбга кўра инглиз тилидаги қўшиқларни ҳам маромига етказиб куйлаб беради. Вилоятларда Тошкентдагидан фарқли ўлароқ, “бирров”чилар деярли учрамайди

Бошқа ҳудудларда хонандалар, асосан, навбатчи сифатида таклиф этилиши кўпчиликка аён. Бу борада:

1. Биринчи ўринни хонанда Фарҳод Саидов эгаллаб турибди. Маълумотларга қараганда, бу йил унинг октябр ойи охирига қадар деярли ҳар куни навбатчилик хизматлари бор экан. 2. Пойтахт тўйларида камнамо бўлиб қолган “Давр” гуруҳини мавсумда ё Бухородан, ё Самарқанддан топасиз. Гуруҳ аъзоларининг ҳам навбатчилик борасида ишлари юришган.

3. Фарҳод ва Ширин ижодини бошлаганига кўп бўлмаган эса-да, вилоятлардаги тўйларда навбатчилик қилиш борасида анча илгарилаб кетишган. Ўтган йилдан бошлаб улар қаторига хонандалар Ойбек ва Нигора ҳам қўшила бошлади. Айни тўй мавсумида уларни Самарқанддан изланг. Келин салом ва чарларда:

1.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова бу борада сўзсиз биринчи ўринни эгаллаб турибди.2. Иккинчи ўринга даъвогарлик қилаётган икки актрисамизнинг ҳам мавсумда деярли ҳар куни тўй хизматлари бор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ярашева ва Муқаддас Холиқованимухлислар бир ўринда кўришаркан.3. Вилоятлардаги тўй хизматларида энг фаол актрисалар рўйхатиниЗуҳра Солиева бошлаб берса-да, мавсумда Тошкентдаги тўйларда ҳам унинг иши анча қизийди. Тўйларда бошловчилик борасида:1. Бир неча йилдан буён Рихситилла Абдуллаев ва Нигора Каримбоева жуфтлиги биринчиликни эгаллаб келмоқда.

2. Даврон Кабулов ва Райҳон Уласенова жуфтлиги гоҳ пойтахт тўйларида, гоҳ вилоятдаги тўйларда пешқадам бўлиб келмоқда.   “Мавсум”га ҳар ким турлича таъриф беради. Баъзи хонандалар эса тўйлари кўплигини ОАВдан яширишга уринишади. Буни айтиб кўз-кўз қилишса, гўёки ишлари ортга кетадигандек. “Мавсум” ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида барибир уларга микрофон тутдик. Ойбек ва Нигора, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари:— Ҳар бир хонанда йил давомида қилган меҳнатининг самарасини кўришни, яъни клиплари ва реклама учун сарфлаган маблағ ўрнини мавсумда қоплаб олишни ўйлайди. Чунки тирикчилик манбаимиз шундан, буни яширишнинг ҳожати йўқ менимча.
Алишер Рўзметов, хонанда:— Очиғи, мен мавсум қачон бошланиб, қачон тугашини унчалик яхши билмайман. Асосан, Рамазон ойида дам оламан, холос. Лекин тўй экан деб пулнинг ортидан қувадиган хонанда эмасман. Одамлар ният қилиб айтишгач, қўлимдан келганича хизмат қиламан. Дарвоқе, куни кеча ҳисоблаб кўрсам, 5 мингга яқин қўшиқ билар эканман. Балки шунинг учун тўй хизмаларига мени кўпроқ таклиф этишар.
КИНО 

Кино оламида “мавсум” хонандаларникидан анчагина фарқ қилади. Одатда режиссёрлар ёзнинг жазирама иссиқ кунларида янги фильмларини катта экранларда намойиш этишдан ҳайиқиб туришади. Чунки ақлли томошабин 5-6 минг сўмга кинотеатрга кириб, фильм томоша қилишдан кўра, оила даврасида музқаймоқ ейишни ёки боғларни айланишни маъқул кўради. Бу йилги ёз киномавсумини режиссёр Дурдона Тўлаганованинг “Айрилиқ” картинаси муваффақият билан бошлаб берди. Маълумотларга қараганда, фильм биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ сарфланган маблағни чиқариб олган.
17 май куни Алишер Навоий номидаги киносаройда режиссёр Талъат Мансуровнинг “Фотима” номли фильми премьераси бўлиб ўтган эди. Аммо нимадир бўлди-ю, картина намойишдан олиб қўйилди. Буни эса кўпчилик ҳозир кино оламида мавсум эмаслиги, агар фильм айни ёз ойларида намойиш этилса, харажатини қоплаб ололмаслигини айтди. Лекин орадан кўп вақт ўтмай 5 июл санасида фильмнинг яна бир премьераси бўлиб ўтди ва картина 6 июлдан кинотеатрларда намойиш этиляпти. Айни шу масала юзасидан режиссёр Талъат Мансуров билан боғландик.
Талъат Мансуров, “Фотима” фильми режиссёри:— Яхши фильм мавсум танламайди ва мен “Фотима” фильмини ана шундай фильмлар қаторига кирита оламан. Нима учун фильм намойишдан олиб ташланди ва нега қайта премьераси бўлди деган савол билан мурожаат қилганлар кўп бўляпти. Бунинг бирдан бир сабаби фильмнинг биринчи премьерасига қадар рекламага унчалик эътибор қаратмаганимизда. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди. Реклама кутилган натижани бергач, фильм катта экранларда намойиш этиляпти.
Жаҳонгир Позилжонов, хонанда ва режиссёр:— Фильмларимизни катта экранга беришда ҳеч қачон мавсумга қарамаганмиз. Мисол учун ўтган йили ёзнинг қоқ ўртасида дўстим Жавлон Шодмонов “Жаноб қоровул” фильмини тақдим этган эди. Фильм яхши натижаларга эришди. Бу йил август ойининг бошида эса мен “Ажаб бўпти” номли картинам  намойишини бошламоқчиман. Биз ҳатто тўйлар борасида ҳам мавсумни пойлаб ўтирадиганлардан эмасмиз. Эътибор берсангиз, деярли ҳар ойда янги клипимиз эфирга чиқади. Агар мавсумдан умид қилиб ўтирганимизда, фақат тўй хизматлари бошланишига яқин отни қамчилардик.
Дурдона Тўлаганова, режиссёр:— Мен мавсумга умуман қарамайман. Кўпчилик пойтахтда ўқийдиган талабалар таътил муносабати билан вилоятга қайтиб кетганликлари, абитуриентлар олий ўқув юртларига киришга тайёргарлик кўраётгани ва кўпчилик оила аъзолари билан хорижда ёки тоғ ён бағирларида дам олаётганини ҳисобга олиб ёз ойларини фильм намойиши учун қулай эмас дейишади. Эътибор берсангиз, “Айрилиқ” фильми қиш ойларида экранларга чиқаришга мўлжалланган эди. Лекин кинотеатрларда жой бўлмагани сабаб намойиш ёзгача чўзилди.
Мана, ижодкорларнинг “Мавсум” борасидаги фикрини тингладик. Ким ўзини қандай оқлашидан қатъи назар, мавсум бизнинг шоу-бизнесимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Нима бўлганда ҳам, ҳар ким меҳнатига яраша “хирмон”  кўтариши тарафдоримиз.

Қамариддин ШАЙХОВ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1