АсосийJamiyat

ОЛОВЛАР ЮРТИНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ

'ОЛОВЛАР ЮРТИНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ'ning rasmi


“...Якшанба куни Бокуға чиқдик. Шаҳарнинг рус ва мусулмон қисмидаги дўконлар, катта корхона ва мағозалари, матбаалари тамоман очуқ, чунки, мусулмонлар жумъа куни дўкон ва корхоналарини беркитиб, ийд қилар эканларким, бул жой ибрат ва таҳсиндур. Бокуни кўргонимга ўн беш сана бўлур. Ондан бери хийла вусъат топиб, иморатлари беш-олти табақагача юксалибдур. Денгиз канорида янги беш табақалик катта бир иморта бор экан...”

Миллий уйғониш даврининг етук намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий “Оина” журналининг 1914 йилдаги 35 сонида бу шаҳарни ана шундай таърифлаганди.

Ҳазарнинг лабидаги хол

Орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтди. Замонлар, сиёсий тузумлар ўзгарди. Бугунги Боку том маънода 21 аср тамаддунининг барча хусусиятларини ўзида мужассам этган йирик мегаполисга айланган. Эндиликда бу ерда нафақат беш-олти, балки, ўнлаб қаватли осмонўпар бинлоларни, янгидан-янги иморатларни, Шарқ ва Ғарб меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган муҳташам иншоотларни кўриш мумкин.

Маълумот ўрнида: Боку – Каспий декнгизи бўйида, Апшерон яриморолида жойлашган шаҳар, Озарбойжон республикасининг пойтахти. Айни пайтда тахминан 4 миллионга яқин киши истиомат қилади.

Озар ва ўзбек халқларининг муносиб фарзанди, севимли шоиримиз Мақсуд Шайхзода Бокуни Каспий денгизининг лабига қўнган нафис холга ўхшатган эди. Чиндан ҳам Боку Осиё қитъасидаги энг гўзал ва йирик порт шаҳарларидан саналади.

Бокунинг бошқа шаҳарлардан ажратиб туридагн жиҳатларидан яна бири бу Ҳазар шамолидир. Шаҳарнинг қай гўшасига борманг, намхуш ва саррин шаббодалар сизни майин эркалайди. Парк ва хиёбонлардаги дарахтлар мунтазам чайқалиб, узлуксиз, мунгли бир таронни жўр бўлиб куйлайди, гўё. Бу шаҳарни бежиз “Шамоллар шаҳри” деб юритишмайди. Зотан, баъзи маълумотларга кўра, Боку сўзининг луғавий маъноси ҳам “Боди Кубо” (шамоллар шаҳри ) жумласидан олинган.

Ойнадан бир пайтлар китобларда, газета ва журналларда кўрганим – таниш манзаралар тез-тез ўтиб боряпти. Мана, Ҳукумат уйи. Европа ва Шарқ меъморчилик анъаналари асосида қурилган бу бино Бокунинг энг машҳур иншоотларидан бири. Мана, Миллий академик театри. Унинг қаршисида. Шарқ шеъриятининг бубк намояндаси Муҳаммад Фузулийнинг муҳташам ҳайкали салобат тўктиб турибди. Бир пайтлар севимли шоиримиз Эркин Воҳидов ана шу юксак обидага бағишлаб ажойиб шеър битган эди:

Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,

Сернаво булбуллар, сайраманг бироз,

Карбало даштида яёв кезишдан

Чарчаб дам олмоқда Фузулий устоз...

Шаҳарнинг энг маҳзун гўшаси

...”Шаҳидлар хиёбони” Бокунинг энг сўлим, баҳаво қисмида жойлашган. Таъбир жоий бўлса, хиёбон шаҳарнинг энг файзли, энг сокин, айни пайтда энг маҳзун гўшасидир. Шахарнинг ҳар бир кўчасини сарсари кезгучи Ҳазар шаббодаси ҳам шу ерга келганда бир зум тин олади, гўё: Бу ерда Ватан озодлиги учун жон берган истиқлол фидойиларининг хоки мангу қўним топган.

Турнақатор саф тортган мармар сағаналарнинг ҳар бири остида айри бир тақдир, эрта хазон бўлган орзу-умидлар, энг муҳими асрларга татигулик мардлик ва жасорат тимсоллари ётибди.

...1990 йилнинг 20 январь куни собиқ империянинг қуролли кучлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини, миллий мустақиллигини талаб қилиб, намойишга чиққан Боку аҳолиси устига юриш қилган эди. Ўнлаб, юзлаб бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди.

Улар Ватан озодлигини кўра олмай, армон билан кўз юмган эдилар. Вақти келиб, ҳақ жойида қарор топди. 1991 йилнинг 18 октябрида Озарбойжон ўз мустақиллигини қўлга киритди. Хиёбоннинг денгизга туташ қисмида бир пайтлар собиқ тузумнинг сиёсатдонларидан бири Сергей Кировнинг серҳашам ҳайкали қад ростлаган эди. Вақт ҳамма нарсанинг ўз баҳосини берди. Энди бу ерда Ватан эрки учун жон фидо қилган шаҳидлар шарафига муҳташам ёдгорлик мажмуаси кўкка бўй чўзиб турибди. Хиёбондан зиёратчилар қадами узилмайди. Мамлакатга ташриф буюрган олий мартабали меҳмонлар ҳам Боку зиёратини айнан шу қадамжодан бошлайдилар.

“Ичери шаҳар” жозибаси

Ичери шаҳар – Бокунинг Бокунинг қадимий обилалар жойлашган тарихий қисми. Бугунги замонавий ҳаёт нафаси уфуриб турган шаҳарнинг қоқ марказида қадим мозийнинг бир парчаси жойлашган, десак хато бўлмайди. Унинг атрофи мустаҳкам тош деворлар билан иҳота қилинган. Тор кўчалар фақатгина пиёдалар учун мўлжалланган. Бу кўчалар кўзга қадрдон, таниш туюлади. Чунки, “Аршин Мол-олон”, “Бриллиант қўл”, “Одам-амфибия” сингари машҳур фильмларда кўрганмиз бу тор ва сеҳрли кўчаларни.

Ичери шаҳар нимаси биландир ўзимизнинг Хивадаги Ичан-Қалъани эслатади. Бу ерда худди Хивадаги сингари бир неча асрларни қаритган тарихий обидалар, тура-жойлар билан бирга эсдалик совғалари билан савдо қилувчи дўконлар, ресторан ва меҳмонхоналар жойлашган. Тош тўгалган кўчалардан эртаю кеч одам оёғи узилмайди. Асрий чинорлар соясида мўйсафидлар ўтган-кетганларни ёдга олиб чойхўрлик қилишади.

Ичери шаҳардаги қадимий обидалардан яна бири Бухоро карвонсаройи деб номланади. Ҳозир бу обида ичида миллий таомлар тайёрланадиган махсус ресторан жойлашган. Карвонсарой қурилиши, меъморирий кўриниши жиҳатидан ростдан ҳам Бухородаги тарихий ёдгорликларни эсга солади. Карвонсарой ҳовлисида кичкина мармар ҳовуз, унинг атрофида эса, кекса чинорлар...

Мезбонларнинг ҳикоя қилишича, Марказий Осиё ва Озарбойжон халқлари орасида азалдан нафақат маданий, дипломатик, балки, савдо сотиқ борасида муайян алоқалар ўрнатилган. Жумладан бу борада Бухоро билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган эди. Бухоролик савдогарлар Бокуга тез-тез келиб туришган. Улар асосан, шу ерда қўним топишгани учун кавронсаройга ҳам Бухоро номи берилган бўлиши мумкин.

Ичери шаҳарда ўрта асрларда қурилиш ва архитерктура янада ривожланди. Ширвоншоҳлар, Оққуюнлилар, Қорақуюнлилар, Темурийлар, Сафавийлар, Афшарлар ва бошқа кўплаб сулолалар даврида шаҳар ҳудудида бунёд этилган кўпгина масжид ва мадрасалар, ҳаммом ва кўприклар, карвонсаройлар ҳали-ҳамон ўтмишнинг шонли шоҳидлари сифатида қўр тўкиб турибди.

Бу қалъа тошли қалъа...

Қиз қалъаси... Бокунинг ташрифномаси дея ном олган бу қадимий обида ҳақида кўп ўқиганман. Қадимий Шарқ меъморчилиги услубида бунёд этилган бу азим иншоотнинг довруғи етти иқлимга таралган десак, муболаға бўлмайди. Ичери шаҳардаги энг муҳташам, бетакрор обидалардан бири денгиз қирғоғида қад ростлаган Қиз Қалъасидир.

Бу меъморий обида Озарбойжоннинг, озар халқининг миллий ифтихори, тарихий қадриятлари тимсолига айланиб кетган десак, хато бўлмайди. У ҳақда турли-туман ривоятлар, афсоналар, мақолу маталлар, қўшиқ ва лапарлар ҳам тўқилган.

Шу пайтга қадар мазкур обида милодий ўн иккинчи асрда, Ширвоншоҳлар даврида бунёд этилган деб қараларди. Аммо, кейинги йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар қалъанинг асоси ислом дини кириб келишидан аввал аввал эрамиздан аввалги 4-3 асрларда қурилганини кўрсатди.

Маълумотларга қарагнад, қалъа дастлаб, оташпарастлар учун оташгоҳ вазифасини ўтаган. Қалъанинг қуйи қисмида зардўштийлар топинадиган махсус манқалларда муқаддас оловлар мунтазам ёниб турган. Қалъа атрофида олиб борилган тадқиқлотлар давомида туну кун ўчмайдиган муқаддас олов ва манқал қолдиқлари топилган.

12 асрда, ислом маданияти гуллаб яшнаб бир пайтда машҳур меъмор Масъуд ибн Довуд тарафидан қалъа ҳарбий истеҳком сифатида қайтадан барпо этилган. Афсуски, тарихий манбаларда меъморнинг ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ жуда оз маълумотлар бизгача етиб келган. Ундан чиндан бу ҳаётда яшаб ўтгани ва бетакрор санъат соҳиби бўлганини исботловчи энг катта ва ишончли манба шу – Қиз қалъасидир.

Саккиз қаватдан иборат қалъанинг тепасига махсус, айланма зинапоя ёрдамида чиқилади. Ҳар қаватда миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати намнуларидан иборат экспозициялар ўрин олган.

Ўрта асрларда денгиз қирғиғидаги бу қалъа маёқ вазифасини ҳам ўтаган. Қалъа тепасидаги соқчилар денгиз тарафдан келаётган ёт кемаларни дарров пайқаб пастдагиларга хабар қилишган. Шу пайтгша қадар бирор бир душман бу қалъани забт этолмагани учун унга “Қиз қалъа” яъни дахлсиз, бокира, иффатли қалъа дея ном берилган.

Қиз қалъаси Озарбойжон оғзаки ва ёзма адабиётида ҳам тез-тез тилга олинади. У ҳақда халқ орасида турли афсоналар, қўшиқлар бизнинг замонамизгача етиб келган. Бу бетакрор иншоотга бағишланган шеърлар кўплаб шоирлар ижодида учрайди.

Машҳур шоир Наби Хазрийнинг “Қиз қалъаси” шеърида қуйидаги ўтли мисралар бор:

Йиллар кечди еллар каби бош устидан,

Неча дафъа ёғин ёғди, бўлди бўрон,

Отдинг қачон юзингдаги ниқобни сен,

Жамолингни еллар кўриб, бўлди ҳайрон

Асрларнинг мағрур саси, Қиз қалъаси,

Эй гўзаллик нишонаси, Қиз қалъаси!..

Кўкка бўй чўзган бинолар

Ҳайдар Алиев маркази шаҳардаги энг гўзал, муҳташам иншоотлардан бири. Озарбойжон халқинниг умуммиллий лидери, мамлакатнинг учинчи президенти Ҳайдар Алиев номи берилган ушбу маданият маркази узоқдан денгиз соҳилида ётган оппоқ чиғаноқни эслатади. 2007 йилда қурилган мазкур иншоот 2014 йилда дунёдаги энг гўзал бино сифатида тан олинган ва Design of the Year мукофотига лойиқ кўрилган.

Айтишларича, тепадан туриб қаралса, Ҳарйдар Алиев маркази биноси худди марҳим давлат раҳбарининг имзосига ўхшаб кетаркан. Мазкур муҳташам бинода давлат ва халқаро миқёсдаги йирик анжуманлар, тардирлар ўтказилади. Боку гуманитар форуми ҳам шулар жумласидан.

Бокудаги ўззамонавий иншоотлардан яна бири “Олов миноралари” бўлиб уни инглизчада “Flамме towers” деб ҳам аташади. Дарҳақиқат шаҳардаги энг баланб мажму саналган ушбу иншоот олисдан худди аланганинг кўкка бўй чўзаётган тилларига ўхшаб кўринади. Бино тўлиқ LED-экран билан қопланган бўлиб, у тунла ҳам у ўзидан давлат байроғи ранглари бўлган кўк, қизил ва яшил рангларда шуъла таратиб туради. 2012 йилда қуриб битказилган мазкур бинодан меҳмонхоналар, турли йирик хорижий компанияларнинг ваколатхоналари, савдо мажмуалари, турар-жойлар ўрин олган.

Бокуда сўнгги йилларда бунёд этилган бу каби мўъжизакор бинолар мамлакатнинг иқтисодий ва бунёдкорлик салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.

Тошларда акс этган тарих

Боку шаҳридан мамлакатнинг жанубий ҳудудларига олиб чиқувчи кенг ва равон йўл ёқалаб 50 километр чамаси йўл босиш эвазига бир неча ўн минг йил узоқликдаги мозийга саёҳат қилиш имкони туғилади. Мазкур сафаримизда ёзувчи ва профессор Воқиф Султонли ҳамроҳлик қилди.

Асрий қоялар этагида қурилган Гобустон музейида замонавий мультимедиа воситалари кўмагида мазкур ҳудуднинг географик жойлашуви, тарихи, қадимги манзилгоҳлардаги ҳаёт тарзи, қоятошлардаги петроглифлар намуналари билан танишиш мумкин. Музей хоналарини айланар экансиз, ўзингизни беихтиёр қадимги одамлар яшайдиган ғорга тушиб қолгандек тасаввур қиласиз. Беихтиёр қулоғингиз ваҳший ҳайвонглар ўкириги, ибтидоий одамларнинг ғайриоддий хитоблар, қадимги зарбли чолғуларнинг ёввойи садолари чалинади. Булар шунчаки замонавий технологияларнинг мўъжизаси, холос. Ҳақиқий ўтмиш билан юзлашиш учун эса, ҳали бироз пиёдалаб, тепага, тоғ томонга юришингиз керак.

Қатор саф тортган мўйсафид қоялар, минг йиллар синоатини бағрида яшириб ётган улкан харсанглар... Бутун борлиқни ажиб, сирли бир сокинлик ўз измига олган. Фақат сайёҳлар юриши учун махсус ясалган тош йўлаклар, зинапоялар, йўл кўрсатувчи белгилар, минг-минг йиллик тошлар қаршисида “илтимос, қўл теккизманг” қабилида битилган эслатмалар бўлмаса, ўзингизни бемалол ибтидоий жамоа тузуми даврида тушиб қолгандек ҳис этишингиз мумкин.

Катта Кавказ тоғ тизмалари ва касий денгизи орлиғида жойлашган Гобустон Давлат тарихий-бадиий қўриқхонаси Қоратоғ тумани Гобустон қасабасида жойлашган бўлиб, 537 гектар майдонни эгаллайди.

Мутахассислар ҳудуддаги Буюктош, Кичиктош, Чинғиртоғ қоялари оралиғида ғор ва харсангтошлар устида ўйиб, тирнаб ишланган олти мингга яқин турли шаклларни – петроглифларни топишган. Ушбу қояларда қадимги одамлар, ов манзаралари, турли рақслар, буғу, жайрон, тўнғиз, тулки, от, шер сингари ҳайвонлар, кемалар тасвирини кўриш мумкин.

Мазкур қояларда шунингдек милодий биринчи ва 14 асрларга оид битиклар ҳам учрайди. Лотин тилидаги тошбитик милодий 84-96 йиллар оралиғида битилган бўлиб, бу ерда Рим императори Домициан Цезарь Август замонасида 12 легион бошлиғи Луций Юлий Максим келби кетган” деган ёзув учрайди. Тарихий маълумотларга кўра, мазкур легион Римм империясининг энг олис нуқтагача етиб борган ҳарбий бўлинмаси бўлиб, Апшерон яримороли ҳудудида маҳллий аҳоли вакиллари томонидан қақшатқич зарбага учраган. Форс тилида битилган 14 асрга мансуб бир тошбитикда “Имод Шакий бу ерга келди, ибодат қилди ва кетди” деб ёзилган. Шундан, бу ҳудудда ўрта асрларда муқаддас қадамжолардан бири мавжуд бўлгани ойдинлашади.

Машҳур норвег адиби, олими ва сайёҳи Тур Хейердал ҳам Гобустонга икки марта келган ва бу ердаги тасвирларни қиёсий ўрганган. Унинг фикрича бу ердаги қоятош расмлари Норвегидан топилган петроглифлар билан деярли бир хил. Шу боис скандинавияликлар ҳам айнан кавказ ҳудудларидан бориб қолган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.

Гобустонда иккита тош устига заргарона маҳорат билан ўрнатилган учинчи тош ҳар бир сайёҳнинг эътиборини тортиши табиий. Бу тошлар маҳаллий тилда “гавалдаш” (ноғора-тош) деб аталади. Бу тошлар шундай жойлаштирилганки, уларнинг остида ўтаётган ҳаво тепадаги ясси тошга қаттиқ жисм ёки тош парчаси билан урилганда, ўта баланд, жарангдор оҳанг чиқаради. Бу қадимги одамлар учун ўзига хос чолғу асбоби, шу билан бирга муҳим ахборот воситаси вазифасини ўтаган. Чункп унинг садоси олис олисларгаяча етади. Демакки, бу харсангтош олисда, ов ёки бошқа мақсадда отланган қабиладошларнинг ўзаро алоқа воситаси вазифасини бажарган.

“Низомий олса Бардаъ бирла Ганжа...”

Барда – Озарбойжоннинг энг кўҳна шаҳарлардан бири. Бокудан 260 чаыирим масофада жойлашган бу шаҳар ҳақида тарихий маълумотлар жуда кўп. Шаҳар ўзининг бетакрор тарихий обидалари билан ҳам машҳур.

“Ҳамса”нинг “Искандарнома” достонида Искандар Зулқарнайн ва нушоба ҳикояти келтирилади. Искандар Озарбайжон ҳудудидан ўтар экан, одил ва оқила Нушоба ҳақида кўп яхши фикрни эшиттан эди. У Нушоба ҳузурига бормоқчи бўлади. Лекин тўсатдан бу ташрифдан ўзини тияди.
Искандар ҳийла ишлатиб уст-бошини алмаштириб элчи сифатида Бардаъ ҳокимаси Нушоба ҳузурига кириб боради. Лекин Искандар ўзининг хатти-ҳаракати, муомалалари билан ўзини сездириб қўяди. Нушоба уни қаттиқ уялтиради. Нушоба учун ким бўлишидан қатъий назар у меҳмон эди. Унга иззат-икром кўрсатар эди. Нушобанинг ақл-идрок билан иш юритиши Искандарни ҳайратга солади.

Маълумотларга кўра, шаҳар милодий бешинчи асрларда Кавказ Албаниясининг ҳукмдори Ваче Иккинчи тоомнидан асос солинган. Шаҳар шу пайтга қадар жуда кўп талотўпларни, босқинларни бошидан кечирган. Шаҳарнинг тарихий обидаларидан бири 1322 йилда қурилган Аҳмад Ибн ал-Айюб ал-Ҳофиз Нахчивоний мақбарасидир. Айни пайтда мазкур мақбарада таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Мақбара дарвозаси нимаси биландир Самарқанддаги Шоҳи Зинда меъморий ёдгорлигидаги обидаларидаги безакларни ёдга солади. Бинонинг пештоқида Аҳмад ибн ал-Ҳофиз нахичевонийнийнинг исми, ён томонида эса, Набаъ сурасининг илк оятлари туширилган.

Алишер Навоий ҳам бу шаҳарнинг тарихи билан яхши таниш бўлган. Унинг асарларида бу шаҳар номи ҳам тилга олинади. “Фарҳод ва Ширин” достонида Навоий ғойибона устози Низомий ҳақида сўз юритаркан, ёзади:

Низомий олса барждаъ бирла Ганжа,

Яна рум аҳлига ҳам қилса ранжа...

Агар бир қавм, гар юз,, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Оташгоҳ бағридаги ҳарорат

Боку яқинидаги энг қадимий ва мўъжизакор масканлардан бири Оташгоҳ мажмуасидир. Бу мавзу Боку марказидан тахминан 30 километр масофада, Сурахони туманида ҳудудида жойлашган. Мажмуа ҳовлиси марказида, тўртбурчак кўринишдаги меҳробда бир неча асрдан бери миуқаддас олов ёниб турибди.

Маълумотларга кўра Озарбойжон ҳудудида ўтмишда зардўштийлик дини кенг тарқалган. Мазкур ҳудудда кейинчалик ислом дини тарқалган бўлишига қарамай, зардўштийлар яшаб, ўз диний арконларини бажариб келишган. Ширвон ва Шимолий Ҳиндистон ўртасидаги савдо алоқалари ривожланиши натижасида ҳинд савдогарлари бу манзилла тез-тез тўхтаб ўтишган. Шу боис 1713 йилда ҳиндлар томонидан айнан зардўштийларни мазкур қадимий зиёратгоҳи ўрнида ибодатхона барпо этишган. Шу тариқа бу обида ҳам зардўштийлар, ҳам ҳиндулар учун муқададдас макон бўлиб келмоқда. Бино деворларидаги санскртит ва форсий тилидаги битиклар бундан далолат беради.

Бугун “Оташгоҳ дунёнинг турли гўшаларидан келган сайёҳларнинг қадами узилмайди. Оташғгоҳ ҳужраларида унинг тарихий билан танишиш учун барча замонавий имкониятлардан фойдаланилган. Ҳужраларда зурдуўштий ва ҳинду роҳибларининг тимсоллари ўрнатилган.

1820 йилда Оташгоҳга келган фрунцкз консули Жак Франсуа Гамба мазкур маскан оташпарастлар ва ҳиндуларнинг ибодат маскани экани ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Мазкур иншоот ҳам мустақиллик йилларида қайта таъмирланиб, ЮНЕСКОнин бутунжаҳон маданий мероси рзўйхатига киритилган.

Рустам Жабборов

    Бошқа янгиликлар