1

РАҚС САНЪАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ!

МАДАНИЯТ 29.09.2017, 11:29
РАҚС САНЪАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ!

Рақс санъати инсоннинг меҳнат жараёни ва борлиқдан олган ҳиссий таассуротлари билан боғлиқ ҳолда юзага келган. Бу санъат дастлаб қўшиқ ва сўз билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик мустақил санъат турига айланган. Рақс асрлар давомида такомиллашиб, барқарор шаклларга эга бўла борган. Ижрочининг либоси рақс образларига аниқлик берган.

Ҳар бир халқнинг рақс анъаналари, ижро услуби, пластик тасвирий воситалари бўлиб, улар тарихий, ижтимоий ва географик шароитлар таъсирида таркиб топиб ривожланган. Ўзбек рақслари мазмунини ифодалашда ижрочилар тепки, қарсак, зангдан ҳам фойдаланганлар. Айрим рақслар рўмол, пиёла, қадаҳ каби буюм билан ижро этилган, баъзан ижрочи халқ чолғу асбоблари (қайроқ, доира, ноғора ва ҳ.к.) да ўзига ўзи жўр бўлган.

Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида топилган қоя тош тасвирлари археологик топилмалар бу ерда рақс жуда қадимийлигидан гувоҳлик беради. Зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто» давридаёқ рақс санъати шаклланиб, халқ ва профессионал рақс – икки йўналишда ривожланишга киришгани ҳақида тархий маълумотлар бор. Шунингдек, турли тараққиёт босқичларида юртимизда рақс ва ўйинлар бир-бирига таъсир кўрсатиши натижасида «Бешқарсак», «Катта ўйин», «Лазги», «Кема ўйин», «Ашшадароз» каби қадимий ўйинлар вужудга келган.

XX асрга келиб рақс санъати Бухоро рақси, Хоразм рақси, Фарғона рақси йўналишида шаклланиб, замонавий саҳна талаблари асосида қайта ишланган саҳнавий халқ рақси сифатида ривожланди. Мазкур йўналишларнинг ҳар бири асрлар давомида бир неча тарихий босқични босиб ўтиб, ўз шакли шамойили, мазмунига эга бўлди. Бир қатор давлат ва халқ рақс жамоалари жаҳонга танилди. Бунда Ҳамдамхон, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Гавҳар Раҳимова, Розия Каримова, Қундуз Миркаримова, Карим Раҳимов, Қодир Мўминов, Маъмура Эргашева, Юлдуз Исматова, Шокир Аҳмедов, Гавҳар Матёқубова, Рушана Султонова ва Дилафрўз Жабборова, Қизлархон Дўстмуҳамедова, Малика Аҳмедова каби рақс усталарининг хизмати катта бўлган.

Мустақиллик йилларида ўзбек миллий рақс санъатиини ривожлантириш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Соҳани ривожланитиришга қаратилган меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, Миллий рақс ва хореография олий мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Бу каби амалий ишлар айни пайтда ҳам давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4956-сонли фармони 4-бандига асосан «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ва «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси негизида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ташкил этилиб, Муассаса таркибида янги бўлим – Рақс

ва хореография санъати фаолиятини ривожлантириш ва ташкил этиш бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Унинг мақсад ва вазифалари, келажакда амалга ошириладиган ишлари белгилаб олинди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 10та давлат ва хусусий рақс ансамбллари мавжуд. Бу ансамблларда 200дан ортиқ раққос ва раққосалар фаолият юритишади. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 16та рақс жамоалари мавжуд бўлиб, уларда 400га яқин санъаткорлар ижод қилмоқда. Шунингдек, А.Навоий, Муқимий, Бердақ номидаги мусиқали театрлар ҳамда Тошкент оперетта театрида 150дан ортиқ раққос ва раққосалар, балет артистлари меҳнат қилмоқдалар.

Соҳани ривожалантириш учун кенг имкониятлар яратилаётган бўлсада, бугунги рақс санъатини қониқарли деб бўлмайди. Буни кейинги пайтларда ОАВда миллий рақс санъатига доир чоп этилаётган танқидий мақолалар ва телекўрсатувлардаги мулоҳазаларда, бугунги кунда рақс санъатининг нуфузи тушиб бораётганлиги, соҳада ечимини кутаётган бир қатор камчилик ва муаммолар кўзга ташланаётганлиги, шунингдек, ҳудудларга хос рақс

услублари ўзаро қоришиб, рақс санъатининг миллий хусусиятлари йўқолиб бораётганлиги кескин танқид қилинаётганлигидан билиш қийин эмас.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирилиги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан “Миллий рақс санъатининг ривожланиш тарихи, долзарб муаммолари ва замонавий концепциялалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад ҳам Президентимизнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-30-22-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда ўзбек миллий рақс ва хореография санъатининг таниқли намоёндалари иштирокида рақс санъатини янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, энг илғор тажрибаларни оммалаштириш, илмий янгилик ва хулосаларни соҳага изчил жорий этиб боришдан иборат.

Илмий-амалий конференцияда “Миллий рақс санъатининг ривожланиш тарихи, долзарб муаммолари ва замонавий концепциялари” бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, профессор Б.Сайфуллаев, “Мусиқа ва рақс санъатининг қадимий илдизлари” мавзусида Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти директори, тарих фанлари доктори А.Бердимуратов, “Рақс жамоалари ва улар фаолиятига доир мулоҳазалар” “Ўзбекистон” ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Қ.Мўминов, “Шашмақом ва миллий рақс санъати” бўйича Санъатшунослик фанлари доктори,Ўзбекистон Давлат Консерваторияси профессори О.Иброҳимов “Оммавий маданият ва рақс санъати” мавзусида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Г.Умарова, “Рақс санъатини илмий ўрганиш жараёнлари” Олий рақс мактабининг доценти, Санъатшунослик фанлари номзоди Т.Йўлдошев “Миллий рақс санъатини ривожлантиришнинг замонавий концепциялари” “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бўлим бошлиғи, санъатшунос А.Раҳимовларнинг маърузалари тингланди ва мавзулар атрофлича муҳокама этилди.

КОНФЕРЕНЦИЯДА БИР ҚАТОР МАСАЛАЛАР ҲАМ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
  • Ҳар бир рақс ансамблларига алоҳида биттадан тажрибали соҳа мутахассисларини бириктириб, куратор сифатида тайинланди ва уларнинг рухсати, кўригидан ўтказилгандан сўнг лицензия олиниши белгилаб қўйилди. Мазкур масала юзасидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиши топширилди.
  • Урф-одатларимизни сақлаган холда, йигитлар ансамблини ташкил этиш юзасидан ТошДавМРХОМ ректорига топшириқлар берилди.
  • “Лазги” Хоразм рақслари ҳақидаги 300 бетли китоби конференция иштирокчиларига хавола этилди, дарслик сифатида унинг электрон шаклини кўпайтириш ва талабалар учун қўлланма шаклида фойдаланиш топшириғи берилди. Узтоз-шогирд анъаналарини тиклаш масаласи, давом эттириш ва кучайтириш катъий белгилаб берилди.
  • Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочилигидаги кўрик-танловни нуфузини ошириш масаласи юзасидан атрофлича савол жавоблар бўлди ва кўрик-танловнинг Низомига ўзгартиришлар киритилиши зарурлигини бир овоздан маъқулланди.
  • Балетмейстерлар ишларини янада такомиллаштириш мақсадида уларнинг Кенгашини ташкил этиш таклифи берилди.
  • “Рақс сеҳри” фестивалини “Шарқ тароналари” фестивали дирекциясига бириктириш ва келгуси йилларда бу халқаро фестивални нуфузини ошириш ҳамда 2018 йилда Шахрисабз шаҳрида ўтказиладиган “Шошмақом” халқаро фестивали ҳам шулар қаторида алоҳида эътиборга сазоворлиги, фестивалларни ўтказиш бўйича муаммоларни бартараф этиш мақсадида топшириқлар берилди.
  • Раққос ва раққосаларни хорижда малакасини ошириш, хориж давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйилаётганлигини тарғибот қилиш ҳамда тегишли олий ўқув юрт ректорларини бу масалада олиб борилаётган ислохатларини кучайтириш ва масъулиятни ошириш каби топшириқлар берилди.

Мазкур йиғилиш ҳақидаги соҳа мутахассисларининг батафсил фикрлари, эътироз, таклифларини "Даракчи" газетасининг 5 октябрда сотувга чиқадиган сонида ўқишингиз мумкин.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1