1

ТУШДА АЁН БЎЛГАН "ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР" (боши)

МУТОЛАА 29.09.2017, 14:11
ТУШДА АЁН БЎЛГАН "ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР" (боши)

ган асрнинг саксонинчи йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетига ўқишга кирган йилимиз биринчи ўқиган романим – Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи бўлган эди.

Романни иштиёқ билан мутолаа қилар эканман, ундаги воқеалар худди бизнинг ҳаётимиз ҳақида ҳикоя қилинаётганга ўхшарди. Ўша даврда ёшлар ташкилоти – “комсомол”га кўнгилли эмас, кўнгилсиз аъзо эдик. Бу ташкилот фожеалари романда Зокир образи мисолида шу қадар маҳорат билан фош этилган эдики, уни ўқиганим сари кўз ўнгимда факультетимиз “комсорги”ни қайта-қайта кашф этгандек бўлардим. Ўзимни эса камбағалроқ талаба – Очил образида кўрардим...

Ўша йиллари бадиий ижодга қизиққан уч-тўрт тенгқурлар ҳозирги Амир Темур хиёбонига туташ бинога жойлашган Ёзувчилар уюшмаси бориб, баъзи йиғилишларда (орқароқда) ўтирардик. Ўша даврдаги адабиётимиз дарғалари – Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Али, Озод Шарафиддинов, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Ўткир Ҳошимов, Оқилжон Ҳусанов, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзамов, Анвар Обиджон, Хуршид Даврон каби улуғ адиб ва шоирларни кўриш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш биз учун унутилмас воқеа ҳисобланарди.

Ўқишни тамомлаб, Қибрай туман газетасида ишлаб юрган кезларим севимли адибимиз Пиримқул Қодировнинг “Дўрмон” ёзувчилар боғида ижод қилаётганини эшитиб қолдим. Чиройли муқовада чоп этилган “Уч илдиз” китобини қўлтиқлаб, адиб ҳузурига борганим, дастхат ёздириб олганимни ҳамон ҳаяжон билан эслайман.

Собиқ мустабид тузум даврининг сўнгги йиллари Пиримқул Қодировга республиканинг ўша даврдаги биринчи раҳбари И.Усмонхўжаев томонидан даҳшатли туҳмат тошлари отилганини ҳамон юраклар жунжикиб эслаймиз. Адибнинг “айби” – “золим Бобурни идеаллаштириб “Юлдузли тунлар” деган роман ёзгани” эди...

Ўша кезларда, аниқроғи, 1987 йили Қибрай туман таҳририятида устоз Пиримқул Қодиров билан ижодий учрашув ўтказган эдик. Бундан устознинг кўнгли қанчалик кўтарилганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Кейинчалик устоз билан “Уч илдиз” романи ҳақида қилган суҳбатимиз бугунги адабиёт ихлосмандларини ҳам қизиқтирса ажабмас. Шу мақсадда ўша суҳбатдан бир парчасини ҳавола этдик...

***

– Пиримқул ака, ҳар бир ижодкорнинг ёшлиги, ижод бўстонига кириб келиши мухлисларини албатта қизиқтиради. Ёшлигингизда қалбга муҳрланган лаҳзалар ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Ёшлик йилларимиз иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Урушдан олдинги қатағонларда ота-оналаримизга қўшилиб биз ҳам даҳшатли сургунлар, кўч-кўчлар азобини тортганмиз. Уруш давомида 4 йил муттасил бошимизга бало-қазо ёғилди. Қанчадан-қанча яқинларимиздан ажралдик. Биз, 14-16 ёшли ўсмир болалар фронтга кетган катталар ўрнига қолиб, қийналган дамларимиз ёдимиздан чиқмайди. Ўшанда ўзим туғилган Кенгкўл қишлоғида қўш ҳайдаганман, ўроқ ўрганман, хирмон янчганман, йилқичилик қилганман, тоғларда қўй боққанман. Машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирган буғдой ҳосилларимизни тайёрлов бўлимларига олиб бориб, фронт учун топшириб юборардик, ўзимиз эса қишда ярим оч қолардик. Шу боис қишлоқда яшаш жуда қийин бўлиб кетгач, 1944 йилда Бекободга келиб, металлургия заводи қурилишининг радиоузелида мухбирлик қилганман. Уруш туфайли мактаблар беркилиб, кўп бинолари госпиталларга айлантирилган эди. Ўқитувларимиз урушга кетган. Натижада ўрта маълумот олиш муаммога айланган, бусиз олий ўқув юртига кириб бўлмасди. Шуларни ҳисобга олиб, тайёрлов бўлимлари очилганди. 10-синфни битиролмаган ёшларнинг 7-8 синф маълумоти бўлса, экстерн тарзида бир йил давомида 2-3 йиллик билимни олиб, имтиҳон топшириб, университетга киришар эди.

Уруш тугаганидан кейин ўқишга бўлган иштиёқ Тошкентга етаклади. ЎзМУ ўша даврда Ўрта Осиё давлат университети деб аталар, унинг биноси ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнида (айни пайтда Юридик институти) жойлашган эди. Мен ҳам тайёрлов бўлимини битирган пайтларимда шеърлар ёзиб, адабий машқлар қилиб юрардим. Филология факультетига ўқишга кириш иштиёқида эдим. Лекин бу факультетни битираётган дўстларимиздан бири – раҳматли Ғани Жаҳонгиров шундай деди: “ Бултур Шарқшунослик факультети очилди. Агар мен олдинроқ ўқишга кирмаган бўлганимда, шу факультетни танлаган бўлардим.

Кейин маълум бўлишича бу факультет раҳматли Усмон Юсуповнинг ҳаракатлари билан узоқни кўзлаб очилган экан. Ўша пайтларда республикада фан ва маданият соҳасига мутасаддилик қилган академик Ҳабиб Абдуллаев ҳам шарқшунослик факультетини очиш йўлида кўп саъй-ҳаракатлар қилган экан. Асл мақсади, фондларда сақланаётган минглаб қўлёзмаларимизни ўқий оладиган одамларни, шарқ мамлакатларида ишлайдиган кадрларни тайёрлаш бўлганини кейинроқ англаб етдик.

1945-1946 йилларда университетда ҳам ҳаёт жуда оғир эди. Карточка билан 500 грамм нон олардик. Ойлар давомида гўшт емасдик. Баъзи-баъзида талабалар ошхонасида сувда пиширилган ва озгина ёғда қовурилган макарон бериб қолишарди. Шу ҳам биз учун қувончли бир воқеа ҳисобланарди. Мана шу оғир ҳаёт натижасида қилтириқдек озиб кетгандик. Ётоқхоналаримиз, ўқийдиган аудиторияларимиз қишда иситилмас эди. У пайтлар талабалар кам бўлгани учун бир катта конференц-зални бизга ётоқхона қилиб беришганди. 50 га яқин талаба битта хонада турардик. Икки томонида кириб-чиқадиган эшиги бор бу бинода кечаси деразаларга яқинроқ ётган йигитлар ёпинган кўрпаларнинг четлари қиров боғлаб, оқариб қоларди. Шундай шароитда ўқиш учун келганларнинг бир қисми кўп ўтмай кетиб қоларди.

У пайтлари талабалар жуда кам бўлиб, қабул режалари тўлмай қоларди. Факультетлар ўқишга кирмоқчи бўлган болаларни излаб юрар эдилар. Мана шу шароитда университетга кирган ёшлар жуда катта қийинчиликлар билан ўқишган. Келажакка бўлган ишончимиз бизга катта маънавий мадад, руҳий тетиклик бахш этарди. Наздимда, бугунги дориломон кунлар ўша биз умид қилган келажакнинг ўзгинасидир.

Хуллас, Шарқшунослик факультетига кирдим. Бир-икки йилда бўлимлар ажралганда, тарих бўлимида ўқишни давом эттирдим. Кўп кўргуликларни кўрдик. Бизнинг авлод бошидан кечирганларини бошқа ҳеч қайси авлоднинг бошига солмасин, дейман.

– Устоз адиблар билан ўша кезларда танишгансиз-а?

– Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ устоз адиблар Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор, оташнафас шоира Зулфиянинг ижоди мени ром этган. Улар билан танишиш қанчалик қувончли воқеа эди ўша дамларда. Унутилмас воқеа 1949 йилда юз берган. “Овозимиз” деган тўпламда унча катта бўлмаган очерким босилиб чиқди. Шу орада талабалардан бири “Сизни шоира Зулфия опа нашриётга таклиф қилдилар, тез боринг!” деб қолди. У пайтлари университет биноси нашриётга яқин эди. Маърузалар тугашини кутишга сабрим чидамай катта танаффус пайтида нашриётга бордим.

Зулфия опа мени муҳаррирлар хонасида қабул қилдилар. Столлари устида пушти муқовали ўша тўплам турган экан. Зулфия опа менинг бу тўпламга кирган “Тўқувчилар номзоди” деган очерким ҳақида сўз очдилар:

“Тўқувчи аёлни эсда қоладиган қилиб кўрсатибсиз,– дедилар салмоқ билан.– Бу сиз учун бир машқ. Шундай дадил машқ қилаверсангиз сиздан ёзувчи чиқиши мумкин. Ҳозир адабиётимиз ёш талалантларга жуда чанқоқ. Мен бу лавҳаларда умид учқунларини кўргандай бўлдим. Тилагим шуки, келажакда бу учқунлар адабий оловга айлансин, одамларга керакли нур билан ҳарорат берсин!” Зулфия опанинг бу сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб тургандек бўлади.

– “Студентлар” деб номланган ҳикоялар тўпламингиз ҳам ўша кезларда чоп этилган...

– Бу ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан биридир. 1950 йилда таҳсил олиб юрган кезларимда чоп этилган бу тўпламда шу университет талабалари ҳаётини, уларнинг ички оламини бадиий бўёқларда акс эттиришга ҳаракат қилганман.

Очиғи, талабалик йиллари университет мен учун катта адабиёт эшигини очиб берган. Ўша дамлардан илҳомланиб ёзган “Уч илдиз” романида азиз устозларим ва тенгдошларим ҳаётини, уларнинг орзу-умидлари ва руҳий оламини тасвирлашга интилганман. Асар ҳақида адабиётшунослар, кўпсонли китобхонларимиз билдиришган илиқ фикрлар ҳам аслида мана шу ўқув даргоҳимизга эҳтиром рамзи дегим келади!

– Талабалар дунёқараши шаклланишида, уларнинг етук инсонлар бўлиб камол топишида устозларнинг ўрни қанчалик беқиёс бўлишини романда таъсирли тасвирлагансиз. Ўша устозлар ва тенгдошларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Домлаларимиз орасида Абдураҳмон Ҳамроев деган устознинг ўрни алоҳида эди. Бу киши Навоий ролини ўйнаган машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг акалари эдилар. Жуда бир ширали ва таъсирли овоз билан маъруза ўқир эдилар. Тарихга бизни қизиқтирган олимларимиздан бири ана шу киши бўлган. Лекин шўро даврининг иғвогарлари бу кишига ҳам кун бермай, анча қийнаганлари ёдимизда бор. Буларнинг ҳаммасини кейинчалик мен ўша романда баҳоли қудрат кўрсатишга ҳаракат қилганман. Асар қаҳрамонларидан бири профессор Абдураҳмон Тошев иғвогарлар томонидан факультетдан қувилган. У киши раҳматлик Ойбек акани ҳам ёдга солади. Бу улуғ адибнинг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқелар юз бергани сир эмас. Ойбек аканинг насаблари Тошмуҳаммад эди-ку!

Раҳматли Абдулла Қаҳҳор домламизга "Қўшчинор" романини ёзгани учун жуда адолатсиз ҳужумлар бўлганди. Оқибатда у киши юрак хасталигига учраб, қийналиб ётганларида бориб кўрганман. Бу ҳодисани романда Темир Акбаров деган тарихчи домла тимсолида кўрсатганман.

Машҳур арабшунос олимимиз Убайдулла Каримов ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилдилар. Беруний асарларини ҳам ана шу олим таржимасида ўқимоқдамиз. Бу нодир сиймо ана шундай ажойиб ишлар қилиб кетди.

Биздан олдинги етакчи курс талабалари ҳамиша ибрат бўлдилар. Улар орасида Азиз Қаюмов бор эдилар. Бу нурли сиймо илм соҳасида академик бўлдилар. У киши билан бирга ўқиган Абдуқодир Ҳайитметов навоийшунос, профессор бўлиб етишдилар. Бизнинг тарих бўлимида ўқиган Бўривой Аҳмедов ва Абдулаҳад Муҳаммаджонов ҳам академик бўлдилар. Яна бир ҳамкурсимиз Турғун Файзиев "Темурийлар шажараси" деган китоб ёздилар.

– Талабалар ҳаётига бағишланган ўша романингиз қаҳрамонлари бугунги ёш китобхонларни ҳам қизиқтиради, албатта. Маҳкам, Гавҳар, Очил, Замира каби ёшликнинг жўшқин лаҳзаларини турли даражада бошларидан кечирган қаҳрамонларингизнинг прототиплари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Бу асарнинг асосий қаҳрамонлари – бизнинг авлодга мансуб ёшлар, аниқроғи, шу университетимиз талабалари эди! Адолатпарвар, инсонпарвар руҳда ҳаётга кириб келаётган ёш зиёлиларни қўлимдан келганча ўзимизнинг авлод орқали кўрсатишга ҳаракат қилганман. "Уч илдиз" номининг замирида учта маънавий илдиз ётибди: пухта билим олиш; инсонийлик – одамийлик касб этиш; шахсий ҳаётда камолотга эришиш, муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ўйлайманки, жонажон университетимизнинг бугунги талабалари ҳам ҳаётга ана шундай катта-катта маънавий илдизлар отишга интилмоқдалар.

Энди қаҳрамонларга келсак, бу бизнинг оилавий сиримизга айланганди. Асардаги Маҳкам ва Очил образлари орқали ўзимнинг ҳаётга қарашларим, орзу-умидлар, интилишларим ўз ифодасини топган бўлса, Гавҳар ва Замира образларида менга бахт ато этган умр йўлдошим Софияхоннинг сиймоси акс этган. Романда ёш шоир Очил Самадов ўз домласи Темур Акбаровга ўқиб берган саккиз сатр шеърни мен 1950 йилни кутган кечамизда курсдошларим даврасида ўқиб берган эдим.

– Ўша шеър ёдингиздами?

– Ҳа, ҳозир кулиб эслайдиган ўша сатрлар қуйидагича:

Янги йил, биз сендан сал уятлимиз,

Ҳозир даврамизда қизларимиз йўқ.

Япроқсиз гул бўлмас, севгисиз йигит,

Севгимиз бор, аммо севгилимиз йўқ.

* * *

Жўшқин қалбимизга жуфт келадиган,

Бугун умримизга шерик ва сафдош,

Ҳусндор, меҳрибон, ақлли бир қиз –

Янги йил, буни ҳам сендан кутамиз!

Бу тилакка фаришта омин деган экан, “Студентлар” деган биринчи китобчам ўша 1950 йилнинг кузида нашр этилди. У даврда бундай китобча чоп этилиши ҳам катта воқеа ҳисобланарди. Кейинчалик “Уч илдиз” романи ҳам кўплаб адабиёт ихлосмандларининг эътиборини қозонгани яна янги-янги мавзуларга илҳомлантиради.

– Устоз, юртимиз мустақилликка эришгач, ҳаётимиз тубдан ўзгариб кетди. “Комсомол” деган гаплар унутилганига ҳеч ким ачинмайди... Роман қаҳрамонлари, асар воқеалари эса ўша ташкилот билан боғлиқ. Энди истиқлол даврида уни яна чоп этишда айрим тушунмовчиликлар юз бериши мумкин...

– Романга яна бир боб қўшиш ҳақида ўйлаб юрибан. Асар қаҳрамонлари Маҳкам, Гавҳар, Очил, Замиралар улғайиб, юртимиз истиқлолга эришиши йўлида курашганлар сафида бўлиши, бугунги кунда етук олим, адиб бўлиб камолга етишгани ҳақида ёзиш ниятидаман...

Умрининг сўнгги йиларини “Амир Темур сиймоси”, “Тил ва эл” каби салмоқли илмий бадиалар яратишга бахшида этган улуғ адиб минг афсуски “Уч илдиз”нинг ўзи ният қилган сўнгги бобини яратишга улгурмади...


БОБУРНИНГ БОҚИЙ БОҒЛАРИ

Боғ яратиш анъанаси буюк аждодларимиздан мерос. Амир Темур бобомизнинг Самарқанддаги серфайз боғлари довруғи етти иқлимга машҳур бўлган. Бу эзгу анъана илғор фикрли темурийзодалар, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан ҳам давом эттирилган. Фалак гардиши ила ул мўътабар зотнинг “Боғи Шаҳроро”, “Боғи Жаҳоноро”, “Ўртабоғ”, “Боғи вафо”, “Боғи Бобур” каби боғлари ўзга юртларда қолиб кетди... Бугун ўша боғлар ўрнида бирор туп дарахт қолдими-йўқми, билмайман. Бироқ, буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби бўлган бобомиздан қолган беқиёс маънавий боғлардан нафақат биз, балки, бутун жаҳон аҳли асрлар оша баҳрамандирлар. Маънавият осмонида қуёш янглиғ порлаган бу хазинанинг эса умри боқийдир. Шу мавзуда анча йиллар муқаддам раҳматли адибимиз Пиримқул Қодиров шундай деган эди:

– Боғ яратганнинг номи боқий бўлар экан. Юртимиз истиқлоли берган яна бир беназир неъмат – шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган энг гўзал боғлардан бирига Бобур номи берилгани бўлди. Кўз ўнгимизда Бобур боғи янгидан барпо этилгандек қувонган эдик. Бу истироҳат боғига қачон бормай буюк аждодимиз руҳи кезиб юрганини ҳис этаман...

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан 1993 йилда Юртбошимиз фармонига биноан мазкур истироҳат боғига ва унга туташ кўчага Бобур номи берилгани чиндан ҳам юртимизда улкан воқеа бўлган. Буюк бобомиз номи Андижондан тортиб Қорақалпоғистонгача барча вилоятларда, шаҳарларда абадийлаштирилгани бетакрор аждодимиз руҳини шод этган! Мирзо Бобур тенгсиз ижоди ила ҳар бир инсон қалбида эзгулик дарахтини ундириб кетган. Бу дарахтлар куртаги янги-янги авлодлар қалбида ҳам мудом барқ ураётир. Илло, Бобур бободек буюк аждодимиз билан фахрланмаган, қалбида ғурур ҳиссини туймаган юртдошимизни тасаввур қилолмайман. Қайсики қалбда Бобур боғлари барқ уриб турган экан, демак у юксак маънавиятга эришибди, ҳаётнинг маъносини, мазмун-моҳиятини англаб етибди, дегим келади.

Буюк аждодимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида биз тенггилар ўтган асрнинг 79-йилигача фақат адабиёт дарсларида қисқача маълумотга эга бўлгандик. Ўша йили республикамиз маънавий ҳаётида порлаган яшиндек воқеа – Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи бўлди. Адабиёт ихлосмандларини ўшанда кузатгандим; гавжум шаҳарлардан сокин қишлоқларгача уйда, кўча-кўйда, ишхоналарда ҳамма-ҳамманинг қўлида бежирим муқовали “Юлдузли тунлар” китоби эди!

Романни иштиёқ билан мутолаа қилар эканман, ҳар кеча тушимда Бобур бобомизни кўрардим. Зарбоф тўнига монанд чиройли салласи ва пешонасига қадалган кўҳи-нури билан от устида келаётган бобомиз сиймосини кўриб ҳайратга тушардим...

Улкан истеъдод соҳиби бўлган адиб Пиримқул Қодировнинг ўз ибораси билан айтганда “тарихни телескоп билан кузатиб”, Бобур замонасини кўзи билан кўргандек тасвирлаганди. Романни мутолаа қилган ўқувчи кўз олдида буюк аждодимиз Мирзо Бобур ва замондошлари сиймоси яққол намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов таъбири билан айтганда, ёзувчи мазкур романи орқали Бобурни бутун бўйи-басти билан қайта гавдалантириб берган.

Раҳматли устоз адибимиз билан бу мавзуда кўп суҳбат қурганмиз. Ҳар гал у кишининг ҳузурига борганда уй бекаси София опамиз илиққина кутиб оларди. Бошидаги дўпписи ярашган Пиримқул ака вазмин қадамлар ила ижодхонасидан чиқиб келарди. Салом-алик асносида қанча тарихий роман-у қиссалар, сермазмун бадиа ва мақолалар битилган файзли хонага кўз югуртирардим. Устоз ҳар куни ўтирадиган хона тўрида Бобур Мирзонинг мўъжазгина гиламга нақшланган сурати гўё нур таратиб турарди. Жавонда терилган китобларнинг бир қисми хонадон соҳибининг ижод маҳсуллари. Бу китобларнинг бир қисми дунёнинг турли давлатларида турфа тилларда нашр этилган. Демак, айни дамда минглаб хорижликлар ҳам ўша китобларни ўз тилларида мутолаа қилишаётганини тасаввур этишнинг ўзи мароқли!

Устоз суҳбати – ибрат мактаби эди биз учун. Бир гал мавзу “Юлдузли тунлар”га уланди.

– Пиримқул ака, романга бундай чиройли ном қўйилишига ҳам нимадир “туртки” бўлганми?

– Бир куни тушимда Мирзо Бобур негадир мени туриб қўйганмиш,– деди устоз кулимсираб.– Уйғониб қарасам, тип-тиниқ осмонда юлдузлар чарақлаб турибди. Шу куни Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини ўйлаб ётгандим. Ўша бетакрор романнинг номига ҳамоҳанг равишда буни “Юлдузли тунлар” деб аташ фикри пайдо бўлди...

– Роман моҳиятан мозий даричаларидан бирини очган, десак муболаға бўлмас. Унда ўтмишимиздаги энг ёрқин сиймолардан бири – Бобур Мирзони ёрқин бадиий бўёқлар воситасида кўрамиз. Бу роман китобхонлар маънавий оламини қанчалик бойитгани ҳақида кўп фикрлар айтилди. Шу тобда Бобур бобомиз ҳақида нималарни ўйлаётганингиз ҳам мухлисларингиз учун жуда қизиқарли...

– Собиқ мустабид тузум даврида сохталаштирилган ва ноҳақ қораланган буюк аждодларимиз тўғрисида тарихий манбаларда битилган ҳақиқатларни баҳоли қудрат тиклашга интилдим. “Юлдузли тунлар” романи ёзилгани учун ўша даврда бошимиз не балоларга қолганини китобхонларимиз яхши билади. Ҳаттоки, Бобурнинг 500 йиллиги республикамизда умуман нишонланмагани ғоят афсусланарли эди. Шундай мудҳиш даврда ҳақиқатни гапириш тузумга қарши ҳаракат деб қараларди... Юртимизда ҳали мустабид тузум ҳукм сураётганига қарамай Президентимиз Ислом Каримов тарихий ҳақиқатларни тиклашга киришгани жуда улуғвор ишларнинг бошланиши эди. 1989 йилда “Бобурнома” китоби 200000 нусхада чоп этилган бўлса, 1990 йил октябрь ойида бу шоҳ асар яратилганлигининг 460 йиллиги нишонланиши бизга руҳий қувват бахш этди. “Аввало, улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома” ёзилганлигининг 460 йиллигини кенг нишонлаётганимиздан хурсандмиз,– деган эдилар Юртбошимиз.– Бу байрам айни пайтда Шарқ халқлари тарихи ва адабиётига беқиёс ҳурмат ва муҳаббатни ифода этади”. Ўша куни кечқурун Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет катта театрида “Бобурнома”нинг 460 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали кеча тарихий ҳақиқатнинг том маънода тикланаётгани ифодаси эди.

– Бобур ҳақида бор ҳақиқатни гапириш шунчалик оғир бўлган экан, ўз замонасида шоҳ ва шоирликнинг оғир “юк”ларни буюк бобомиз қандоқ кўтарганига ҳайрон-у лол қоласан киши...

– Ўн икки ёшида Фарғона водийсида давлат бошлиғи бўлиш Мирзо Бобурга бобокалони – Амир Темурдан мерос эди. Тенгсиз даҳо даражасидаги истеъдод ва довюраклик ҳам унга Амир Темурдан ўтган ирсий мерос бўлди. Бобур ўз номига муносиб шердиллик билан Самарқанд учун курашиб, бобомерос шаҳарни уч марта қўлга киритган. Аммо ўша даврнинг ёвузфеъл беклари унга кўп хиёнатлар қилган. Тақдир тақозоси билан Бобур туғилган юртидан жудо бўлгани, кўнглига туккан орзуси – пароканда вилоятларнинг бошини қовуштириб улуғ давлат барпо этиш мақсадини Ҳиндистонда амалга оширганини романда баҳоли қудрат акс эттиришга ҳаракат қилганмиз...

– Китобхонлар билан бир учрашувда буюк аждодимизнинг тенгсиз мероси – “Бобурнома” ҳамда бетакрор ғазаллари, рубоийларини ўрганиб бориш келгуси авлодларни ҳам маънавий камол топишига хизмат қилишини таъкидлаган эдингиз...

– Бобур ўз қалб ҳарорати ва маънавиятини гўзал шеърий асарларга, “Бобурнома”дай ўлмас қомусга жойлаб, авлодларга мерос қилиб қолдирган,– деди устоз адиб ён дафтарини варақлаб.– “Бобурнома”ни бутун дунё XVI аср учун мисли кўрилмаган адабий, илмий ва инсоний кашфиёт сифатида эъзозлайди. Бобурдан олдин бадиий адабиётда ҳеч бир шоҳ ва шоир ўз кўрган-кечирганларини, ютуқ ва камчиликларини бу қадар ҳаққоний ҳамда дадиллик билан очиб бермаган. Ҳинд олимлари “Бобурнома”ни улуғ француз адиби Жан-Жак Руссонинг “Иқрори”га қиёс қиладилар. Эришган ютуқларини баён қилиш билан бирга қилган хатоларига ҳам иқрор бўлишдек маънавий жасоратни Бобур бобомиз Руссодан икки аср илгари кўрсатганини қиёсий таҳлил этсак, буюк аждодимизнинг ўз даврига нисбатан қанчалик олдинга кетганидан ҳайратга тушамиз. “Бобурнома”даги табиат тасвирлари, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихига оид нодир кузатишлар, тилга, динга, ҳуқуқшуносликка, санъат ва адабиётга оид тадқиқотлар Бобур Мирзонинг қомусий билимлар эгаси бўлганини кўрсатади. Демоқчиманки, бугунги ва келгуси авлодлар ҳам бу буюк маънавий меросни теран ўрганиб боришлари уларни албатта маънан юксакликка олиб чиқаверди.

Устознинг бундай ҳикматли суҳбатлари яхшигина адабиёт дарси эди. Бу хонадонга қачон келмай, суҳбатлар мавзуси “Темур тузуклари”, темурийлар сулоласидаги энг ёрқин сиймолардан бири Бобур Мирзо ва “Бобурнома”га уланиб кетарди. Устознинг умр йўлдоши София она ҳам “Юлдузли тунлар” (“Бобур”) романи яратилиши билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўзлаб берарди. Бу дилтортар суҳбатлар ҳамон қулоқларим остида жаранглайди. Уларнинг бир қисми газеталарда ёритилган бўлса, анчагинасини фақат қоғозга қоралаб қўйганмиз. Не тонгки, бугун шу азиз инсонлар – адиб ва умр йўлдоши ҳам тарихга айланди... Пиримқул ака ва София онанинг чироғини ёқиб ўтирган қизлари Яхшигул опа шундай деди:

– Отам раҳматли ўз ижоди билан Бобур Мирзо сиймосини яратган экан, ул зотни ҳамиша барҳаёт деб атардилар...

Аслида эса, ўша ўлмас асарлари билан атоқли адиб Пиримқул Қодиров ҳам мангу барҳаётдир.

Тошкентга ўзгача файзу тароват бахш этиб турган Бобур боғида устоз билан сайр этган дамларни хотирлар эканман, не ажабки, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёнида улуғ адиб Пиримқул Қодиров руҳлари ҳам бирга шодон кезиб юрганини ҳис этдим!..

СОҲИБҚИРОН СИЙМОСИ

Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймоси асрлар оша авлодларда катта қизиқиш уйғотиб келган. Бу улуғ сиймо ҳақида нафақат ўзимизда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралиб, турли даврларда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юзлаб асарлар яратилгандир. Юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг тарихий қадриятларимиз қаторида улуғ аждодимизнинг муборак номлари чинакам қадр топмоқда. Шаҳрисабзда, Самарқандда, Тошкентда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Сўнгги йилларда Соҳибқирон сиймоси акс этган салмоқли китоблар орасида атоқли олим Бўрибой Аҳмедовнинг "Амир Темур", севимли шоир ва адиблар Абдулла Ориповнинг "Соҳибқирон", Муҳаммад Алининг "Улуғ салтанат", Пиримқул Қодировнинг "Амир Темур сиймоси" асарлари тенгсиз маънавий мулкимизга айланди.

Бу асарлар орасида севимли адибимиз Пиримқул Қодировнинг 2007 йилда "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган "Амир Темур сиймоси" илмий бадиаси алоҳида ўрин тутади. Юксак бадиий лавҳаларда акс этган ғаройиб воқеа-ҳодисалар илмий асосланган ҳолда талқин этилгани боис "илмий бадиа" деб номланган бу китоб асли адабиёт ишқибозлари учун ажойиб романдир. Ўқувчи уни зўр иштиёқ ва ҳаяжон билан мутолаа қиларкан, кўз ўнгида аввало буюк Амир Темурнинг улуғвор сиймоси гавдаланади. Соҳибқироннинг замондошлари, ўғиллари ва бошқа тарихий шахслар жонли образларга айланади. Не-не тақдирлар, турфа характерлар, ҳаётда учрайдиган зиддиятлар ва уларнинг ечимлари китобхонни ҳаяжонга солади.

Соҳибқироннинг 660 йиллиги нафақат унинг туғилиб ўсган диёри – Ўзбекистонда, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи бўлмиш ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида юксак эҳтиром билан нишонлангани чинакам тарихий воқеадир. Бу ҳақда тўлқинланиб сўз юритган адиб: "Амир Темурга нисбатан тарихий адолатни тиклашда бош ташаббускор ва ташкилотчи бўлган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Соҳибқироннинг фаолиятидаги устувор йўналиш фақат жаҳонгирлик ва фотиҳлик эмас, балки она ватанни мустамлака зулмидан қутқариш, истиқлол ва адолатни қарор топтириш бўлгани ҳақида" билдирган муҳим фикрларига алоҳида эътибор қаратади. Бу қуйма фикрлар адибга қанчалик улкан маънавий куч бахш этганини бутун асарни мутолаа қилиш жараёнида англаб етасиз.

Адиб ва олим илмий бадиасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид фактларга теран илмий нуқтаи назардан ёндашади. Тарих осмонида мангу нур таратиб турган улуғ сиймо ҳақида турли даврларда тарихчилар ва тадқиқотчилар томонидан жуда кўп холис фикрлар ёзилганини эҳтиром билан тилга олади. Айтайлик, Амир Темурнинг ўз ота-онасига меҳру оқибати машҳур Оқсарой тимсолида кўринишини, испан элчиси Клавихонинг китобида ёзилишича "Амир Темур Кешда қурдирган муҳташам Оқсаройни отасининг хотирасига атаб бунёд этганини" ёзгани эътиборга моликдир. Яна бир тарихий манбада эса "бу гўзал ва бетакрор бино Амир Темурнинг онаси шарафига 1404 йилда қуриб битирилган"и баён қилинган. Бу манбалардан иқтибослар келтириш асносида муаллиф ўз ўқувчиларининг ҳам тафаккурларини янада бойитишга хизмат қилгани айни муддаодир.

Темурбек ёшлигида қанчалик зеҳни ўткир, заковати тенгсиз бола бўлгани, у камолга етганда ҳам буюк ақл-идрок соҳиби, донишманд сиймо, адолатли амир сифатида ном қозонгани ҳақида кейинчалик унинг саройида котиб бўлиб ишлаган Ҳафизи Абрўнинг "Зубдат-ут таворих", Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома", Низомиддин Шомийнинг "Зафарнома", темурийлар хизматида бўлган Муйиниддин Натанзийнинг "Мунтахаб-ут таворих", француз олими Люсьен Кэрэннинг "Амир Темур салтанати", Бошқирд халқ ёзувчиси Ахияр Ҳакимовнинг "Карвон", рус тарихчиси Михаил Арнольднинг "Бир муҳораба сири" асарларида, француз ёзувчиси Марсель Брюннинг "Мен жаҳонни очган Темурман" романига Эрон олими Р.Мансурий ёзган сўзбошисида, Озарбайжон олими Абулфайз Раҳимовнинг "Амир Темур Озарбайжонда" асарида эътиборга молик фикрлар баён этилганини муаллиф эҳтиром билан тилга олади. Кўплаб тарихий асарлар билан бир қаторда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома", Алишер Навоийнинг "Мажолисун нафоис" сингари ўз бобокалонларимизнинг тарихий асарларида ҳам Амир Темур шахси қанчалик улуғланганини зукко адиб теран таҳлил қилган.

Турли даврларда Амир Темур ҳақида яратилган асарлар орасида тарих ҳақиқатини бузиб талқин қилинганлари ҳам кам эмас. Улар нечоғли асосли бўлганини илмий таҳлил қилиш, пировардида, Соҳибқирон сиймоси ҳақида ҳаққоний хулосалар чиқариш мақсадида адиб "ишимиз давомида "Темур тузуклари"дан иқтибослар келтириш орқали унинг ўзини сўзлатишга, маънавий дунёсини ўз нутқи орқали очишга ҳаракат қиламиз" дея масалага тўғри ёндашиш йўлини танлайди.

Бугунги кунда беқиёс маънавий хазинамизга айланган "Темур тузуклари"ни Амир Темур умрининг охирларида ёзиб тугатгани ва унда ўз хулосаларини авлодларига васият тарзида ёзиб қолдиргани, бу китоб асрлар давомида махфий сақлангани ва бизга етиб келгунича ажойиб ҳодисаларга дуч келгани ўзи бир тарих эканини муаллиф қатор тарихий мисоллар воситасида ҳам тасвирлайди. Соҳибқирондан сўнг темурий шаҳзодаларнинг тенгсиз маънавий мулкига айланган бу китобга Мирзо Бобур чексиз эҳтиром ила қарагани борасида кўп далиллар келтирилган. "Бобур Мирзо умрининг охирида ўғли Ҳумоюнга ёзган махфий васиятномасида "Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг корномасини доим ёдингда тутгил" деганлиги унинг "Темур тузуклари"ни назарда тутганидан далолат беради,– деб ёзади муаллиф.– Истиқлол шарофати билан тарихий адолат тикланганидан сўнг Бобур Мирзонинг Амир Темурга бўлган садоқат ва ихлосига бағишлаб "Юлдузли тунлар" романининг тўлдирилган нашрига янги боблар киритдим. Бу мавзу "Она лочин видоси" романи ҳамда "Тил ва Эл" номли бадиада баҳоли қудрат давом эттирилди".

Юқорида таъкидлаганимиздек, Амир Темур ҳаётига оид асарлар орасида қайсидир маънода "тўқиб-бичилган" гаплар, шошма-шошарлик билан "яратилган образлар", улуғ инсон шахсиятига тўғри келмайдиган "лавҳалар" ҳам кам эмас. Буюк тарихий шахс ҳаёти, зафарли юришлари ҳақида ортиқча эҳтиросга берилиб ёзиш "одати" ўтган асрларда ҳам кам бўлмаган… Бундай адабиётлар тарих ҳақиқатини бузиб кўрсатиш баробарида ўқувчини чалғитади.

Соҳибқирон ҳақидаги асарларнинг қай бири ҳаёт ҳақиқатига монанд-у қайсида англашилмовчиликлар, уйдирмалар, сохта гаплар борлиги "Амир Темур сиймоси" китобида аниқ далиллар билан исботлаб берилган. Жонкуяр адиб тарихий манбалардаги Амир Темур шахси билан боғлиқ ҳар бир деталга синчковлик билан ёндошади. "Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини "Тўрғай" деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб изоҳлайди у.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи "нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин" деган маъноларни билдиради". Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган муаллиф шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.

Мевали дарахтга тош отилиши азалий қисмат эканини Амир Темурга нисбатан турли тарихчи олимларнинг уйдирмаларидан ҳам билса бўлади. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг "Темур тарихида тақдир ажойиботлари", М.Брюннинг "Мен жаҳонни очган Темурман", 1992 йилда Москвада босилиб чиққан "Тамерлан", инглиз адибаси Хильде Хуккемнинг "Етти иқлим султони", А.Ю.Якубовскийнинг "Темур" деб номланган китобларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учраши, академик В.В.Бартольднинг айрим сўзларида Амир Темурни "саводсиз бўлган" деган гаплари қанчалик ассоссиз эканлиги "Амир Темур сиймоси" китобида теран илмий таҳлиллар воситасида очиб берилган. Бу билан ўша чалкашликларга катта нуқта қўйилганини ҳис этасиз.

Айрим тарихчиларнинг Чингизхон ва Амир Темур сиёсатидаги бир-бирига "ўхшаш жиҳатлари"ни кашф қилганлари ҳақида ўқиганмиз. Аслида бу икки тарихий шахс саъй-ҳаракатларида, мақсадларида мутлақо ўзгача ҳолатлар юз берганини ҳам муаллиф аниқ далиллар билан асослаб берган. "Чингизийлар ҳукмронлиги даврида айниқса сипоҳийлар ва беку амирлар орасида субутсизлик, беқарорлик, алдамчилик авжига чиққан эди,– деб ёзади адиб.– Шуни яхши биладиган Амир Темур энди одамларга нисбатан иложи борича кечиримли бўлиш ва яхшилик қилиш йўли билан уларни оғир иллатлардан қутқариб олишга астойдил ҳаракат қилади". Бир ўринда, Чингизхон лашкарларини ярим оч ҳолда жанг қилдиргани ва улар оч бўридек одамларни талагани, Амир Темур эса лашкарларига яхши маош тўлаб, уларни адолат учун курашга чорлагани ҳақида мароқ билан ҳикоя қилинган.

"Амир Темур сиймоси" китобида буюк бобокалонимизнинг бутун фаолияти содда ва равон тилда ҳикоя қилинган. Соҳибқироннинг улуғвор ишлари, бунёдкорлиги, буюк инсоний фазилатлари, замондошларига, илм аҳлига нисбатан оқилона муносабатлари, зафарли юришлари ва қудратли давлат бунёд этиши, авлодларига қолдирган тенгсиз мерослари ҳақида юксак бадиий маҳорат билан ёзилган китобни мутолаа қиларкансиз, хаёлан ўтмиш билан юзма-юз бўлгандек ҳис этасиз ўзингизни.

Муаллиф буюк бобокалонимизнинг ўз даврида эришган тарихий ғалабаси билан бугунги тенгсиз истиқлолимизни шундай муқояса қилади: "Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик ва дил-дилдан ҳис қилдик".

Мазкур илмий бадиа "Озодлик йўлидаги тик довонлар" ва "Жаҳон миқёсига чиққан фаолият" деб номланган иккита қисмдан иборат бўлиб, улар моҳиятан буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг Ватан озодлиги, юрт истиқлоли йўлидаги мардона курашлари тафсилотларини илмий асослашга хизмат қилади. Юксак бадиий маҳорат ила битилган ушбу асарни Амир Темур ҳақидаги ҳужжатли роман ҳам дейиш мумкин. Бу китоб ўқувчига маънавий озиқ бериш билан бир қаторда унинг тафаккурини бойитишга ҳам хизмат қилади. Бу маънавий бойлик эса – аниқ далиллар, ишончли манбалар асосида яратилгани билан ҳам қадрлидир.

Давоми бор

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1