1

ТУШДА АЁН БЎЛГАН "ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР" (давоми)

МУТОЛАА 29.09.2017, 15:02
ТУШДА АЁН БЎЛГАН "ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР" (давоми)

АДИБНИНГ СЎНГГИ САФАРИ

Устоз Пиримқул Қодировнинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонига тез-тез бориб турардим. Тошкентдаги Анҳор бўйида жойлашган уйнинг иккинчи қаватида улуғ адиб умр йўлдоши София опа билан қандайдир меҳрга ташна бўлиб ўтиришларини ҳис этардим. Ўша кезлар устоз адабиётшунос олим Абдуғафур Расуловга ўз туғишган иниси каби таяниб қолган эди.

Пиримқул ака кўпинча телефонда ким биландир гаплашиб ўтирганини кўрардим. Мавлоно, деб сўзлашидан билардимки, Абдуғафур домла билан гурунг қилмоқда. Устоз фақат домламизга мавлоно ё мулла Абдуғафур, деб мурожаат қилардилар.

Домламиз ҳам Пиримқул акани туғишган акасидек кўрардилар. Демак, улар нафақат адабиёт мавзусида, балки ҳаётдаги бошқа муҳим масалалар ҳақида ҳам фикрлашардилар. “Ўзбек адабиёти неча асрлар мобайнида катта карвон каби ўз йўлидан келмоқда,– дерди Пиримқул ака куюнчаклик билан.– Айрим ёш қаламкашлар янгилик қиламан деб унинг ўзанини миллий қадриятларимизга ёт ғоялар сингдирилган томонларга буриб юборишларига асло бепарво қараб ўтирмаслигимиз керак”.

Бу фикрни домламиз дилдан қўллаб-қувватларкан, “Пиримқул ака жуда донишманд адиб” дея олқишларди.

Пиримқул Қодировнинг адабиётга, ўзбек адибларига муносабати ҳақида ҳали кўп хотирлаймиз. Атоқли адиб раҳматли Озод Шарафиддиновдан кейин адабиётшуносликда Абдуғафур Расулов билан Умарали Норматов ўзига хос бетакрор анъаналаримизни давом эттирмоқда, деган фикрини умид ва ишонч билан айтарди.

2010 йилнинг ёзи жуда иссиқ келди. Кўп қаватли уйда яшайдиган баъзи заифроқ кишилар бироз салқин тушишини интиқлик билан кутишарди. Тўғри, замонавий совутгичлар бундай пайт жоннинг роҳати. Бироқ, бу матоҳ салга шамоллайдиган кексаларга унча тўғри келмасди. Шундай кунлардан бирида Абдуғафур ака мени ҳовлисига таклиф қилдилар. Янги чиққан бир-иккита китобларга бирга тақриз ёзиш ҳақида суҳбатлашдик. Ҳар гал суҳбат мавзуси албатта Пиримқул акага уланарди. Устознинг ҳолидан қачон хабар олганимни, отахонга яна қандай ёрдам кераклигини домламиз албатта сўраб-суриштираркан, ўзлари ҳам яқинда телефон орқали нималар ҳақида гурунг қилганини завқ билан сўзлардилар. Ўша куни домламиз дилига тугиб юрган бир таклифини айтдилар:

– Пиримқул ака “дом”да сиқилиб ўтирибдилар,– дедилар жонкуярлик билан.– Ҳовлимизга таклиф этиб, кўнглини олсак қандоқ бўларкин?

– Жуда савоб бўларди-да,– дедим ҳаяжон билан.– Биздан нима хизмат?

– Биласизми, у кишига ўзим таклиф этишга истиҳола қиляпман,– деди устоз салмоқ билан.– Мабодо, боролмайман, деб қолса, бироз хижолатпазлик бўлади. Қандоқ таклиф этишни сиз эплайсиз...

Домламиз бу вазифани менга юклаётгани бежиз эмасди. Саксон иккинчи баҳорини кўраётган нуроний отахон ва ёнларида қилтиллабгина юрадиган София опамизнинг иккинчи қаватдан тушиб-чиқишлари, ҳовлида меҳмон бўлиб ўтиришга қанчалик хоҳишлари бор-йўқлигини аввало ўзларидан сўраб билиш лозим эди.

Эртаси куни устозни йўқлаб бордим-да, Абдуғафур аканинг таклифини ётиғи билан тушунтирдим.

– Мулла Абдуғафур барака топсин,– деди нуроний устоз қандайдир интиқлик билан, сўнг хижолат тортгандек қўшиб қўйдилар,– уларни овора қилиб қўймасмикинмиз?..

Хуллас, улуғ устознинг розилигини олиб, вақти-соатини келишдик.

Домламизнинг катта ўғиллари Рустамжон айтилган вақтда машинасини шай қилиб турди.

Абдуғафур аканинг Дўмбиробод маҳалласидаги файзли хонадонига етиб келганимизда қуёш тафти бироз қайтганди. Ҳов лига сепилаётган сувлардан она тупроқнинг муаттар бўйлари кўтарилиб, ҳузур бахш этарди. Пиримқул аканинг ҳам баҳри-дили очилиб кетгани ним табассум югурган юзларида аён кўринди. Неча йиллар мобайнида бу чоғроққина ҳовлида не-не улуғ адиблар, шоирлар-у адабиётшунослар тунларни тонгларга улаб гурунглар қилмаган, дейсиз. Ана шундай дилтортар суҳбатларнинг навбатдагиси ўша куни бўлди.

Дарвозадан бирин-кетин атоқли адиб Худойберди Тўтабоев рафиқаси билан, улар ортидан таниқли олима Суюма Ғаниева, адабиётшунос Ҳамидулла Болтабоев кириб келдилар.

Тўкин дастурхон атрофида шундай устозларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишнинг ўзи мен унутилмас воқеа эди.

Ўзаро ҳангомалар қизиганида Суюма опа Пиримқул аканинг ёнига ўтиб ўтирди-да ниманидир муҳокама қила бошлади. Гап орасида София опа томон илкис қараб:

– Намунча ёмон қарайсиз? Ҳалиям рашк қиласизми?..– деса бўладими.

Гур-р кулги кўтарилди.

Пиримқул ака эса рафиқасига, қалайсиз энди, дегандек жилмайиб қўйди.

Шу мўътабар ёшда ҳам устозларнинг бундай самимий ҳазил-мутойиба қилишларини кўриб завқим келиб-кетарди.

Бетакрор суҳбатлар поёнига етмасди.

Бироқ, энди туришнинг ҳам мавриди келди. Пиримқул ака дастурхонга дуо қилдилар.

Қалби офтоб, меҳри дарё Абдуғафур домламиз меҳмонларни алоҳида сийлашга тушди. Пиримқул Қодиров ва Худойберди Тўхтабоевга тўн, Суюма Ғаниева, Ҳамидулла Болтабоев ва каминага кўйлаклар инъом этдилар.

***

Адабий учрашувларда мухлислар шоир ва адибларга кўпинча биринчи китоби ҳақида савол берадилар. Улуғ адиблар ҳаёт билан видолашганларида у сўнгги бор нималар қилгани ё дегани ҳақида сўраб-суриштириб қолиш ҳам одатий ҳолга айланган. Раҳматли устозимиз Пиримқул Қодиров ҳақида энди қаерда сўз кетмасин, унинг сўнгги сафари Абдуғафур Расулов хонадонига бўлгани ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб юраман.

Ўз навбатида раҳматли домламиз Абдуғафур Расулов ҳақида ҳам сўз кетган давраларда ўша меҳридарёлик билан қилинган меҳмондорчилик ҳамда қалбимизга муҳрланиб қолган суҳбатлар ҳақида мароқ билан айтиб бергим келаверади.

Аслида бу ҳам улуғ устозларнинг биз учун бетакрор ибрат мактабидир...

АДИБНИНГ ПОРЛОҚ ЮЛДУЗИ

Марҳум адиб ва шоирлар руҳини шод этиб, уларнинг адабий меросини ўрганиш биз учун азалий қадриятдир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа муассасалар саъй-ҳаракатлари билан “Фаробий” (илгариги “Чиғатой”) қабристонида атоқли шоир ва адиблар, давлат ҳамда жамоат арбоблари қабрларига ёдгорликлар ўрнатилган. Айни пайтда бу ерда теварак-атроф ободонлаштирилишига мунтазам эътибор қаратиб келинмоқда.

Инсон мана шундай муборак жойларда, халқимиз бахт-саодати йўлида ижод қилган улуғ ёзувчи-шоирлар хотирасини эслар экан, бугунги тинч ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришганимиз хаёлдан ўтади. Ўтган асрдаги аянчли ўтмишимизни эслаган сари ўша даврда ижод қилган кўплаб ёзувчи-шоирлар бир умр орзу қилган, бугунги авлодга насиб этган мустақиллик, эркин ва фаровон ҳаётнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

Бугун хотирасига тиловатлар қилинаётган марҳум ёзувчи-шоирларнинг руҳлари нечоғли шод эканлигини ҳис этиш қийинмас.

Марҳум адиблар ва шоирларнинг адабий меросиини ўрганиб бориш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси ташкил этилгани айни муддао бўлди. Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган “Мустақиллик ва адабий мерос” мавзуида давра суҳбатида ҳар бир давр адабиёти вакилларининг меросини изчил ўрганиб бориш маънавий меросимизни янада бойитишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Умарали Норматов ярим аср мобайнида атоқли адиб Пиримқул Қодиров билан қандай муносабатда бўлгани ҳақида ҳаяжон билан сўзларкан, яқинда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида унинг хотирасига бағишланган мақола ва битиклар катта қизиқиш уйғотганини изоҳлади.

Дарҳақиқат, бетакрор асарлари билан миллионлаб адабиёт ихлосмандлари қалбини забт этган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ҳаёти ва ижодини теран нигоҳ билан ўрганиб бориш миллионлаб адабиёт ихлосмандларини ҳам хушнуд этиши табиий.

Адиб 1928 йил 25 октябрда Тожикистон Республикасининг Ўратепа туманидаги Кенгкўл қишлоғида таваллуд топган.

1951 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институти аспирантурасига кирди. “Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1954-1963 йилларда у Москвада собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи, 1963-1976 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими лавозимида ишлади. 1990-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб, парламентнинг Фан, маданият ва таълим қўмитасида фаолият кўрсатган эди. Шу билан бир қаторда узоқ йиллар республикамизнинг турли газета-журналлари таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида ижод аҳли билан ҳамнафас бўлган.

2008 йилда адиб таваллудининг 80 йиллиги бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланган эди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов шу муносабат билан Пиримқул Қодировга йўллаган табрик хати унинг қалбида умрбод муҳрланиб қолганди. “Истиқлол руҳи Сизнинг ижодингизга янги куч-қувват ва илҳом бергани сўнгги йилларда ёзилган асарларингизда яққол намоён бўлиб турибди,– деган илҳомбахш сўзлар битилган ушбу табрик хатида.– Хусусан, шу улуғ ва табаррук ёшда ҳам ҳормай-толмай ижод қилиб, “Тил ва эл”, “Амир Темур сиймоси” сингари пухта изланиш ва тадқиқотларга бой китоблар яратганингиз ёш адиблар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади”.

Биринчи Президентимизнинг ҳурмат ва эътиборидан нақадар мамнун бўлган улуғ адиб унга жавобан дил сўзларини шундай ифода этганди: “Сиз қанчалик банд бўлишингизга қарамай менинг камтарона роман ва қиссаларимни ўқиб чиққанингиз, уларга заршунослик нигоҳи билан қараб, теран маъноли фикрлар билдирганингиз учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман,– деб ёзганди Пиримқул Қодиров.– Сизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли янги китобингиз маънавий ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлиб, бу асарда миллий маданиятимизнинг бой тарихи, бугунги ривожи ва порлоқ истиқболи ёрқин тафаккур ёрдамида жуда теран таҳлил этилгандир. Адабиётимиз шу буюк маънавият хазинасининг марказий қисмидан ўрин олганлигини Сиз улуғ адибимиз Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшайдир” деган сўзлари мисолида яққол кўрсатиб бергансиз. Мен эллик йилдан буён бу доно сўзларни дилимда такрорлаб баҳра оламан. Бугун адабиётимизга Сизнинг шунчалик катта ғамхўрлик кўрсатаётганингиз бизни юксак ижодий камолотга ундайди. Бошқа адиблар қатори мен ҳам бутун умримни, бор куч ва қобилиятимни миллий маънавиятимиз ва унинг узвий қисми бўлган адабиётимизни юксалтиришга сарф этаман”.

Ўтган асрнинг ўрталаридан то бугунгача ўтган давр ўзбек адабиётини атоқли адиб Пиримқул Қодиров ижодисиз тасаввур этиш қийин. Унинг “Студентлар” деган биринчи китоби 1950 йилда нашр этилганидаёқ Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия каби устозлари эътиборини қозонганди. Адабиёт ихлосмандлари қалбидан роппа-роса арим аср илгари – 1958 йилда илк бора чоп этилган “Уч илдиз” романи ўрин олганди. Шундан сўнг, “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977),“Юлдузли тунлар” (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (2000) романлари ҳам китобхонларнинг маънавий мулкига айланган. Адибнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Акромнинг саргузаштлари” каби қиссалари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Бу асарлар турли даврларда бир неча бор нашр қилиниб, ўз мухлисларининг эътиборини қозонгани баайни ҳақиқат.

Атоқли адиб асарларини қанчалик мароқ билан ўқисангиз шунча маънавий завқ оласиз.

Меҳрга пайваста асарлари ила қалбимни ром айлаган улуғ адиб меҳригиёсидан кўплаб ёш қаламкашлар қатори камина ҳам баҳраманд бўлганимда ўзимни нақадар бахтиёр ҳис этгандим.

Юртимиз мустақиллиги миллатпарвар адибга туганмас илҳом бахш этганини унинг сўнгги йилларда яратилган қатор романлари, истиқлолни дилдан тараннум этувчи ўнлаб мақолалари мисолида кўриш мумкин. 2001 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Қалб кўзлари” тўпламидан ўрин олган бадиалар, ўйлар ва мақолаларида юрт истиқлоли қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритилган.

Шу табаррук ёшда ҳам устоз қўлидан қалами тушмади. Қатор тарихий романлари билан адабиёт мухлисларининг қалбларини забт этган адиб “Амир Темур сиймоси” асарида буюк Соҳибқирон Амир Темур, “Юлдузли тунлар”да шоҳ ва шоир Мирзо Бобур, “Авлодлар довони”да бобурийлар сулоласи давомчилари Ҳумоюн ва Акбар, “Она лочин видоси”да Гавҳаршод бегим ҳамда суюкли ўғли Мирзо Улуғбекларнинг, шу билан бир қаторда уларга замондош бўлган қанчадан-қанча тарихий шахсларнинг ёрқин сиймоларини ғоят юксак бадиий маҳорат ила яратган бўлса, 2009 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” романида темурийлар сулоласининг бетимсол давомчиси бўлган Соҳибқироннинг садоқатли ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳамда умр йўлдоши бўлган, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийдек дилбар шахсларга меҳрини берган фидойи она – Гавҳаршод бегимнинг ёрқин сиймолари ўз аксини топганди.

“Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” романи “Она лочин видоси”нинг тўлдирилган ва табиийки, Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи каби улуғвор ўғли Шоҳруҳ сиймоси билан бойитилган нашридир.

– Темурий тарихида қирқ йилдан ортиқ тахтда ўтирган ва Соҳибқирон отасининг улуғвор ишларини ўзига хос тарзда давом эттирган Шоҳруҳ Мирзо ҳақида жуда кўп маълумотлар тўпладим,– деганди Пиримқул Қодиров ўз мулоҳазаларини баён этар экан.– Мазкур манбаларни синчковлик билан ўрганганингиз сари бу буюк бобокалонимизнинг ҳам қанчалик улуғвор шахс, доно шоҳу мард ва танти инсон бўлганини англайверасиз. Тарихдан яхши маълумки, Соҳирқироннинг сўнгги юриши, минг афсуски, унинг ҳаётига хотима қўйган. Узоқни кўра билган, кексалик боғларига қадам қўйган отасининг аҳволини жуда яхши тушунган донишманд ўғли Шоҳруҳ Мирзо отасининг бу юришига қарши бўлади...

Ўз ибораси билан айтганда “узоқ тарихни телескоп билан кўра оладиган” адиб буюк аждодлар ҳаётини ўз кўзи билан кузатгандек уларни бетакрор бадиий лавҳаларида тасвирлар эдики, мутолаа қилган ўқувчи кўз ўнгида ўша асар қаҳрамонларининг улуғвор сиймолари гавдалангандек бўларди.

Ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшган устоз адиб Пиримқул Қодировнинг хизматлари юксак баҳоланиб, 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2006 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 23 август куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида” Фармонида адабиёт соҳаси бўйича биринчи даражали давлат мукофот Пиримқул Қодировга “Амир Темур сиймоси” ва “Тил ва эл” асарлари учун берилгани улуғ адиб руҳини қанчалик шод этганини ва миллионлаб адабиёт мухлисларини мамнун қилганини тасаввур этиш қийинмас.

Айтиш жоизки, бугунги кунда адиб Пиримқул Қодировнинг адабий меросини ўрганиш ва уларни тарғиб этишда замонавий ахборот коммуникация воситаларидан самарали фойдаланилмоқда.

Адибнинг талаба-ёшлар ҳаётига бағишланган машҳур “Уч илдиз” романи номидан келиб чиққан ҳолда интернет тармоғида www.uchildiz.uz сайти ташкил этилган. Марҳум адиб қўлёзмалари ҳамда ён дафтарларида қолган битиклар асосида “Адиб сабоқлари” деб номланган тўплам нашрга тайёрланмоқда.

Қатор тарихий асарлари билан миллионлаб мухлислари қалбидан мангу ўрин эгаллаган улуғ адиб номи тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар ила битилажак.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси аъзоси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1