2017 йил 4 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис ишида Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.
Cенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар. Хусусан, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар киритилмоқда. Унга кўра, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган ва жиноят қуроли ҳисобланган ашё мусодара қилинишига йўл қўйилмайди ва бундай ашё қонуний эгаларига қайтариб берилиши лозим. Мазкур янги норма юқорида кўрсатилган шахсларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам худди шундай ўзгартишлар киритилди. Ўзгартишларга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини, агар улар ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаса, мусодара қилиш мумкин эмас, муомаладан чиқарилган ашёлар бундан мустасно, деб хабар беради Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати.






