АсосийSavol-javob

БАНК ОМОНАТЛАРИНИНГ ФОИЗЛАРИ ҲАМ ОШДИМИ?

'БАНК ОМОНАТЛАРИНИНГ ФОИЗЛАРИ ҲАМ ОШДИМИ? 'ning rasmi

— Марказий банк томонидан тариф ставкаларини ошгани ҳақида эшитдик. Бу омонат фоизларининг ошишига ҳам тегишлими? Эндиликда, банкда омонат сақлаб, йиллик 14 фоиз даромад олиш кафолатига эга бўламизми?

Жаббор Ражабов, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани


Т.Ишметов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари:

— Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йилнинг 28 июнь кунидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 9 фоиздан 14 фоизга кўтарди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши жорий йилнинг ўтган даврида инфляция суръатларининг тезлашиши ҳамда инфляцион хатарларнинг ортишини чеклаш бўйича чораларни кучайтириш заруриятининг юзага келганлиги билан изоҳланади.

Қайта молиялаш ставкаси Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги кредит амалиётларига ўрнатиладиган ставка бўлиши билан бирга иқтисодиётдаги пул ресурсларининг нархини кўрсатади ва бошқа фоиз ставкалари учун мўлжал вазифасини бажаради.

Ушбу ставканинг оширилиши ўз навбатида банклараро молиявий ресурслар бозорида ресурслар нархларининг кўтарилиши ва келгусида тижорат банклари томонидан жалб қилинадиган депозитлар ва омонатлар бўйича фоиз ставкаларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилиш ҳамда улар бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдорини белгилашда мустақилдирлар.

Ҳозирги кунда тижорат банклари аҳолига қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлган ставкада жозибадор омонат турларини таклиф этмоқдалар ҳамда ҳар бир фуқаро ушбу банк хизматларидан фойдаланиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар