АсосийMadaniyat

​ЖАҲОНГИР АҲМЕДОВ: “МEН” БОШҚА ИЖОДКОРЛАРНИ ТАН ОЛМАЙМАН!”

'​ЖАҲОНГИР АҲМЕДОВ: “МEН” БОШҚА ИЖОДКОРЛАРНИ ТАН ОЛМАЙМАН!”'ning rasmi

Кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ўзбек киноси ва киноижодкорларга оид танқидий фикр-мулоҳазалари билан бўлишди.

Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг "Инстаграм"даги саҳифасида бугун кинода фаолияти юритаётган ижодкорларнинг аксарияти ўзини ўйлаб ижод қилаётгани ва ўзларидан бошқа ижодкорни тан олмаётганликлари ҳақида ёзган.

Дарҳақиқат, бугун ўзбек киносида салмоқли кинолар қўл билан санарли даражада кам, шу сабаб режиссёрнинг ушбу мулоҳазаларини сайтимиз орқали чоп этишга қарор қилдик.

“Кино хақида кўрсатувлар ҳам, эшиттиришлар ҳам кўп хозир. Яқинда мени ҳам таклиф қилишди. Журналист саволни кескин қўйди: “Муоммо нимада сизнингча? Фақат олиб қочманг, борини, дилингиздагини гапиринг!” Яхши, унда эшитинг, фақат сиз ҳам айтганларимни кесиб ташламасдан беринг эфирга-дедимда гап бошладим. “Муоммо ҳаммамиз ўзимизни “ДАҲО” деб билишимизда! Катта авлод ҳам “даҳо”, ўрта авлод ҳам “даҳо”, кичик авлод эса “буюк”! Лекин Президент фильм сўраган пайтда узр сўрадик, “биз ҳали сизга кўрсатишга арзигулик фильм ярата олмадик” – дея! Устозлар ёшларни тан олишмайди, ёшлар эса қандайдир аламзада, ўзларига керагидан ортиқ баҳо бериб юборишган. Нима деб ўйлайсиз, "Ўзбеккино"да нега бош директор ўзгараверади? Чунки биз унга ишлашга бермаймиз. Устидан ёзамиз, остидан ёзамиз, кетмагунича қўймаймиз. Бошқа соҳадан бўлса, бу кинони тушунмайди деймиз, киночи бўлса , ўзини дунёқарашини ўтказяпти, қани ижод эркинлиги деймиз. Нега? Чунки ҳаммамиз энг яхшиси деб фақат ўзимизни тан оламиз! “Энг яхши раҳбар ким бўлиши мумкин? Албатта мен! Энг яхши режисёр ким? Сўзсиз мен! Энг яхши фильм ҳам меники! Энг яхши сенарий? Меники!!! Мен, мен, мен, мен!!! Шунинг учун ҳам “МEН” бошқа ижодкорларни тан олмайман, тўғрироғи тан ололмайман! Бу - мени “МEН”имга тўғри келмайди”.

Режиссёр кино соҳасида барча мусобақага киришиб кетганлигини, аммо бундан ҳеч кимга наф бўлмаётганлигини ҳам айтиб ўтган:

“Бир-биримизни писанд қилмаслик билан, бурчак-бурчакларда пичирлашиш билан нимага эришмоқчимиз? “Ким қандай фильмлар қилган, ўзбек киноси олдида кимнинг меҳнати кўпроқ, кимнининг фильми кассабоп” қабилидаги мусобақаларга киришишдан нима наф? Бундан ким ютади? Киноми? Халқми? Ёки бизми? Ҳеч ким. Зеро ҳаммасига олий ҳакам ВАҚТ ўз ҳукмини айтади. Шундай экан танқидни ҳам, олқишу-мақтовларни ҳам мухлисларга ва киношуносларга қолдирайлик. Зеро, яхши фильм қилганимизни бод-бод такрорлайвермасак ҳам, мухлислар буни билишади ва қадрлашади. Ёки аксинча, ёмонини ўзи ёмон дейди ва демоқда! Яна қолар гапни киношуносларимиз айтишар. Давлат, Президент кино соҳасига катта эътибор ва имкониятлар бериб, ишонаётган, халқ биздан катта фильмлар кутаётган бир пайтда, биз майда гаплар билан овора бўлиб юрганимиз аламли, ҳатто уятли!!!”

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар