1

АИДА ЮНУСОВА: “ҚАТЪИЯТСИЗЛИГИМ КЎП ПАНД БЕРГАН”

МАДАНИЯТ 26.10.2017, 16:06
АИДА ЮНУСОВА: “ҚАТЪИЯТСИЗЛИГИМ КЎП ПАНД БЕРГАН”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Юнусова ўзига нисбатан танқидий кўз билан қарайдиган ижодкор, тортинчоқ ва юмшоқ табиатли аёл. Ўзбек кино дурдоналари — “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Тўйлар муборак”, “Ажойиб хаёлпараст фильмларида турли образлар яратган актрисанинг тоби йўқлиги ҳақида эшитиб, хонадонига йўл олдик. Томошабинни соғинтирган ва ўзи ҳам ширин дийдорни кутаётган қаҳрамонимиз ҳаёти ва ундаги бекатлар ҳақида сўзлаб берди...

“АЙТГАНИМ — АЙТГАН, ДЕГАНИМ —ДЕГАН”

— 1948 йил Марғилонда, зиёли оилада туғилганман. Дадам — ҳуқуқшунос, онам — техникумда ўқитувчи эдилар. Инсон характери оилада шаклланади, деб бекорга айтишмас экан. Кичиклигимдан онам “Қиз бола деган нозик, мулойим ва камгап бўлади”, деб ўргатганлар. Бу гапларни деярли ҳар куни, қайта-қайта эшитардим. Уларнинг таъсирида мендаги уятчанлик, юмшоқлик ва қаътиятсизлик пайдо бўлган, десам адашмайман. Икки опамдан кейин туғилган, оиланинг энг кенжа ва эрка қизи эдим. Менинг айтганим — айтган, деганим — деган эди. Балки шунинг учун ҳам санъат йўлини танлаганимда қаршилик билдиришмагандир. Бугун Марғилонни қанчалик соғинганимни, ҳовлимизни, мактабимиз хоналарини қўмсашимни, югуриб юрган кўчалардан яна қайта-қайта юришни қанчалик истаётганимни сўз билан тушунтириб беролмасам керак. Болалик пошшолик, деганларидек, энг бахтли даврим эди ўша йиллар.

“ФАРМАЦЕВТ ДЕБ, АКТРИСА БЎЛГАНМАН...”

— Эсимни танибманки, дугоналарим билан турли актёрларнинг суратларини тўплардик.. Уларнинг ролларини кўриб, улар таъсирида шу соҳага келиб қолганман, деб ўйлайман. Оиламизда санъаткорлар бўлмасада, санъат биз учун жуда қадрли эди. Айниқса, дадам иккимиз вилоятимизга келган бирорта театр труппасининг спектаклларини ўтказиб юбормаганмиз. Лекин Аида актриса бўлади, деган ҳабар кўпчиликни чиндан ҳайрон қолдирган.

Марғилондан Тошкентга йўл олар эканман, яқинларимнинг опаларим каби фармацевт бўлишимга ишончи комил эди. Лекин мен пойтахтга келиб ўзимнинг болаликдаги орзуимни амалга оширишга қарор қилганман. Ҳозирги Ўзбекистон санъат ва маданият институтига ҳужжат топширдим ва биринчи урунишнинг ўзидаёқ талаба бўлиш бахтига муяссар бўлганман. Лекин тан олишим керак, имтиҳон осон кечмади. Сабаби мактабда рус тилида савод чиқарганман, бу ерда ўзбек тилида гапиришга тўғри келган. Устозларим иқтидоримни кўриб, мендаги мавжуд камчиликларга кўз юмган ҳолда талабалар сафига қўшишган. Кейинги энг қийин масала бу хабарни онамга етказиш эди. Чунки айтганимдек уйдагиларнинг мен билан боғлиқ орзулари буткул бошқа бўлган. Телефон орқали янгиликни айтганимда, онам бир оғиз гапирмай гўшакни қўйиб қўйганлар. Аммо қайси она ўз боласидан узоқ хафа бўлади, дейсиз. Бир-икки ойлик араздан сўнг яна гаплашиб кетганмиз. Фильмлардаги ролларимни кўргач эса касбимни қабул қилдилар. Турли давраларда мен ҳақимда фахр билан гапирганлари ҳалигача эсимда...

“ҲАЁТИМДАГИ ЖУДОЛИКЛАР...”

— 16 ёшимда ҳаётимдаги биринчи айрилиққа дуч келдим. Инфаркт туфайли отамдан айрилганмиз. Дадамнинг эрка қизи бўла туриб бу кунларни бошдан ўтказиш, улар ёнимда эмасликларини билиб яшаш оғир бўлган...

Мен учун ҳаётимдаги идеал аёл, бу — онам. Волидамни ҳам кун келиб йўқотиб қўйишимни тасаввур ҳам қилолмасдим. Уларнинг бетоб бўлиб қолишлари мен учун фожиа эди (кўзига ёшга тўлиб). Ҳаётининг сўнгги онларигача ёнларида ўтирганман. Ўлим ҳақ, Оллоҳ буюрганда, биз бандалар ожизлик қиламиз. 30 ёшга тўлганимда, онам ҳам юрак хуружидан вафот этдилар. Хасталаниб ётганлари бугун ҳам кўз ўнгимдан қалқиб ўтади. Юрагим эзилади... Илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин!

“ҲАМОН ОРЗУИМДАГИ РОЛНИ КУТЯПМАН”

— Институтга қандай осонлик билан кирган бўлсам, илк ролимни ҳам тасодиф туфайли ижро этганман. Иккинчи курс талабаси эдим. “Ўзбекфильм”, “Ёз ёмғири” кинокартинасига кастинг уюштирган ва мени танлашган. Қаҳрамоним Матлубанинг характери шу қадар меникига ўхшаш эди-ки, ижодимдаги ҳеч бир роль унинг ўрнини босолмади. Билмадим, балки биринчи ишим бўлгани учунми, Матлуба образини, бугунгача энг севимли ролим, деб тилга оламан.

Ижодимдаги ёрқин фильмлардан бири “Ажойиб хаёлпараст” ҳақида ҳам алоҳида гапириб ўтмоқчиман. Бу фильмга кусдошим Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров иккимизни киносиновсиз қабул қилишган. Ўша пайтларда мен “Ўзбекфильм”да, актёрлар студиясида фаолият юритардим. Фильмдаги образим қийинчилик туғдирмаган. Чунки унинг характери, ҳаёти меникага яқин эди. Фильм намойишидан кейин кўча-кўйда мени кўриб қолганлар “Қуёнлар кўпайишиб қолдими?” деб сўрайдиган бўлишди. Ҳамон бу фильмни яхши кўриб эслашларидан хурсандман. Ҳозир ўйлаб қарасам, қаҳрамоним Тамилла бугунги кун аёлларига сабр-қаноатни, борига шукр қилиб яшаш кераклигини ўргатади. “Ажойиб хаёлпараст”30 йиллик ижодий танаффусга чиқишдан олдинги, ижро этган энг сўнгги ролим бўлган.

Аслида ҳамма ролларимда бир-бирига ўхшашлик сезилади. Чунки режиссёрларнинг аксарияти ҳаётдаги характеримни билиб, менга шундай ролларни топширишарди. Тан оламан, бу жуда зерикарли жараён. Чунки ижодкор сифатида, ҳаётдаги Аидага қарама-қарши феълли аёлни гавдалантиришни истардим. Аммо бу ҳозирча, орзулигича қолмоқда...

“ҲАЁТ ЙЎЛЛАРИ АЙРО ТУШГАНДА”

— Институтда ўқиб юрган пайтларим турмуш ўртоғим билан танишиб, оила қурганмиз. Бу қароримизга яқинларимиз ҳам қўллашган. Йиллар давомида уч фарзандли бўлдик. Аммо тақдир экан ўн уч йилдан кейин йўлларимиз айро тушган. Йиллар ўтиб, иккинчи бора турмушга чиқдим. Бахтимданми ёки омадимми билмайман, бироқ иккинчи турмуш ўртоғимни фарзандларим қабул қилишди. Уларнинг муносабатида ўгайликни сезмаганман. Йиллар давомида яна икки ўғилнинг ота-онаси бўлдик. Шундан кейин мен ўзимни фақат оиламга бағишлаганман.

Биринчи оиламдан бўлган фарзандларимга сира отаси ҳақида ёмон гапирмаганман, шунинг учунми улар ҳануз отасининг ҳолидан хабар олиб туришади.

30 ЙИЛГА ЧЎЗИЛГАН ТАНАФФУС

— Ишдан воз кегач, 30 йил давомида уйда бўлдим. Санъатнинг нонини еган инсон ундан воз кечолмайди, дейишарди. Ҳақиқат экан. Ишонасизми, болаларимнинг ташвиши билан юрсам ҳам, бир кунда бир бор ишимни ўйлаб қўярдим. Телевизорда ҳамкасбларимнинг ролларини кўриб қолсам, ҳавас билан термулиб ўтирганларимни ҳалигача эслайман. Ишонасизми, кунда, кунаро, тушларимда тасвирга олиш майдончасига бориб келардим (кулади). Шундай соғинч билан 2016 йили қорақалпоғистонлик кино ижодкорлар билан ҳамкорликда тасвирга олинган фильм орқали суртага олиш майдонига қайтдим.

“ЕТАРЛИЧА МЕҲР БЕРА ОЛМАДИМ”

— Бугун ёшим катта бўлиб, яшаб ўтган умрим, ундаги қадамлар, қарор ва хулосаларим ҳақида кўп ўйланаман. Ўқиш ва ижод билан бўлиб уч катта фарзандимга етарлича меҳр беролмаганман. Аёл учун ишдан кўра муҳим бўлган шахсий ҳаётимга ва болаларимга вақтим етмаганидан бугун афсусланишдан фойда йўқлигини ҳис этиш бироз оғир. Энди невараларимга эътиборлироқ бўлишга ҳаракат қиляпман. Буни қайсидир маънода вақтида қилган айбимни ювиш истаги, деса бўлади...

“БОЛАЛАРИМГА “КЎНГИЛЧАН БЎЛМА” ДЕЙМАН”

— Ёшим улғайгани сари характеримдаги қаътиятсизликдан кўп панд еганман. Ҳатто, унинг таъсири болаларим тарбиясида ҳам қийинчилик туғдирган. Болаларга “кўнгилчан бўлма” деб ўргатиш кераклигини ўз таржибамдан тушуниб етганман. Шуни билган ҳолда фарзандларим ва набираларимнинг шу жиҳатларига эътибор бераман. Хатоларимни улар қайтармаслиги керак. Аммо минг ҳаракат қилманг, қон тортар экан.Сумайя исмли набирамда ўзимни кўраман. Кўнгли бўш, жуда юмшоқ табиат қиз.

ОҒИР ХАСТАЛИК...

— Аёл кишининг жони қирқта бўлади, дейишади. Ҳаётий тажрибамдан билдимки, бу жонлар фақат кучли ва иродали эркакнинг қўллаб-қувватлаши билан асралар экан. Умр йўлдошимнинг вафотидан сўнг, оиланинг барча ташвиши ўзимгақолди. 4 йил ўтар-ўтмай эса инсульт бўлиб қолдим. Бугун мана кўриб турганингиздек, чап томоним ишламаяпти. Доим ҳаракатда, югуриб юрган инсон бир жойга михланиб қолишини тасаввур қилиш қийин. Болаларимга раҳмат, кўнглимни олиб, айлантириб келишади. Аммо ҳаракатсиз қолганим учун ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Яқин кунларда бир муолажага тайёрланяпман. Ўшандан сўнг оёққа туриб кетсам керак деган умидим бор. Насиб қилса, ҳали ролларим билан томошабинларни хурсанд этишни истайман.

“МЕН БАХТЛИМАН!”

— Ҳаёт ҳеч қачон бир текис бўлмайди. Унинг ўнқир-чўнқирларидан ўтиш ҳар биримизнинг пешонамизга ёзилган. Бугун мен ҳам ортга назар ташлаб, бир қанча синовларни бошдан ўтказганимга гувоҳ бўламан. Шунга қарамай ўзимни бахтли аёл деб ҳис этишим эса қувончли. Беш фарзандим, ўн набирам ва бир эварамнинг қуршовида яна узоқ йиллар бахтни туйиб яшашни ният қиламан...

****

Ота-онам, биз фарзандларига исм қўйишда албатта, энциклопедияни кўздан кечиришган экан. Исмнинг маъноси улар учун муҳим бўлган. Масалан, ўртанча опамга адолат маъбудига ҳавас қилиб Фемида дея исм беришган.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1