АсосийShou-biznes

Олмахон ҲАЙИТОВАнинг сўнгги илтимоси...

Янги йилни оилам даврасида кўтаринки кайфиятда қарши олган бўлсам-да, 2014 йилнинг илк тонги бизни яхши воқеалар билан сийламади. Кечки томон эшитган хабарим ҳаммасидан ўтиб тушди: Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова оламдан ўтибди... Қулоқларимга ишонгим келмасди. Хаёлимда тинимсиз “Наҳотки, наҳотки? Бўлиши мумкин эмас!” деган ўй чарх урарди. Ёлғон бўлиб чиқишини истаганим — бу нохуш хабар афсуски, чин эди...  Истеъдод чўққига етаклайди
 
Ҳаётлигидаёқ ўзбек санъатининг тирик афсонаси бўлишга улгурган Ўзбекистон халқ артисти
Олмахон Ҳайитова санъаткорлар оиласидан бўлмаса-да, оила-аъзоларининг бу “олам”га меҳри бўлакча эди. Отаси ўзига тўқ одам бўлгани боис хонадонидан туядан тортиб, исталган турдаги паррандаларгача топиш мумкин эди.

Олмахон Ҳайитова оилада уч ўғил ва уч қизнинг кенжаси эди. Болалигиданоқ санъатга бўлган иштиёқи сабабми, мактаб партасини чалиб лапарлар куйлар, ҳатто қўй боқиб юрганида қўлидаги тайёқни тор қилиб, қўшиқлар хиргойи қиларди. Жуда шўх-шаддод қизча бўлгани боис, ўқитувчиларини безор қилиб, гоҳ дарслардан ҳам қувиларди.
Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш кераклигини болаларча қалби билан англолмаса-да, бу соҳага бўлган меҳр-муҳаббат бошқа йўлдан боришга йўл бермади. Олмахон Ҳайитованинг санъат оламига қўйган илк қадамлари мактаб даврларидан бошланган. Чунки ҳеч бир тадбир усиз ўтмасди-да!

Олмахон Ҳайитованинг туманда ўтказилган қўшиқ танловидаги иштироки унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Куйлашини эшитган тўгарак раҳбари Олмахонни пойтахтда ўтадиган галдаги санъат танловига юборади. Республика миқёсида ўтказилган танловда лауреат бўлиб қайтади.

1959 йили Москвада ўтказилган адабиёт декадасида ҳам иштирок этиб, лауреатликни қўлга киритади.

Устоз кўрган шогирд

1961 йили устоз санъаткор Комилжон Отаниёзов “Хоразм ашула ва рақс” ансамблини ташкил этади. Ўшанда Комилжон Отаниёзов доирачисига қўшиб бир аёлни “Олма исмли қизни топиб келинглар!” деб Хоразмга юборади. Бироқ Олмахоннинг акалари бу таклифдан қувонишмайди. Аксинча “Сен артист бўлиб, юзимизни ерга қаратмоқчимисан?” дея синглисини калтаклашади. Лекин ота-онаси “Комилжон Отаниёзовнинг шахсан ўзи таклиф қилибди-ку! Бу ерда юрсанг, акаларинг санъаткор бўлишингга қаршилик қилишда давом этишади” деб, қизига оқ фотиҳа бериб, пойтахтга юборишади. Шу тариқа 1963 йилдан Тошкентдаги Қори Ёқубов номидаги филармонияда ишлай бошлайди. Ўн йил устоз санъаткор Комилжон Отаниёзов билан бирга ижод қилиш бахтига муваффақ бўлган.

“Қайта туғилсам ҳам у билан оила қурганбўлардим!”

— Олмахон Ҳайитова бир ансамблда ишлаган чилдирма ва рубоб чаладиган йигитга турмушга чиққан. Бироқ бу оила севги эмас, тақдир номли асосга қурилганди.
— 1959 йили Москвада ўтказилган Ўзбекистон кунларида Маданият уйидан юборилганлар ичида икковимиз ҳам бор эдик, — дейди Олмахон Ҳайитованинг турмуш ўртоғи Руслан Мадраҳимов. — У ердан қайтгач, Маннон Уйғур номидаги вилоят театрига бир гуруҳ хоразмликларни ансамбль тузиб олиб қолишган. Ўша ерда танишиб қолганмиз. Феъл-атворимиз бир-бирига мос келди шекилли, 1960 йили Олмахон билан оила қурдик. Ансамблда беш йил бирга ишладик. Сўнг юридик факултетга ўқишга кириб, соҳамни ўзгартирдим. Ҳозир нафақадаги полковникман. Олмахонни ҳамма жиҳатини бирдек яхши кўрардим. Қайта туғилиш имкони бўлганида ҳеч иккиланмай яна Олмахон билан оила қурардим! Уларнинг мазмунли умр кечиришганига Олмахон Ҳайитованинг бот-бот такрорлайдиган “Ҳаёт йўлларимда турмуш ўртоғимни учратмаганимда, ҳозирги Олмахон Ҳайитова ҳам бўлмасди!” деган гапидан пайқаш қийин эмас.

“Вафот этганига ишонмадим...”

— Декабрнинг бошида Хоразмда, ёнимда эди, — дейди Руслан оға Мадраҳимов. — Лекин 26-куни “Телевидениега суҳбатга чақиришган”, деб Тошкентга кетишга тараддудланди. Кетаётганида “Янги йилни пойтахтда кутаверинг, яна Хоразмга қайтиб ўтирасизми?” дедим. Бунга қадар ҳам Хоразм телевидениесидаги интервью учун икки-уч маротаба келиб кетганди-да! Узоқ йўл бўлгани учун Олмахондан ҳавотирлангандим. 30 декабр куни қўнғироқ қилиб, “Самолётга чипта олдим, 31 декабр куни тонгда мени кутиб олинг”, деди. Кайфияти чоғ, соппа-соғ эди. Йўлда толиққани учун тушликка қадар ётиб дам олди. Сўнг иккимиз бирга байрам дастурхони учун бозор қилдик. Кечки пайт “Чақириб қўйишмаяпти, бир хонадонга бориб фотиҳа қилиб қайтаман”, деди. У ердан чиққач, катта қизим билан иккинчи ўғлимизникига кетди. Янги йилни бирга кутмадик. Боиси Олмахон “Янги йилни онам яшаб-ўтган уйда кутаман! Бугун шу ерда ётиб қоламан”, деди.

Олмахон Ҳайитова байрам куни ҳазил аралаш гап орасида “Вафот этсам, уч кун онамнинг уйида меҳмон қилиб, сўнг “Охун бува” қабристонига қўйинглар. Олган мукофотларимни кичкина ёстиқчага тикиб, жоним узилганида ёнимга қўйиб қўйишни ҳам унутманглар, лекин мен  ҳали ўлмайман!” деган. Унга қараб турган келини нимадир юмуш билан ташқарига чиқмоқчи бўлганида, Олмахон Ҳайитова уни  ёнидан кетказмаган. Бу пайтда ўғли иккинчи бор келган “тез ёрдам”ни кузатишга чиққанди. Уколь таъсирида уйқу элита бошлаган пайтдагина, келинига “Майли, бораверинг, бироз ётиб ухлайман”, деган. Уй юмушларини бажариб, хабар олгани кирган келини “Ойи” деб чақирган, бироқ... Кечки соат 18:00да Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитованинг жони узилиб бўлганди...

Шифокорларнинг айтишича, инфаркт ва инсульт бир пайтда келган ва юрак буни кўтаролмаган экан...

Руслан Мадраҳимов, Олмахон Ҳайитованинг турмушўртоғи: — 1январкуни тушликка яқин келиним қўнғироқ қилиб, “Онам қон босимини туширадиган дориларини сўраяпти”, деди. Дорини олиб бордим. Ичгач “бироз дам оламан”, деди. Бир оғайнимнинг туғилган куни эди, бирров табриклашга кетдим. Соат 17:00ларда уйга келсам, осма дори олаётган экан. Тез ёрдамдаги шифокор “бирор  ёқмайдиган еган бўлсалар керак, овқатдан заҳарланган. Осма доридан сўнг аҳволлари яхшиланмаса, соат 20:00ларда яна битта осма дори қўямиз”, деди. “Уйга олиб кетаман”, десам шифокор “бир соат ётиши керак”, дея жавоб қайтарди. Олмахон “Уйга бориб, шўрва тайёрлатиб туринг”, деди. Эшикдан кириб, энди кийимларимни алмаштиргандим ҳамки келиним қўнғироқ қилиб “Ота, тез етиб келинг! Онамнинг тоби қочди”, деди. Машинага ўтирганимни биламан, ўғлим қўнғироқ қилиб “Ота... онамни бериб қўйдик...” деб йиғлаб юборди (кўзига ёш олди).

Рости, гапига ишонмадим. Олдидан кетаётганимдааҳволи яхши эди-да! Ўт қопи олиб ташланган эди,  бош мия ва юракдан биттадан томир зўриқиб,ёрилган чоғи. Тез ёрдам келиб “Шифохонага олиб кетамиз”, деганида “бормайман” деб оёқ тираб туриб олганди. Ўшанда қайсарлик қилмаганида ҳозир ёнимизда бўлармиди (йиғлаб юборди)... Шу вақтгача бирор маротаба касал бўлиб ётмаган, фақат қон босими безовта қилиб турарди.
Олмахон билан эллик беш йил бирга бахтиёр ҳаёткечирдик. Бирор марта сен-менга бормаганмиз. Бир-биримизга ҳурмат ва меҳримиз чексиз эди. 72 ёшдаман, лекин бошимизга тушган дард мени янада қаритиб юборди. Олмахонни эслаб, ҳар куни йиғлайман, ўзимни қўлга ололмаяпман... 18 январ куни Тошкентда амри-маъруф қилдик. Саксонгакирган қариялар ҳам кўзда ёш билан келишди, уч мингдан зиёд одам йиғилди. Ўша куни халққа қанчалик яқин санъаткор эканига яна бир карра амин бўлдим!  

 
Таъбир жоиз бўлса, сира қўлидан тор тушмаган, Ўзбекистонхалқ артисти Олмахон Ҳайитова ўлгани йўқ! У миллионлаб мухлислар қалби, ёди ва шубҳасиз умрбоқий қўшиқларида мангу яшайди. Ибтидо бор экан, интиҳо бўлиши ҳам табиий. Энг муҳими, ўтганнинг ортидан берилган “Яхши инсон эди!” деган сўнгги баҳо! Бу умр йўлига берилган энг юксак эътироф! Олмахон Ҳайитова ҳам бетакрор ижодкор соҳибаси, ҳам инсон сифатида шундай эътироф, эъзоз ва эҳтиромга лойиқ бўла олди!   
 
Биласизми?

  • 1940 йилнинг 6 мартида Хоразм вилоятида туғилган.[/*]
  • 1968 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган.[/*]
  • 1992 йили “Ўзбекистон халқ артисти” унвони топширилган.[/*]
  • 1993 йили “Қорақалпоғистон халқ артисти” унвони соҳибаси бўлиш насиб этди.[/*]
  • Тошкент Давлат маданият ва санъат институтида дарс берган.[/*]
  • “Хоразм ашула ва рақс санъати” номли иккита китоби нашрдан чиққан.[/*]
  • 2 ўғил, 2 қизнинг онаси, 13 невара ва 12 чеваранинг бувиси эди. [/*]
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади
 

    Бошқа янгиликлар