1

Ортиқали Қозоқов: “Италияда ўғирланган асарим ҳақида уч йил ўтиб эшитдим!”

ШОУ-БИЗНЕС 21.02.2014, 11:41
Ортиқали Қозоқов: “Италияда ўғирланган асарим ҳақида уч йил ўтиб эшитдим!”
Бу рассом ҳақида жуда кўп биламан деб ўйлардим. Ҳали шахсан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлмасам-да, дилкашлиги, одамохунлиги ҳақида эшитгандим. Бугун англадимки, у ҳақида билдим деганларим денгиздан томчи экан. Ўзбекистон халқ рассоми, санъат арбоби Ортиқали Қозоқовнинг умр бекатларида тўхталиб сиз ҳам шу фикрга келсангиз не ажаб...

1-бекат: “Нега олма пушти гуллаб, қизил, оқ мева беради?”


Рассомнинг қаерда дунёга келиши жуда катта аҳамиятга эга. Мен Наманган вилояти, Поп туманининг Санг қишлоғида дунёга келганман. Биласиз, юртимиздаги қишлоқ манзаралари жуда гўзал. Яна ҳар бир фасл ва ҳар бир ўзгариш кўз ўнгингизда рўй беради: дарахтнинг гуллаши, мева тугиши... Ёки тонгда қуёшнинг минг жозиба билан чиқиши... Бу жараёнлар менда шу қадар қизиқиш уйғотардики, ўзимга ўзим “Нега олма баҳорда пушти гуллайди-ю, қип-қизил, оппоқ ёки яшил мева беради?” дея савол берар ва жавоб топишга уринардим. Шунинг учунми, болалигимданоқ ранглар дунёсига ошуфта бўлдим. Расм чизишимга яна бир воқеа туртки бўлган: Мамасоли деган амаким ҳарбий хизматдан қайтгач, уйларини таъмирлади. Деворларни оқлаб, сўнг сиёҳ рангда нақш чизди. Нақшлар орасида аллақандай ёзувлар ҳам бор эди. Мен ҳали ўқишни билмас эдим. Нима ёзилганига жуда қизиқардим. Мактабга бориб, ўқишни ўрганганимдан сўнг ўқисам, шеър экан.  Нақш ва мисралар шу қадар уйғун эдики, мен буни бола бўлсам-да, англаганман. Энди ўйлаб қарасам, ўша онлардаёқ мурғак қалбим рангларга, суратларга мойил бўлган экан.

2-бекат: Мактабдаги кўргазма ва
юксак эътироф

Яратилган асарга муносабат ва мулоҳазалар ҳар бир ижодкорни қизиқтиради. Мен буни мактаб давридаёқ ҳис қилганман. Чунки мактабдаги деворий газетага суратлар чизардим. Деворий газета осилгач, бир чеккада туриб, болаларнинг расмга билдираётган фикрларини тинглаш шунақа завқ бағишлардики... Энг қизиғи, ўша пайтда чизган расмларимдан ўнтачасини бир йил давомида “Гулхан” журналига юборганман. Ишонсангиз, расмларим на журналда чиққан, на бирор жавоб олганман. Шундан сўнг ҳафсалам пир бўлиб, бир йил расм чизмай қўйдим. Кунларнинг бирида қўшни туманга борган бир синфдошимизнинг акаси “Гулхан” сотиб олади. Қараса, ичида мен чизган расмлар... У киши уйга олиб келди. Қарасам, афсонавий рассом Чингиз Ахмаров менга оқ йўл тилаб, чизган суратларим ҳақида мақола ёзибди. Мақола ёнида тўртта расмим ҳам бор. Бу мен, оддий мактаб ўқувчиси учун жуда юксак эътироф ва эътибор эди. Шундан сўнг бутун вужудим билан расм чиза бошладим. Шу даражада берилиб кетганманки, қишда қўлим музлаганини, ёзда офтоб уриб кетганини сезмаганман... Энг қизиғи, ўша чизган суратларим билан мактабда илк бор ўзимнинг кўргазмамни уюштиргандим. Унда ўқитувчиларимнинг портретлари ҳам бор эди.

3-бекат: “Пулдор талаба бўлганман!”


Мен ҳам талабалигимда жуда бой, яхши таъминланган эдим (кулади). Чунки “Гулхан”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Гулистон” каби журналлар билан ҳамкорлик қилиб, қалам ҳақи олардим-да!  Лекин бу билан ҳаётим камчиликсиз, қийинчиликсиз ўтган дея олмайман. Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Уйланган, энди институтда дарс бера бошлаган пайтларим эди. Ижарада яшаймиз. Янги рўзғор дегандек... Хуллас, пул тежаб ишлатиладиган пайтлар эди. Ўшанда метрога тушиш —  беш тийин. Ёнимда институтга бориш учун беш тийин бор, қайтишга йўқ. Маош берадиган сана бўлгани учун ишонч билан йўлга тушдим. Аксига олиб, ўша куни маош бермаса денг. Уйга қайтай десам, чўнтак бўш. Нима қилдим денг? Бир домламизнинг ёнига бориб “Менинг ёнимда беш сўм бор экан. Майда йўқ. Беш тийинингиз йўқми? Эртага сизга қайтараман”, дедим. Шу билан уйга кетдим. Ўшанда “Пулим йўқ!” дейишга ғурурим йўл қўймаган-да!

4-бекат: Аскарнинг музейдаги суратлари


Рассом учун дунё кўриш, турли маданият ўчоқларида бўлиш, турфа табиат манзараларини кузатиш жуда муҳим. Мен бунга ўқишни битириб, Қримга ҳарбий хизматга борганимда амин бўлганман. Маълумки, у ернинг табиати ҳам бетакрор. Шунинг учунми ҳарбий хизмат даврида чизган суратларим ҳам эътиборсиз қолмаган. Аскар бўла туриб, Севастополь ҳарбий қурувчилар саройида кўргазмамни ўтказганман. Ўша суратларим ҳалиям ўша музейда сақланмоқда.  Шукрки, ундан кейин ўнлаб давлатларда бўлдим. Шу-шу қаерга бормайин мен сурат чизишга ошиқаман. Ахир воқеликнинг ўзига қараб расм чизиш бошқача-да! Регистон майдонида туриб ёки Миср эҳромларининг ўзига боқиб расм чизишни бир кўз олдингизга келтиринг...

5-бекат: “Гули Нигор билан мактабда танишганмиз”


Рафиқам билан бир мактабда ўқиганмиз. Мен мактаб деворий газетасига расм чизсам, Гулчеҳра  ўзининг ёзган шеърлари билан қатнашарди. Ўша пайтдаёқ бир-биримизга кўнгил қўйганмиз. Унинг ҳам шеърлари Гули Нигор тахаллуси билан матбуотда эълон қилинарди. Китоблари ҳам чиқди. Икки фарзандимиз, икки неварамиз бор. Ўғлим ҳам, қизим ҳам тавсирий санъатни жуда яхши тушунади. Қизим шу соҳани эгаллаган. Ҳатто, икки ёшли неварам ҳам қўлида мўйқалам тутиб, расм чизишни бошлаган (кулади).

6-бекат: “Ўғирлик мени хафа қилмади!”


Илгари “Италия музейидан Пикассонинг ёки Ренуар асари ўғирланибди”, деса унчалик ишонмасдим. Шов-шувдек туюларди. Яқинда бир халқаро симпозиумда қатнашдим. У ерда ўн саккиз мамлакатдан келган ижодкорлар фикр алмашдик. Ўшанда бир гапни эшитиб, лол қолдим. 2011 йилда Италиянинг Милан шаҳрида олтмишдан ортиқ асардан иборат жуда катта кўзгарма бўлибди. Шу олтмишта экспонат ичида менинг “Хаёл” деган асарим ҳам бўлган. Эртасига қарашса, айнан ўша “Хаёл” йўқ эмиш. Ўғирлашибди. Интернетда ҳам бу ҳақида ёзишибди. Фақат биз бехабар. Сўнг айнан ўша “Хаёл”нинг менга териладиган, (“Қиш сонатаси” сериалидаги териб ясаладиган суратга ўхшаш) вариантини совға қилишди. Очиғи, совға мени жуда хурсанд қилди. Ҳатто, ўғирликдан ҳам хафа бўлмадим. Ахир энг катта галереядан ўзбек рассомининг асари ўғирланиши ҳазил гап эмас! (Кулади). 


[center]Рассомнинг ўғирланган "Хаёл"и[/center]

7-бекат: Дунёдаги энг бебаҳо мақтов


Ҳар куни шукрона айтаман, ота-онам менинг ютуқларимни кўрди ва ҳамон ёнимда. Шу даражага етишимда уларнинг меҳнати мислсиз. Отам 82 ёшда бўлса-да, жуда чаққон ва меҳнатсевар. Шу ёшида дарахтга чиқиб, ёнғоқ қоқади.(!) Қўлидан келмаган ишнинг ўзи йўқ. Дурадгорлик ҳам, боғбонлик ҳам, қурувчилик ҳам қилади. Мингтача бир-биридан ажойиб ва ибратли ривоятлар билади. Онам эса... Барча оналар каби меҳридарё. Бир куни онамни устахонамга олиб кириб мақтандим: “Она, қаранг мана бу асарим фалон давлатда мана шунча пулга сотилибди. Бу жуда қиммат нарх!” Онам нима дейди денг: “Болам, бу нарх сенинг меҳнатинг олдида жуда арзимас. Ахир унга сенинг қанча кўз нуринг, меҳринг, юрагинг, куч-қувватинг ва вақтинг кетган”. Бу мен учун дунёдаги энг бебаҳо мақтов!

8-бекат: “Даракчи” учун очилган сирлар


Мен ҳар доим отам каби серқирра ва меҳнаткаш бўлишга интилганман. Фақат рассомчилик билан чекланиб қолмаганимни кўпчилик билади. Бир қанча китоблар ёздим. Ўттиздан ортиқ теледастурлар муаллифи бўлдим. Баъзан шеър ҳам ёзиб тураман. Аммо юртимиздаги бетакрор бўлган нашр — “Даракчи” учун бошқа сирларимни ҳам очай. (Кулади). Балиқ овлаш энг яхши кўрган машғулотларимдан бири. Яна ҳар куни тонгда тўрт километр масофани велосипедда босиб ўтаман. Якшанба куни эса ўн тўрт киломертни. Қишлоққа борган чоғларимда эса масофа янада узаяди. Бадминтон эса рассомлик анжомларимнинг ажралмас қисми десам ҳам бўлади. Бу ўйиннинг рассом учун фойдаси жуда катта. 

[right]Наргиза УСАНБОЕВА суҳбатлашди[/right]

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1