1

“Сато” гуруҳи хатога йўл қўйди(ми?) ёхуд ким кимни тарк этди?

ШОУ-БИЗНЕС 22.02.2014, 12:46
“Сато” гуруҳи хатога йўл қўйди(ми?) ёхуд ким кимни тарк этди?
Шу кунгача фаолият юритган хонандаларнинг ижодий жамоаси, гуруҳларни тарқалиб кетишига арзимас важ сабаб бўлаётганига кўп бор гувох бўлганмиз. Бу ўринда анча йиллик тажриба, профессионаллик ўз сўзини айтишга ожиз қоляпти, чоғи... Куни кеча “Сато” гуруҳи тарқалибди”, деган гап-сўзларни эшитиб, очиғи ҳайратда қолдик. Дарров кўз олдингизга ўн йиллик меҳнат-у, катта тажрибага эга  созандалар кўз олдингизга келиши табиий! Ўзбекистондаги биринчи рақамли инструментал гуруҳ даражасига чиқа олган гуруҳ вакиллари нимани бўла олишмади?..  

 
- “Сато” беш кишидан иборат гуруҳ. Шу сабаб суҳбатда тўрт кишини кўраман, деб ўйлагандим?!

Ўткир Қодиров, созанда: - Гуруҳнинг яна икки созандаси “Сато” гуруҳида фаолиятини давом эттириш ё Тоир Қўзиев билан кетиш борасида ҳали бир тўхтамга келганича йўқ. Суҳбатга “Сато” гуруҳи таклиф этилган, мана Бахтиёр Қобилов билан қаршингиздамиз!

- Икки созанданинг иккиланишига сабаб, уларни гуруҳга Тоир Қўзиев таклиф этганими ё бошқа асослар ҳам борми?

- Гуруҳга бирини мен олиб келганман. Иккинчисини ҳаммамиз биргаликда фикрлашиб таклиф этганмиз. Иккиси ҳам гуруҳ шаклланиб бўлганидан кейин қўшилган созандалар. Аслида гуруҳда тўрт киши: Тоир Қўзиев, Бахтиёр Қобилов, мен ва продюсеримиз Файзулла Юсуфжонов бирга ижод қилардик. Сўнг икки созанда Отаназар Худойназаров ва Ғуломжон Муҳаммаджоновни гуруҳга қўшганмиз.

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Унга қадар четдан созанда ёллаб ишлашимизга тўғри келган. Бу ҳам ўзига яраша қийинчиликларни келтириб чиқарган. Шу сабаб Отаназарни “Тоир ўзингни ёшликдан бирга катта бўлган дўстинг! Бирга ишлайлик” деб Ўткир ака иккимиз ташаббус кўрсатганмиз.

- Уларнинг иккиланиши боиси нахот йиғилиб ўзаро муҳокама қилинмаган?

Ўткир Қодиров, созанда: - Ўзаро гаплашдик, лекин аниқ жавоб эшитолмадик. Уларнинг гап-сўзига қараганда Тоир билан ижод қилиш нияти бор.

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Лекин Отаназар “Тоир “бирга ишлайлик”, деса “Сато” гуруҳида фаолиятимни давом эттирмайман!” деб очиқ айтди.  
 
- Одам кескин қарорга келишига аввалдан йиғилиб қолган омиллар сабаб бўлади. Демак, гуруҳ аъзолари ўртасидаги муносабат анча олдин дарз кета бошлаган, шундайми?  

Ўткир Қодиров, созанда: -  Албатта иш бор ерда келишмовчиликлар ҳам бўлиб туради. Сўнгги уч йил мобайнида бу яққол кўзга ташланиб қолганди. Боиси продюсер ва администраторнинг зиммасида бўлган ташкилий масалалар тўғри йўлга қўйилмагани юзасидан ўзаро келишмовчиликлар бўлиб турарди. 

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Дўстлик билан ишдаги муносабатлар аралашиб кетгани боис ҳам гуруҳ жар ёқасига келиб қолди, назаримда.

- Наҳот шу арзимас икир-чикирлар профессионал созандалардан ташкил топган гуруҳни ажралишига сабаб бўла олса?!

- Юқорида таъкидлаганингиздек, камчиликлар йиғилиб-йиғилиб охири “портлади”. Гуруҳ тарқалишининг яна бир сабаби - Тоир Қўзиевга бўлган эътибор уни “юлдузлик касали”га чалинишига ҳам омил бўлди. Ваҳоланки, гуруҳ муваффақияти барчамизнинг бирдек меҳнатимиз эвазига келган! Тоирнинг бу борадаги фикри бошқачароқ... 

Ўткир Қодиров, созанда: - Тоир ўқувчим! Ҳамза номли билим юртида унга дарс берганман. Ўша кезлари “Ака, гуруҳ тузиб, бирга ижод қилсак”, деганида ҳеч иккиланмай рози бўлганман. Боиси Тоирнинг истеъдоди қай даражалигини билардим, унга меҳрим ҳам бўлакча эди. Лекин йиллар ўтиб, тарқалиб кетишимиз етти ухлаб тушимга кирмаганди.  

- Тоир Қўзиевнинг ўзи “юлдузлик касаллиги”га чалинганини тан оладими?

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Охирги суҳбатларимизда “Тоир сенда ўзгариш сезиляпти”, деб айтганимизда “Ҳа, ўзим ҳам сезяпман”, деганди.   

- Борди-ю Тоир Қўзиевга бўлаётган эътибор сизларга қаратилганида “юлдузлик касаллиги”га чалинмасдим”, деб ишонч билан айта оласизларми?

- Тўлиқ айта олмайман. Шунинг учун ҳам Тоирни тушунаман, бироқ ҳаракатларини оқлолмайман!

Ўткир Қодиров, созанда: - Йўқ, мен бу “касаллик”ка чалинмаганман!  
 
- Файласуфлардан бири “Ақлли одам қийин вазиятлардан осонгина қутилиб кетади. Доно эса мушкул холатга асло тушмайди”, деган эди. Нахот эътирозларингизни бадиий раҳбарингиз Тоир Қўзиевсиз ўзларингиз ҳал қилишни имкони бўлмаган?!

- Гап очилган экан, очиғини айтиш керак! Бир тан-у, бир жон бўлиб ижод қилишдан кўра дўстлик ришталари устун келди. Продюсеримиз икки ярим йилгина бамаслаҳат ишлади. Сўнг бизнинг танбеҳларимизни назарга илмай қўйди. Фақат Тоирнинг гапига қулоқ соладиган бўлиб қолди. Продюсеримиз ишини билмаслиги сабаб кўпинча ноқулай вазиятга тушиб қолишидан қатъий назар ўзига тегишли хулоса чиқармади. Бадиий раҳбар эса уни химоя қиламан, деб биз билан сен-менга бориб қолаверди.  
 
Бахтиёр Қобилов, созанда: - Гуруҳ вакиллари ҳамжиҳатликда ишласагина юқори поғоналарни забт эта олади. Кимнидир қоралашдан йироқмиз. Шунчаки мавжуд вазиятни очиқ-ойдин сўзлаб беряпмиз, холос. 

- Сўнгги вақтларда ижодингизда янгилик кузатилмаётганининг ҳам боиси шу экан-да?

- Тўғри, катта-катта тадбирлардаги икки дақиқалик чиқиш билан чекланиб қолингандик. Чунки гуруҳ ташкил этилгандаги мақсадимиздан оғиб кетгандик. Аниқроғи, инструментал ижод қолиб, хонандаликка урғу кўпайиб кетганди-да!

- Бу кимнинг хатоси?

- Ҳар биримизнинг!  

- Гуруҳ тарқалиши борасида иккита талқин юрибди. Бири “Тоир Қўзиев “Сато” гуруҳини тарқатиб юборибди”, иккинчиси “Тоир Қўзиев гуруҳни тарк этибди”. Қай бири ҳақиқат? 

Ўткир Қодиров, созанда: - Уч-тўрт ой аввал Тоир “хонанда сифатида ишламоқчиман”, деган фикрни билдирганди. Анъанамизга кўра йил сўнгидаги йиғилишимизда Тоир “Гуруҳни тарқатамиз, алоҳида ижод қилмоқчиман!” деди. Шунда “Биз “Сато”да ижод қилишни давом эттирамиз!”, деганимиздан сўнггина кетиш борасидаги қатъий қарорини айтиб, “Унда “Сато” гуруҳи бўлиб ишлайверинглар”, деди. Ва бу масалага нуқта қўйилди. 

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Гуруҳни асл холича сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Чунки бундан майда низолар ҳаётимиз давомида содир бўладиган вазиятлар олдида хасчалик ҳам эмас! Бироқ Тоир қарорини ўзгартирмади. “Сато”ни бирор вакили ўзича гуруҳни тарқатиб юборишга ҳаққи йўқ! Чунки бу гуруҳ биргаликда, ҳамфикрликда тузилган.

- “Тоир Қўзиев чақирса, у билан ишлаймиз”, деган фикрини билдирганидан қатъий назар иккиланётган иккита созанда гуруҳга қайтса қабул қиласизларми? 

Ўткир Қодиров, созанда: - Албатта қабул қиламиз! Улар билан дўстона хайрлашганмиз. Тоирни ўзи “гуруҳга қайтаман!” деса ҳам бажонидил!

- Тоир Қўзиев гуруҳни тарк этган бўлса, фаолиятингизни асл холича давом эттирасизларми ё яна кимдир хонандаликка даъвогарлик қиладими?  

- Инструментал гуруҳ бўлишимиз аниқ! Лекин ҳозирча гуруҳга нечта созандани қабул қилишимиз борасида аниқ тўхтамга келганимиз йўқ. Бироқ келажак учун режалар, янги ғоялар тузиб қўйдик. Бу борада ишни йўлга қўйдик ҳам! 

- Маҳмуд Намозов “Сурхон”ни тарк этгач, гуруҳ аввалги мавқеини сақлаб қолди, деёлмаймиз. “Сато” ҳам худди шу жараённи бошидан кечирадими? 

- Лекин Махмуд Намозовнинг рейтинги бир қадар тушди ҳам! Тўғри, балки “Сато” гуруҳининг янги таркиби ҳам шу жараённи босиб ўтар. Буни вақт кўрсатади. Лекин олдимизга катта мақсадларни қўйдик.   

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Бу гал аввалгидек оғзаки эмас, ёзма равишдаги маълум қоидаларга эга шартнома асосида ишлаймиз! 

- Тоир Қўзиев Германия сафарида бўлгани боис ҳаммани бир ерга йиғишни имкони бўлмади. Қайтгач, юқорида билдирган фикрларингизни инкор этиши мумкинми?  

- Балки тан олар, балки йўқ! Бу ўзига хавола. 

- Одатда уйдаги гапни кўчага овоза қилиш одобдан эмас. Бироқ сизларнинг можароингиз оммага тарқалиб кетди. Ими-жимида ҳал этишнинг ҳам имкони бўлмадими?

Ўткир Қодиров, созанда: - Бундай хабарни ўзимиз шогирдларимиздан эшитиб ҳайратга тушдик. Маълумот бегона орқали тарқалмагани табиий. Лекин мен ёки Бахтиёр тарқатмагани аниқ!   

Бахтиёр Қобилов, созанда: - Бир шогирдим келиб “Маблағ сабаб тарқалиб кетаётган экансизлар-а?” деса бўладими (кулади)? Ҳайрият ҳеч бўлмаса бу борада шартнома тузган эканмиз. Гуруҳда ҳаммамиз тенг маош олардик. Бу борада сира сен-менга бормаганмиз! Ўртамиздаги муаммолар гап кўтаролмаслик, танбеҳларимиздан гуруҳнинг бошқа вакиллари чарчагани сабаб келиб чиқди, холос.

- Можародан қандай хулоса чиқардинглар?

Ўткир Қодиров, созанда: - Демак, ўзгариш вақти келган, деган хулоса қилдим.
Бахтиёр Қобилов, созанда:
- Нима бўлишидан қатъий назар ижодни давом эттиришимиз лозим! Лекин бундан буён “қатиқни ҳам пуфлаб ичамиз”... 

Таҳририятдан: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев Германия сафаридан қайтгач, мазкур масала юзасидан у билан ҳам фикрлашамиз.


“Сато” гуруҳининг икки созандаси билан ҳам боғланиб, фикрларини билишга уриндик...
Отаназар Худойназаров, созанда: - Ҳали бир қарорга келмадик. Тоир сафардан қайтгач, бу масала юзасидан у билан гаплашасиз. 

- Гуруҳда қолиш ё Тоир Қўзиев билан биргаликда ижод қилиш ҳақида шахсий фикрингиз бўлиши керак-ку!

- Тоирни таклифига қараб, бирор қарорга келамиз. Ҳозирча бирор нима деёлмайман. 

Ғуломжон Муҳаммаджонов, созанда: - Тоир ака Германиядан келгач, маслаҳатлашиб оладиган гапларимиз бор. Шундан сўнг бирор фикр айта олишимиз мумкин. Яхшиси Тоир ака келгач, биргаликда бафуржа саволларингизга жавоб берамиз.  

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1