Ражиб Томасни оиласидагилар “Ражи ота”деб чақиришади. У ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ишга қўл урди. У ОИТС ташхиси қўйилгандан кейин ота-онаси томондан ташлаб кетилган 22 нафар болани асраб олди ва Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида жойлашган уйига олиб келди. Улар ҳозирда 44 ёшли Ражибнинг рафиқаси ва 2 нафар фарзанди билан бирга яшашмоқда...
Ражибнинг рафиқаси йигирмадан ортиқ болага уч маҳал овқат тайёрлаш билан банд бўлганда, у болаларнинг билим олиши ва соғлиги ҳақида қайғуради. Ражибнинг айтишича, шунча болани боқиб олишига касалхона олдида бўлган тасодифий учрашув сабаб бўлган.
“Касалхона кўчасида озғинлигидан қоқсуяк бўлиб қолган қизчанинг ерда ухлаб ётганини кўрдим. Унинг ОИТС касаллигига чалинганини, ота-онаси ташлаб кетганлигини билдим. Ундан “Овқат ейсанми?” деб сўрадим. Қизча угра ейишни хоҳлаётганини айтди. Аксига олиб, ён-атрофдан угра тополмадим ва унга эртага келишга ваъда бердим. Эртаси куни келганимда, қизча йўқ эди. Суриштирганимда унинг вафот этганини айтишди. Бу хабардан ларзага келдим ва бундай оғир аҳволга тушиб қолган болаларга қандай ёрдам беришим мумкинлиги ҳақида ўйладим”, деб хотирлайди Ражиб.
Шундан кейин у касалхонадаги ОИТС бўйича мутахассис аёлга учрашиб, бемор болаларни асраб олиш нияти борлигини билдирди. Шифокор аёл унга ота-онаси ташлаб кетган иккита чақалоқни асраб олишда ёрдам берди.
"Аввалига жуда қийналдик. Уйимизда бор-йўғи битта кўрпа борлигидан, унга 4 та бола ва рафиқамни ётқизиб, ўзим қуруқ ерда ётишга мажбур бўлдим. Кейинчалик раҳми келган одамлар бизга кўрпа-тўшак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул эҳсон қилишди. 4 кишидан иборат оилам аста-секинлик билан 24 кишилик оилага айланди. Менинг ОИТСга чалинган болаларни асраб олаётганимни эшитган бошқа касалхоналар ҳам бемор болаларни менга юборадиган бўлди. Барча асраб олган болаларим мени дада, деб чақиради. Отанинг вазифаси эса ўз фарзандларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Умуман олганда, мен жудаям катта қаҳрамонлик кўрсатганим йўқ, балки ўз фарзандларимга ғамхўрлик қилмоқдаман" дейди Ражиб.





