1

ПРЕЗИДЕНТ ИБРОҲИМ ҒАФУРОВНИ 80 ЁШИ БИЛАН ҚУТЛАДИ

МАДАНИЯТ 28.12.2017, 10:04
ПРЕЗИДЕНТ ИБРОҲИМ ҒАФУРОВНИ 80 ЁШИ БИЛАН ҚУТЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуровни 80 ёши билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуровга
Муҳтарам Иброҳим Усмонович!
Авваламбор, Сизни камолот ва донишмандлик фасли – табаррук 80 ёшингиз билан самимий муборакбод этаман.
Эл-юртимиз Сизни ноёб истеъдоди ва самарали ижоди билан жамиятимизнинг маънавий ва ижтимоий равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган атоқли маърифатпарвар адиб, йирик олим, фаол жамоат арбоби сифатида яхши билади ва юксак қадрлайди.
Сизнинг йигирманчи аср ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган буюк сўз санъаткорларининг мураккаб ва ибратли ҳаёт ва ижод йўлига бағишланган теран адабий тадқиқотларингиз, “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” сингари ўқувчилар қалбидан чуқур жой олган китоб ва рисолаларингиз ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.
Айни пайтда адабиёт ихлосмандлари Сизни бадиий таржима соҳасида ўзига хос мактаб яратган, миллий адабиётимиз хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшган беназир ва моҳир таржимон сифатида эътироф этадилар.
Ўзбек китобхони Сизнинг заҳматли изланишларингиз туфайли жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини, жумладан, Лев Толстой, Ги де Мопассан, Фёдор Достоевский, Жеймс Жойс, Эрнест Хемингуэй, Фридрих Ницше, Габриэл Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов сингари бетакрор ижодкорларнинг асарларини ўз она тилида ўқишга муваффақ бўлди.
Юксак малакали ношир ва ҳассос публицист сифатидаги Сизнинг фидокорона хизматларингиз мамлакатимизда нашриёт-матбаа соҳаси ва миллий журналистикамизни равнақ топтиришга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Доимо янгиликка интилиб яшайдиган, жонкуяр ва меҳрибон устоз сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ёшларга сабоқ бериб, кўплаб истеъдодли шогирдлар тарбиялаганингиз ҳар томонлама таҳсинга лойиқдир.
Ватанимиз мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб Сиз Олий Мажлис депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари сифатида демократик ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш, хусусан, миллий қонунчилигимиз асосларини мустаҳкамлаш ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида жонбозлик кўрсатдингиз.
Сизнинг мамлакатимиз тараққиёти ва жамиятимиз равнақи йўлида олиб бораётган кўп йиллик самарали хизматларингиз давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони билан тақдирланганингиз барча адабиёт мухлисларини албатта қувонтиради.
Ватан ва миллатга, сўз санъатига садоқат ҳақида сўз борганда, жамоатчилигимиз, халқимиз, биринчи навбатда, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган Сиз каби илғор фикрли зиёлиларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга олиши табиийдир.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнлар янги, юксак босқичга кўтарилиб, ҳал қилувчи кучга айланаётган бугунги кунда Сиз сингари чуқур билим ва ҳаётий тажрибага, фаол ижтимоий позицияга эга бўлган, қалби, виждони уйғоқ замондошларимизнинг ҳаётдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Сизнинг мана шундай улуғ ва табаррук ёшда ҳам фаол ва жўшқин ижод билан шуғулланаётганингиз барчамиз учун, аввало, навқирон истеъдод эгалари учун юксак ўрнак ва ибрат намунасидир.
Ижод ва илҳом завқи Сизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, янги-янги асарлар қувончи доимо ёр бўлишини тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1