Оддий одамлар учун машҳур инсонлар билан шахсан учрашиш ҳар қандай қимматбаҳо совғадан ҳам азиздир. Юлдузлар буни яхши тушунганлиги учун ҳам бундай учрашувларни қувонч билан кутиб олишади. Бутун оламда бундай машҳур инсонлар кўплаб топилади. Қуйида сизни мухлислари учун хайрли ишларга қўл урган машҳур инсонлар билан таништирамиз.
Ногиронлик аравачасида баскетбол ўйнаган Жерар Пик
“Барселона” футбол клубининг машҳур ҳимоячиси Жерар Пик оёғи фалаж бўлиб, ногиронлик аравачасига михланган одамлар билан тенг бўлиб, баскетбол ўйнаш учун атайлаб ногиронлик аравачасига ўтирди. Баскетбол АҚШда илк бора ўтган асрнинг 40 йилларида кириб келганига қарамай, у яқинда Паралимпиада ўйинлари рўйхатига киритилган. Мазкур тадбир Испаниянинг бош мия ва умуртқадан жароҳатланган инсонларга ёрдам берувчи махсус тиббиёт маркази — “Гуттмана” институтида бўлиб ўтган эди. Тадбир Laures фонди томонидан “Эзгулик йўлидаги спорт” шиори остида ташкил этилган. Унинг мақсади ижтимоий ишлар билан жисмоний фаолликни бирлаштиришдан иборат эди. Фонднинг мазкур акциясида турли спорт тури билан шуғулланувчи 15 та машҳур спортчи қатнашган. Уларнинг орасида Жерар Пик ҳам бор эди.
Ака-ука Запашнийлар болалар жарроҳлик илмий марказига йўлбарс билан ташриф буюрди
Болалар травматологияси ва жарроҳлик институтига ака-ука Аскольд ва Эдгар Запашнийлар ўзларининг Марфа лақабли йўлбарси билан ташриф буюришди. Шахтерск шаҳрида яраланган бемор бола Иван Воронин улар билан учрашишни орзу қиларди. Боланинг оёқлари, бир қўли йўқ ҳамда кўзлари умуман кўрмайди. Отишма вақтида Ванянинг отаси ва укаси ҳалок бўлган. Унинг ўзи эса Россияга эвакуация қилинган.
Ака-ука Аскольд ва Эдгар йўлбарс Марфани институт холлида қолдириб, Ваняни унинг олдига олиб келишди. Бола йўлбарсни сипалади ва ундан умуман қўрқмаганлигини маълум қилди.
Ногирон бола билан учрашган Эдгар ўз фикрлари билан ўртоқлашди: “Аслида “Жасорат” ва “бола” деган сўзлар ўзаро боғланмаслиги керак. Бугун мен учрашган 9 ёшли боланинг яшаш учун жасурлик билан курашишини, хурсандчилик учун куч топаётганлигини кўриб, унинг жасоратли бола дейишдан бошқа сўз тополмадим. Ваняни қўлимга олар эканман, кўзим жиққа ёшга тўлди...”
Кетиш олдидан ака-ука Запашнийлар болага учрашувларидан эсдалик бўлиб қолиш учун ўйинчоқ йўлбюарсни ҳадя этишди.
Мария Шарапова саратонга чалинган Санни Логан билан теннис ўйнади
Машҳур теннисчи, Чернобиль АЭСида жабрланганларга ёрдам берувчи хайрия фондининг асосчиси Мария Шарапова саратоннинг кам учрайдиган лимфома турини енгган қиз Санни Логан билан учрашиб, теннис ўйнади. Санни машҳур теннисчи Мария Шарапова билан учрашишни анчадан бери орзу қиларди. У касалликка чалингунга қадар теннис билан шуғулланган. Унинг айтишича, оғир касалликни енгишида, бедаво дард устидан ғалаба қозонишида тенниснинг роли жуда катта бўлган.
Санни Логан билан учрашган Мария Шарапова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Санни яхши теннис ўйнаркан. Ундан моҳир спортчи чиқади”.
Кичик Роберт Дауни 7 ёшли Алексга “темир қўл”ни совға қилди
“Темир одам” фильмида роль ўйнаган кичик Роберт Дауни 7 ёшли, туғма бир қўли йўқ Алекс Принг исмли болакайга фильмдаги машҳур қаҳрамоннинг қўлига ўхшаш “темир қўл”ни совға қилди. Протез қўл Альберто Манеро асос солган Limbitless Solutions компанияси томонидан тайёрланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади кам таъминланган оила фарзандлари учун бионик протезлар тайёрлашдан иборатдир. Бир дона протез 350 доллар туради ва ҳақиқий қўл-оёқлардан деярли фарқ қилмайди. Алекс Принг севимли актёри томонидан тақдим этилган “темир қўл”ни ҳаммага хурсандчилик билан намойиш қилди.
Игорь Акинфеев хосписдаги болани ЦСКА спорт базасига таклиф қилди
ЦСКА футбол терма жамоаси дарвозабони Игорь Акинфеев ўзининг кичкина мухлиси Сергей Зенкинни ЦСКА спорт базасига таклиф қилиб, учрашув уюштирди. Сергей операция қилиш мумкин бўлмаган, бедаво мия ўсимтаси касаллигига чалинганлиги учун хосписда даволанган.
Сергей ЦСКА базасида нафақат севимли дарвозабони билан, балки жамоа мураббийи Леонид Слуцкий билан ҳам учрашди, шу билан бирга ўйинчалар Зоран Тошич, Василий Березуцкий ва Сергей Игнашевичлар билан ҳам суратга тушди.
Сергей ўзининг севимли кумирлари билан футбол янгиликлари, бўлиб ўтган матчлар, яқин ўртадаги режалари ва жамоанинг машғулотларида қатнашиш истагида эканлиги ҳақида суҳбатлашди. Бундан ташқари, у Игорга ўзининг касаллик ташхисини қандай билганлигини, даволаш курслари қандай кетаётганлиги ҳақида гапириб берди. Сергей бедаво дардга чалинганлиги ҳақида сўзлар экан, кўзлари ёшга тўлди...
Учрашувдан кейин Сергей Зенкиннинг онаси бундай учрашувлар ўғлининг кайфиятини кўтаришини, яшашга ундаши ҳақида гапириб, қолгани ўз-ўзидан йўлга тушишини билдирди.
“Воронин”лар сериалидаги актёрлар хосписда даволанаётган Лизанинг кинопавильонга келишига ёрдам беришди
“Маёқли уй” болалар хосписида даволанаётган 8 ёшли Лиза “Воронин”лар ёрдамида суратга олиш майдончасига келди. Қизча саратоннинг даволаб бўлмайдиган турига учраб, кўзлари ожиз бўлиб қолган. Унинг кўзлари кўрмаса-да, “Воронин”лар телесериалининг ўндан ортиқ сериясини бир кунда томоша қилиб, эшитишдан чарчамайди.
Суратга олиш майдочасида у ўзини оператор сифатида синаб кўрди ва “Мотор!” деб буйруқ берди, навбатдаги эпизодни ўқиб берди ҳамда микрофонни тутиб турди. Кинопавильонда Лиза ўзини ўз уйидагидек ҳис қилди. Ҳаттоки сериал режиссёрига болаларга хос бўлмаган тарзда, катталардек маслаҳат берди.
Юлия Савичева хосписдаги Соня учун куйлади
Хосписнинг 14 ёшли мижози Соня “Вепа” хайрия фонди ходимлариги хонанда Юлия Савичева билан учрашишни орзу қилишини билдирди. Эртаси куни эса қизнинг орзуси амалга ошиб, хонанда Юлия Савичева билан учрашди.
Соня операция қилиш мумкин бўлмаган, бедаво мия ўсимтаси касаллигига чалинган. Учрашув вақтида аҳволи оғирлигига қарамай, у икки соат вақтини Юлия Савичева билан ўтказди. Улар бирга қўшиқ куйлашди, суҳбатлашишди. Юлия Савичева унга дастхати қўйилган дисклар ва пирожнийлар совға қилди. Кетиш олдидан хонанда Соняни концертига таклиф қилди ва уни залдаги одамлар орасидан топишга ваъда берди.
Яширинча касал болаларга ёрдам берган “Локомотив”нинг собиқ хоккейчиси, марҳум Иван Ткаченко
Эзгулик ҳақида сўз юритилар экан, Иван Ткаченкони эсламасликнинг иложи йўқ. Ярославлнинг “Локомотив” жамоаси хоккейчиси то ўлимига қадар онкологик хасталикларга чалинган бемор болаларга яширинча ёрдам бериб келган.
Воронежлик 16 ёшли Диана Ибрагимовага лимфа соҳасидаги лейкоз деган даҳшатли ташхис қўйилди. Қизни фақатгина катта маблағ талаб қилувчи операция қутқариши мумкин эди. Диананинг онаси Иван Ткаченко ҳалок бўлгандан кейингина қизининг ҳаётини айнан у сақлаб қолганлигини
билди. Диана Ибрагимованинг операцияси учун у икки маротаба 500.000 рублдан пул ўтказган.
Баъзида олам ўзининг бешафқатлиги, одамларнинг пулга ружу қўйганлиги билан бизни тушкунликка тушириб қўяди. Аслида бундай эмас. Машҳур инсонларнинг эзгулик йўлида бажарган ишлари бунга яққол мисол бўлади. Баъзан оддий одамлар ҳам шундай эзгу ишларин амалга оширади, бундан биз ҳар доим ҳам хабар топавермаймиз.