Аёл матонати ҳақидаги ўзбек фильми — “Назира”

МАДАНИЯТ 16.01.2018, 14:55
Аёл матонати ҳақидаги ўзбек фильми — “Назира”

Аёлни қанчалик ожиза демайлик, унинг кучли ирода ва ғайрати олдида дунёнинг ҳар қандай муаммоси арзимасдек туюлади, Режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг 8 йиллик танаффусдан сўнг тақдим этган “Назира” фильми эса юқоридаги фикрларимизни яна бир карра исботлайди. Биз билан бир замонда яшаган Назира Шодмонова ҳаёти бадиий асарга айлантирилган кинокартинада ўзбек аёлининг нақадар сабр-қаноатли, ҳақиқатпарвар, фарзандларининг ҳотиржамлигини бахт, деб билганига гувоҳ бўласиз...

“Назира” фильми ижодкорлари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашишга қарор қилдик. Зеро, кинокартина воқеаларида кўрсатилган кечинмалар ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди.


“Мен учун Назира ҳақиқий қаҳрамон!”

— Жаҳонгир ака, салкам 8 йилдан сўнг навбатдаги бадиий фильмингизни томошабинлар эътиборига ҳавола этдингиз.

— Хабарингиз бор, ўтган вақт давомида бир қанча лавозимларда фаолият юритдим. Расмий ва ташкилий ишлар билан кино суратга олиш бироз қийин. Аммо орадан шунча вақт ўтганига қарамай, ўзим ишлашни истаган жанрдаги ижод маҳсулини тақдим этдим. Биласизми, Назира Шодмонованинг ўғли Шокир Холиқов менга онасининг ҳаётини сўзлаб берганида, жуда таъсирланганман. Фильмда ҳам қаҳрамонларнинг ҳаётдаги исмларидан фойдаланилган. У аёлнинг қийинчиликларга дош бера олгани, шу билан биргаликда ўзлигини йўқотмасдан, фақат олдинга интилиши ва сабрини йўқотмаганига тан бермасдан илож йўқ. Бир инсоннинг тақдир йўлидан илҳомланиб сценарий ёзганмиз. Фильм воқеаларида бадиий тўқималар жуда оз. “Назира”нинг 70-80 фоиз воқеалари реал ҳаётдан олинган.

— Фильмнинг режиссурасига тааллуқли бир жиҳатга аниқлик киритмоқчи эдим. Воқеалар давомида Назиранинг ўнта боланинг онаси экани бир неча бор таъкидланган бўлса-да, кадрда фақат икки ўғли ва қизини кўрдик, холос...

— Эътибор берган бўлсангиз, фильм икки соатдан кўп давом этади. Агар вақтини ундан оширсак, “прокат” қонунларига зид бўларди. Аслида кадр ортида қолган воқеалар жуда кўп. Насиб қилса, бир йилдан сўнг “Назира”нинг сериал варианти эфирга узатилади. 6 қисмдан иборат, ҳар бири 50 дақиқа давом этадиган сериалда воқеалар ривожини тўлиқ кўриш мумкин бўлади.


— Фильмда аёлнинг иродаси нақадар кучли эканини исботлаш билан бирга айрим эркакларнинг заиф томонларини ҳам кўрсатиб бергансиз. Масалан, Назиранинг умр йўлдошини олайлик. У эр сифатида рафиқасини туҳматлардан қутқара олмади. Эркак киши сифатида буни кўрсатиш, қабул қилиш сиз учун қийин кечмадими?

— Мен бу ҳолатни бироз бошқача таърифлаган бўлардим. Инсон хоҳ у эркак бўлсин ёки аёл, қалбида ёниб турган ўти бўлса, у ҳатто, ҳадди сиғмаган нарсалардан ҳам ортиғини бажара олади. Фильмнинг воқеасида эса ана шу юракдаги вужур Назирага тегишли эди. Ҳаёти давомида ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳақиқатни излаб, у учун курашиб, ҳатто “коррупция ва бюрократизмни енгаман”, деган аёл эди у. Шахсан мен ана шундай кучли феъл-атворга эга бошқа қаҳрамонни кўрмадим. Шунинг учун ҳам кинокартинамизда биз замонамизнинг қаҳрамонини ана шу аёл тимсолида кўрдик.

— “Назира” орқали томошабинга айтар сўзингиз...

— Ҳеч аҳамият берганмисиз, бугунги замонамизнинг одамлари жуда нозиклашиб боряпти. Салгина шамол тегса жабирланиб қолаётгандек. Бундай заифлик билан ҳаётнинг синовларига бардош бера олмаслигимиз аниқ. Аслида, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, авваламбор ўз олдига қўйган мақсадига эришиши керак эмасми? Йўлида учраган сувни симириб, тошни кемириб, тўхтамасликни ўрганишимиз керак! Бахт, тўкин ҳаёт шунчаки берилмайди. Бунинг учун курашиш, маълум бир қийинчиликлардан ўтишимиз шарт. Инсонлар мана шу муҳим нарсани ёдида тутишларини истадим.

Яна бир гап, аксарият ҳолатларда аёлнинг вазифасини фақат фарзанд дунёга келтириб уни тарбиялашда, деб биламиз. Аммо “Назира”нинг қиёфасида томошабин аёл фақат биргина шу билан чекланмаслигини кўриш мумкин. Қаҳрамонимиз ўнта фарзанд кўриб, улғайтириб, ўқитиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмак берган ва шу билан биргаликда ўзи ҳам Ўзбекистоннинг биринчи тадбиркор аёлларидан бирига айланган. Фильм орқали аёл бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан эса дунёни тебрата оладиган кучга эгалигини исбатлагим келди.


“Назира” деб соғлиғимдан кечганман”

Шодия Абдуқодирова, (Назиранинг ёшлигини ижро этган): — Биласизми, доим замонамиз қаҳрамони, дея бонг урамиз-у, лекин нега ўша қаҳрамон аёл киши бўла олиши мумкинлиги ҳақида кам ўйлаймиз. Ҳатто аёллар учун атаб ёзилган сценарийлар ҳам кам. Аслида оила ва ишни бирдек уддалаш, жамиятда ўз ўрнини топиш бизга икки карра қийинчилик туғдиради. Шу маънода, “Назира” фильми айни пайтида намойиш этилган, зарур кинокартина бўла олди.

Реал воқеаларга асосланган фильмнинг ҳаётдаги қаҳрамони билан танишишга улгурмадик. Назира ая 61 ёшда, оғир хасталикдан оламдан кўз юмган экан. Аммо ўғилларининг “Онам биз учун ҳамма нарсадан воз кечиб, қийинчиликларга дош бера олган аёл. Ҳеч бўлмаса, волидам учун фильм суратга олишимиз керак”, дея таклиф киритишганди.


Аслида актриса сифатида ҳеч қачон роль ижро этиб қийналмаганман. Ҳар қандай кучли ҳис-ҳаяжонли қаҳрамонларни гавдалантира олишимга ишонардим. Аммо тан олишим керак, бу гал жуда қийналдим. Сабаби, фильмнинг суратга олиш жараёнида иккинчи фарзандимга ҳомиладор эдим. Шу ҳолимда, қаҳрамонимнинг эмоционал саҳналарини ижро этиб, ҳатто бир неча бор тобим ҳам қочди. Назиранинг ёши катта даврини ҳам ўзим ижро этишим керак эди, бироқ соғлигимда муаммолар юзага келмаслиги учун бу даврни Муяссар Бердиқулова ўйнади. Нимаики бўлмасин, бари яхшиликка, дейишади-ку. Назаримда, Муяссар Бердиқулова Назиранинг катта ёшдаги даврига мендан кўра кўпроқ мос тушган. Тажриба, ташқи кўриниш, умуман ҳар жиҳатдан ролни тўлдириб турибди.

“Фильмнинг ҳар бир саҳнаси мен учун синов бўлди”

— Ўрта ёш актрисаларга кинода бош қаҳрамон ролини ижро этиш бир омад...

Муяссар Бердиқулова: — Ҳақсиз. Ҳеч иккиланмай айтишим мумкин, Назира ҳар бир тенгдош ва мендан кичик ҳамкасбларим ҳам орзу қилиб, узоқ кутган роллардан бири. Аслида ҳар бир ёшда ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилиш бу ижодкорнинг омади. Бу бахт айнан менга ва шу ёшимда берилганидан ҳурсандман.

Биринчидан фильм психологик драма жанрида, иккинчидан Жаҳонгир Қосимовнинг талабларида жудаям чархландим. Ҳатто битта эпизод устида бир кун давомида ишлаган пайтларимиз ҳам бўлди. Ҳар бир саҳнани ижро этганда ич-ичимдан эзилиб, “наҳотки, вазифани тушуна олмаяпман?” деб йиғладим. Бугун эса шу қадар талабчан ижодий гуруҳ билан ишлаганимдан жуда фахрланаман. Ортга назар ташлаб, қайсидир саҳнани ижро этиш осон бўлганини эслолмайман. Ҳар бири ҳақиқий синов эди. Аммо ижодкор учун бу қийинчиликлар, ҳақиқий роҳат экан!



“Золим қайнонаман...”

— Тўти ая, сизни доим ижобий ролда кўриб ўрганиб қолган эканмиз. “Назира”да салбий қаҳрамонни гавдалантиришга сизни қандай кўндиришди?

Тўти Юсупова, Назиранинг қайнонаси роли ижрочиси: —Жаҳонгир билан илк бор 1989 йилда ҳамкорлик қилган эдик. Ўшанда “Жангак” фильмида кинодаги биринчи салбий – амма ролини ижро этганман. Орадан сал кам ўттиз йил ўтиб, яна салбий қаҳрамонни гавдалантиришимни айтди. Қандай кўндирганини ўзим ҳам билмайман (кулади). Аммо таклифини қабул қилиб адашмадим. Томошабин мени бундай золим қайнона ролида умуман кўрмаган. Фильмдаги ролим унча катта бўлмаса-да, вазиятни кескин ҳал қилиши билан эътиборга лойиқ.

“Жамиятимиз ҳаётига тутилган кўзгу"

Нигора Умарова, санъатшунос: — Мавлоно Румий "Қанотим йўқ, ва лек, учмоқдаман", деб ёзган эди. Агар инсонда сабот бўлмаганда эди, ўзининг юксак мақсадига эришмаган, турмушнинг майда икир-чикир ташвишларига ўралашиб ўзи ҳам майдалашиб қолган бўларди. Юқорида келтирилган ҳаёт ҳикмати эса гўё фильм қаҳрамонига атаб битилгандек. Назиранинг тақдирини кинотасмага туширишда режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг ҳаёт ҳақиқатини кино санъатидаги намойишига гувоҳ бўламиз. У ўз олдига қўйган мақсадига эришиш йўлида турмушнинг “мушти”, тақдири азалнинг “тошли” зарбаларига қарамай оилам, фарзандларим, элим-юртим, деб яшаган замонамиз қаҳрамони сифатида гавдаланган тадбиркор аёл қиёфасида намоён бўлган.

Фильм яқин 25-45 йилдаги воқеаларни ўзида акс эттиргани, юртимизда ҳозир кечаётган жараёнларда кўтарилиб, ечилиши шарт бўлган масалаларнинг ёритилиши жиҳатидан долзарб аҳамият касб этади. Кинокартинадаги воқеалар "ялтир-юлтур", "жимжималар"дан ҳоли, бироқ унда ҳаётнинг аччиқ-чучуклари кўрсатилган. Агар инсонда эътиқод, ирода кучли бўлса, уни на туҳмат, на маҳаллий бошқарув тизимининг ўша пайтдаги (1994-2000 йиллар) бюрократик тўсиқлари енга олмаслиги фильм воқеаликларида яхши очиб берилган. “Назира” ана шу жиҳатдан томошабинга қадрдон бўлиб қолса керак. Чунки ундаги ракурс жамиятимизнинг ҳаётига тутилган кўзгу сифатида олинган.

Актрисалар Шодия Абдуқодирова ва Муяссар Бердиқулова ижро этган Назира Шодмоноваларнинг қиёфасида феъл-атвор жиҳатдан бир-биридан фарқли тарафлари бор. Бири ўз орзулари йўлида ҳаракат қилса, иккинчиси ақл ва юрак билан уйғунлашган қатъият орқали ҳаракат қилади. Образнинг умумий тарафи эса Назира Шодмонованинг синмас ва букилмас иродаси ҳисобланади.

ФАКТ:
  • Фильм воқеалари Қашқадарё вилоятида сурат олинган.
  • Сценарий муаллифи: Фаҳриддин Низомов.
  • Тасвирчи: Рустам Муродов.
  • Рассом Алишер Умирзоқов
  • Иккинчи режиссер Ахмад Унарбоев
  • Мантаж устаси Баҳодир Қосимов

Алия СУЛАЙМАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1