2018 йил 18 январь куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилояти Иргиз туманида автобуснинг ёниши содир бўлди, ёнғин натижасида 52 фуқаро ҳалок бўлган ва 5 нафари жабрланган. Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчиларнинг кўпчилик қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади, дейилади Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарномасида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра Бош Вазир бошчилигида махсус Ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Унинг таркибига Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идораларнинг вакиллари киритилган.
Махсус Ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилди.






