Тожикистон Республикасининг Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги Сармояларни дастурлаштириш ҳамда минтақаларни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Асқар Нурализода 11 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар берди “Спутник Таджикистан” нашри.
У ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида мамлакат коррупцияга қарши кураш маҳкамаси ходимлари томонидан ярим миллион доллар миқдорида пора олгани учун қўлга олинган эди.
У Тожикистон Республикаси ЖКнинг «йирик миқдорда пора олиш» моддаси билан айбдор деб топилди.
Суднинг амалдорга нисбатан ҳукми 10 январда чиқарилган, бироқ бу ҳақда эндигина маълум бўлди. Қонун нормаларига кўра, судланган ва унинг ҳимояси суд қарорига ҳукм эълон қилинганидан сўнг ўн кун давомида шикоят аризасини бериши мумкин.
Мамлакат Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, у бу пулларни Жалолиддин Балхий туманида яшовчи фуқародан олган. Эвазига эса туманда паррандачиликни ривожлантириш бўйича инвестициялар давлат дастурига тегишли банд киритилиши ҳамда кейинчалик ушбу шахс бунга 10 млн доллар миқдорида грант олиши керак бўлган.
Умуман олганда, Асқар Нурализода, агентлик маълумотларига кўра, бўлажак грантнинг умумий ҳажмидан 10 фоиз, яъни 1 млн доллар миқдорида пора сўраган. Шу тариқа, Нурализода поранинг биринчи қисмини олган, иккинчи қисм эса грант тақдим этилганидан сўнг берилиши лозим бўлган.






