1

“Мозийдан садо” номли кўргазмада 50 га яқин асарлар намойиш этилган

МАДАНИЯТ 19.01.2018, 16:08
 “Мозийдан садо” номли кўргазмада 50 га яқин асарлар  намойиш этилган

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Алишер Аликуловнинг “Мозийдан садо” номли кўргазмаси очилиши бўлди.

Алишер Аликулов тасвирий санъат оламига олдинги асрнинг 90-йилларида кириб келди. Айнан шу дамданоқ унинг ижоди мазмуни – тарихий ва батал жанри экани аниқланди. Ёш рассом фаолиятининг муҳим ривожига туртки Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши бўлди; айнан миллий тарих, руҳан бой маданий анъаналар унинг ижодида алоҳида аҳамиятга эга.

К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти маҳобатли рангтасвир бўлими битирувчиси бўлган рассом қисқа вақт ичида эътироф этилди. Алишер кўп фигурали композициялар ва борлиқни реалистик услубда акс эттиришни афзал кўради. Унинг дастҳатидаги фарқли жиҳатлар бу деталлардаги аниқлик, сюжетларга эътибор, тарихий ҳодисаларнинг ишончли ифодасидир. У ўз асарларида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё тарихини ярата олган қаҳрамонлари характерини ёрқин тарзда акс эттира олади. Шу билан бир қаторда рассом ўз истеъдоди диққатини ҳозирги даврга ҳам қаратади. Буларнинг далили – унинг бир қатор ўз замондошларига бағишланган асарларидир.

А.Аликулов – кўплаб республика ва Халқаро кўргазмалар қатнашчиси. 1996 йил Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган қатор ишлари учун ижодкор “Шухрат” медали совриндори бўлди. 2001 йилда Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали” соҳиби, 2003 йилда эса “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвонига сазовор бўлди.

Рассомнинг маҳорати фигураларнинг ифодали пластикасида, бутун композициянинг колористик уйғунлигида намоён бўлади. Томошабин эътиборини шартли, ёрқин бўёқлар палитрасига эга бадиий талқин ҳам ўзига жалб этади.

Рассом фикрича, санъат – бу эзгуликка йўналтирилган фидоийликдир. Рассом ўз ижоди билан миниатюра санъати моҳиятини тушуниб етишга ва тарихий ҳодисаларни халқ анъаналари ва мумтоз мактаб услубларини сақлаб қолган ҳолда ифода этишга ҳаракат қилади.

Алишер Аликулов ижоди – бу маҳобатли ва амалий рангтасвирнинг улкан ва мураккаб жараёнларининг ёрқин ифодасидир.

Кўргазмада рассомнинг 50 га яқин асарлари намойиш этилган.

Қўргазма 2018 йилнинг 18 февралига қадар давом этади.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1