Президентимизнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятидаги таълим муассасалари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.
Фарғона шаҳрида ўтказилган китоблар тақдимоти ҳам буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг ҳаёти ва серқирра фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адиблар, олимлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Э.Сиддиқова, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров ва бошқалар Ислом Каримов миллий мустақиллигимиз асосчиси сифатида мамлакатимизнинг тараққиёт йўлини белгилаб берганини таъкидлади. Ватанимиз, халқимизга бутун борлиғини бахшида этиб яшаган Йўлбошчимиз ўз ҳаёти, фаолияти билан келажак авлодларга буюк бир ибрат мактаби яратиб кетди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳридаги Театр концерт саройи буюк давлат арбоби номи билан аталишидан фарғоналиклар фахрланади.
Биринчи Президентимиз нафақат мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистонни юксак тараққиёт йўлига олиб чиққан буюк давлат арбоби, балки чуқур фалсафий мазмунга эга кўплаб китоблар муаллифи сифатида ҳам тарихимизда ўчмас из қолдирди. "Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китоби, “Маънавият” нашриётида Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарлари, шунингдек, “Президентга мактублар” китоби нашр этилди. Айни кунларда китоблар таълим муассасалари, ахборот-ресурс марказларига тарқатилмоқда.
Тадбирда мазкур китобларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида олимлар ва мутахассислар атрофлича сўз юритди.
– Биринчи Президентимиз мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишларини ишлаб чиқди, кўп миллатли халқимизни порлоқ истиқбол йўлида бирлаштириб, барчамизни эзгу мақсадлар сари руҳлантирди, – деди фиология фанлари доктори Сиддиқжон Мўминов. – Айниқса, Фарғона вилоятида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларида буюк Йўлбошчимизнинг хизматлари бениҳоя катта. Бу улуғ инсоннинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” каби асарлари истиқлолга эришиш йўлида чекилган заҳматлар, машаққатлар ҳақида кенг тасаввурга эга бўлиш имконини берадиган, барчамизни шу азиз Ватан равнақи учун камарбаста бўлишга ундайдиган бебаҳо меросдир.
Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.