АсосийJamiyat

Улуғ Йўлбошчининг хонадони юртдошларимизнинг табаррук зиёратгоҳига айланди

'Улуғ Йўлбошчининг хонадони юртдошларимизнинг табаррук зиёратгоҳига айланди'ning rasmi

Буюк Йўлбошчимиз, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маҳалламизда таваллуд топган. Шўх болалиги, орзуларга тўла ўсмирлиги шу ерда ўтган.

Биринчи Президентимиз дунёга келган 1938 йил – мафкуравий курашлар авж олган даврда бу буюк инсон исми Ислом деб қўйилишининг ўзи улкан жасорат бўлган. Чунки қатағон айни авж палласига кирган йилларда Ислом дини ҳақида гапиришнинг ўзи киши бошига хавф-хатар солиши ҳеч гап эмас эди. Маълумотларда ёзилишича, ўша йили вилоятимиз бўйича 1694 нафар ўғил бола туғилган ва фақат биттасининг исми Ислом бўлган экан. Бу – саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, юксак тарбия берган Абдуғани ака ва Санобар оналарнинг қанчалик жасорат соҳиби эканликларидан дарак.
Бугун маҳалламизда саксон ёшдан ошган ўттиз нафардан кўпроқ нуроний отахон, онахонлар бор. Уларнинг кўпчилиги Ислом Каримов билан бирга мактабга борган, ўқиган ёки бир гузарда ўсган. Уларнинг айтишича, у болалигидан меҳнат ва бир бурда ноннинг қадр-қимматини яхши билган. Шунинг учун қаерда ишласа ҳам, юртнинг отаси бўлиб, халқимизни озодликка чиқарган, эл меҳрини қозонган пайтларда ҳам бу машаққатли даврни унутмаган.

Айни кунда маҳалламизда 308 хонадон, 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Улар Президент ўсган маҳаллада яшаётганидан қалбларида ифтихор сезишади, шу номга муносиб бўлишга интилишади. Маҳалламиз марказида Юртбошимизнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи хона ташкил этганмиз. Бу ердаги ёшлар учун махсус бурчакда Ислом Каримовнинг болалиги ва мактабда ўқиган даври суратларда акс эттирилган. Бу хонада нафақат маҳалламиз, балки Самарқанд шаҳрининг бошқа маҳаллаларидан, таълим муассасаларидан келган ёшларга Юртбошимиз болалигини сўзлаб берамиз, Йўлбошчимизнинг ўсмирлик давридаги илмга чанқоқлиги, ақлли ва заковатлилиги, мустаҳкам хотирага эга эканлигини ибрат қилиб кўрсатамиз.
Бугунги кунда Ислом Каримов туғилиб, вояга етган хонадон барча маҳалладошларимиз учун энг қадрли маскан. Бу ердан ҳамон юртимизнинг турли бурчакларидан келаётган одамларнинг қадами узилмаяпти. Бу халқимизнинг Биринчи Президентимизни нақадар севганидан, ота каби эъзозлаганидан далолат. Зеро, Ислом Каримов ўзбек халқини озод, Ўзбекистон давлатини мустақил қилди. Энг муҳими, нафақат юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлади, балки минтақадаги вазиятни барқарорлаштирди. Биз, маҳалладошлари шундай буюк инсон билан бир масканда яшаганимиздан, улғайганимиздан доим фахрланамиз.

Орзу РАҲМАТОВ,
Самарқанд шаҳридаги Даҳбеди маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар