АҚШнинг Кентукки штатида тўрт кишини ўлдирган эркак кейин ўз жонига қасд қилди, деб маълумот берди Кентукки штатининг Жонсон округи шерифи Facebook ижтимоий тармоғида, дея хабар берди Ria.ru нашри.
Шанба куни Пейнстсвилл шаҳар 911 шошилинч хизматига отишма бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Хабардан кейин шошилинч хизмат округ шерифи Двейн Прайс билан боғланган. Воқеа жойига етиб борган шериф уйлардан бирининг ошхонасида ётган жасадларни кўрган. Улар отиб ўлдирилган эди. Жиноятчи эса воқеа жойидан яширинган эди.
Воқеага гувоҳ бўлган одамнинг маълумот беришича, жиноятчи воқеа жойидан қора рангли Toyota Camry автомобилида қочиб кетган. Жиноятчига нисбатан округда қидирув эълон қилинди. Машина турган уйни тинтув қилган Прайс хоналардан бирида яна икки жасад борлигини аниқлади. Бу ерда у ўз жонига қасд қилган жиноятчининг жасадига ҳам дуч келди.
“Бир киши тўрт кишининг ҳаётига зомин бўлганлигини кўриш жуда оғир. Ҳуқуқ-тартибот идораларида 34 йилдан бери ишлайман. Бу хизмат фаолиятим давомида бўлиб ўтган энг даҳшатли жиноятдир...” деди Прайс.






