1

Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр ташкил этилди

МАДАНИЯТ 05.03.2018, 17:48
Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр ташкил этилди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида илк бор ҳарбий театр-студияси — “Турон” ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур театр студияси нафақат ҳарбийлар ва уларнинг оиласига, балки барча фуқаролар учун бирдек хизмат кўрсатади. 100-120 кишига маданий ҳордиқ улашувчи “Турон” театри таркибидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актёрлар Саида Раметова ва Карим Мирходиев, таниқли кино ва театр актёри, режиссёр Сайфиддин Мелиев, Феруза Собитова, Элмира Раҳимжонова каби ўзбек халқининг севимли ижодкорлари жой олган.

Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, “Турон” театри ўзининг илк премьерасини 8 мартдан кейин “Жалолиддин Мангуберди” спектакли орқали очишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, айнан шу спектакль билан театр актёрлари Ўзбекистон бўйлаб гастроль сафарларини уюштиради. Шу билан бирга, театр репертуаридан “Бибихоним”, “Тўмарис”, “Бир кунлик бахт” сингари спектакллар ҳам ўрин олган.

Ушбу театр-студияси 14 – 19 май кунлари Шарқий ҳарбий округ (Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари), 28 май – 2 июнь кунлари Шимоли-ғарбий ҳарбий округ (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти), 11 – 16 июнь кунлари Марказий ҳарбий округ (Самарқанд, Жиззах, Навоий вилоятлари), 25 июнь – 20 июль кунлари Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи (Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари)да жойлашган Мудофаа вазирлиги харбий қисм ва муассасаларида гастроль сафарларида бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1