АсосийJamiyat

Сурхондарёдаги 3 та олий ўқув юрти филиали 2017 йилда ўқишга кира олмаган абитуриентларни қабул қилади

'Сурхондарёдаги 3 та олий ўқув юрти филиали 2017 йилда ўқишга кира олмаган абитуриентларни қабул қилади'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг 5.03.2018 йилдаги 170, 171, 172-сон қарорлари эълон қилинди. Уларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалларини, шунингдек Термиз давлат университетининг Денов филиалини ташкил этиш назарда тутилган, деб ёзади "norma".

2017/2018 ўқув йилининг биринчи семестри тугаганига қарамай, филиаллар ушбу ўқув йилидан иш бошлайди. Сурхондарё вилоятида доимий прописка қилинган ва 2017 йилда танловдан ўта олмаган Термиз давлат университети ва бошқа турдош олий таълим муассасалари абитуриентлари орасидан илк талабалар танлаб олинади. Улар 2017/2018 ўқув йили дастурини 2018 йил июль ойининг охирига қадар махсус ўқув режа ва дастурлари бўйича ўзлаштирадилар.

Танлов чоғида тўпланган балларнинг изчиллиги, шунингдек уларнинг энг қуйи чегараси – тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30%и (68 балл) тўпланганлиги қатъий ҳисобга олинади. Талабалар 10 йил мобайнида Сурхондарё вилоятидаги тегишли муассасаларда ишлаб бериш шарти билан тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинадилар.

Тошкент тиббиёт академиясининг «Даволаш иши» факультетида тўлов-контракт шаклида таълим олаётган 4–5-босқич талабалари ҳам худди шундай ишлаб бериш шарти билан академиянинг Термиз филиалига давлат гранти бўйича ўқишга ўтишлари мумкин.

Қабул қилинган ҳужжатларда 2017/2018 ўқув йили учун қабул квоталари фақат Тошкент тиббиёт академиясининг филиали бўйича 300 киши этиб белгиланган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ва Термиз давлат университетининг Денов филиали бўйича квоталар ОАВ орқали эълон қилинади.

Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.03.2018 йилдан кучга кирди.

Мазкур ҳужжатларнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва улар билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


    Бошқа янгиликлар