АсосийJamiyat

Йўллар эмас, диллар очилди

'Йўллар эмас, диллар  очилди'ning rasmi

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи асносида томонлар Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши иккала халқ манфаатларига хизмат қилишини ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишини таъкидладилар. Шунингдек, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, икки давлат фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режимнинг жорий қилинаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Икки мамлакат ўртасида муносабатларнинг яқинлашуви борасида Тожикистон Республикаси Хўжанд Давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Шарифжон Тожибоев darakchi.uz қуйидагича баён этди:

Ўзбекистон раҳбарининг юртимизга ташрифи ўзбек ва тожик халқларининг минг-минг йилларга бориб тақалувчи дўстлиги тарихида янги саҳифа очди.

Тожикистонда бу ташрифни катта мамнуният билан қарши олишди. Зотан, маълум сабабларга кўра, бироз узоқлашган икки халқ бу сафарни орзиқиб кутаётганди. Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг янги қадамлари сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалар ривожида, одамларнимизнинг ўтиб қайтишида катта аҳамият касб этади.

Айниқса, икки мамлакат фуқаролар учун ўзаро ўтиб-қайтиш имкониятининг таъминланиши, 30 кун давомида визасиз режимнинг амал қилиши биз – тожикистонлик зиёлилар учун ҳам жуда қувончли воқеа бўлди. Умид қиламанки, ушбу ташриф асносида имзхоланадиган 20 дан ортиқ ҳужжатлар мамлакатларимизда ўз ечимини тополмай турган муаммларни ҳал этишда катта ўрин тутади.

Ўзбек ва тожик халқларини худди эт билан тирноқдек бир-биридан ажратиб бўлмайди. Биз икки қўшни давлат фуқаролари тинчлик, ҳамжиҳатлик, ҳамкорликни чуқурлаштиришимиз зарур. Сир эмас, сўнгги бир ярим йил ичида икки мамлакат муносабатларидаги музлар эриб битди. Ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги, ҳамжиҳатлиги бардавом бўлсин.

    Бошқа янгиликлар