Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилишига бағишланган тантанали маросимда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Остона шаҳрида Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатилишини маълум қилди, деб хабар беради “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги.
“Мамлакатимизда Ўзбекистон йили очилиши муносабати билан барчани яна бир бор табриклайман. Ушбу шодиёна аҳиллигимиз, маънавий бирлигимиз, кўп асрлик дўстлигимизни янада кенгайтиришга хизмат қилсин. Шу мақсадда биз Алишер Навоийга Остонада ёдгорлик ўрнатишга қарор қилдик. Тошкентда эса буюк Абай ҳайкали қад ростлаган”, деган давлат раҳбари Н.Назарбоев.
Шунингдек, Қозоғистон Президенти икки давлат ўртасидаги самимий муносабатлар ва ишончли ҳамкорлик жаҳонда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг глобал рақобатбардошлигини мустаҳкамлашига ишончи комиллигини таъкидлаган.






