Термиз туманидаги Отчопар майдонида Сурхондарё вилоятининг оммавий халқ сайли тарзидаги Наврўз умумхалқ байрами ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Отчопар майдонида Термиз шаҳри, туманлар, йирик корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари учун ажратилган қўрғонларда ўтовлар ўрнатилди. Асрлар давомида сайқалланиб, бизгача етиб келган урф-одат ва анъаналаримиз намоён этилди.
– Менга, айниқса, халқ ўйинлари жуда ёқди, – дейди Термиз давлат университети филология факультети биринчи курс талабаси Фарида Ҳакимова. – Улар нафақат ёшлар жисмини, балки руҳини чиниқтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Аждодлардан мерос қолган бу ўйинларнинг юксак маҳорат билан намойиш этилаётгани миллий ўйинларимизга навқирон авлоднинг қизиқишини янада оширади.
Хушманзара табиат қўйнида ўтказилган оммавий халқ сайлида машҳур дорбозлар, қизиқчилар ва бахши-шоирлар барчага бир олам завқ-шавқ улашди. Тандир кабоб, дошқозонларда осилган сумалак ва кўкламнинг бошқа тансиқ таомлари ўзгача кўтаринкилик бағишлади.
Яшариш ва яшнатиш байрами шарафига ташкил этилган кураш беллашувларида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган полвонлар ўзаро куч синашди. Ғолиблар пул мукофоти, турли замонавий маиший техника воситалари ва телевизор, икки туя, ўндан ортиқ от билан тақдирланди.
Шўрчи туманидан Бекмурод Олтибоев мутлоқ ғолиб бўлиб, бош соврин – “Матиз” енгил автомашинасини қўлга киритди. Сариосиёлик кураш бўйича жаҳон чемпиони Муҳсин Ҳисомиддиновга “Нексия-3” русумли енгил автомашина совға қилинди.






