Поп тумани “Янгиер” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1949 йилда туғилган, пенсионер Ширмоной Мирзааҳмедова Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига мурожаат қилиб, узоқ йиллардан буён яшаб келган уй-жойига киритиб қўйиш тўғрисида даъво аризаси киритган.
23 март куни Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи иштирокида “Янгиер” МФЙдаги 52-мактабда сайёр суд мажлиси очиқ тартибда, судья Иқбол Кўчкинова томонидан ўтказилди. Унда кенг жамоатчилик ҳам иштирок этишди.
Ширмоной ая 1980 йил 10 апрелда Рустамжон Курчиев билан шаръий никоҳдан ўтади. 5 нафар фарзандли Рустамжон аканинг биринчи хотини вафот этгани сабабли унга иккинчи хотин сифатида турмушга чиқади. Улар орасида фарзанд дунёга келмайди ва оила бошлиғи 2006 йил 30 майда оламдан ўтади.
– Мен турмушга чиққанимда бу болалар жужуқ эди. Оқ ювиб, оқ тараб, муштдайлигидан вояга етказдик, уйли-жойли қилдик, – дейди даъвогар Ширмоной Мирзааҳмедова эшитув чоғида. – 1984 йилда ер участкасини олиб, уч йилдан кейин уни қуриб-битказиб, уйга кўчиб кирдик. Йиллар давомида уйга қўшимча хоналар, омборхоналар қурдик. Аммо бугунги кунга келиб, ўгай қизим Турдиниса Қурчиева, унинг қизи Башорат Қурчиева мени ўз уйимга сиғдирмасдан кўчага ҳайдашди. Мен Турдинисанинг биринчи никоҳидан бўлган қизи Башоратни у кейинчалик бошқа никоҳ қургач, ўзим катта қилиб олдим. Олтинчи бор никоҳдан ажраб келгач, бу уйга мени сиғдирмай қўйди. 4-5 ойдан буён Кўрнос қишлоғидаги укамни уйида яшаб юрибман. Энг катта хатойим буларнинг отаси билан қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаръий никоҳ қуриб яшаганим бўлиб чиқаяпти. Раҳматли эрим агар фарзанд туқсанг никоҳдан ўтамиз деб юрдилар. Аммо бу ширин орзу армон бўлиб қолди. Энди уйга эгалик қилиш ҳуқуқим ҳам йўқ экан. Наҳотки, менинг ўзимиз қурган уйда яшаш ҳуқуқим бўлма-са?! Оқибат шуми? Сиз туғмадингиз, уйга эгалик қила олмайсиз дейишмоқда. Туққан она она экану, боққан она она эмасми? Мен суддан адолат сўрайман.
– Даъво аризаси билан танишганмиз, – дейди судда жавобгар сифатида қатнашган Турдинисо Қурчиева. – Онам, Озода Қурчиева вафот этгач, отам бу аёлга ўйланди. Ўгай она барибир бегоналиги сезилар экан. Бу аёл оиламизга келгани билан фойдаси кам тегар эди, 5 та жоннинг уст-бошини ўзим ювиб, ўзим тарар эдим. Ҳаётда жуда қийналдим, барибир ҳеч ким сенга туққан онанг каби бўлмас экан. Маълумотли бўлмаганим сабабли ҳаётда жуда қийналдим. Биринчи турмушим яхши бўлмади. Россияга бориб ишладим. Топган пулимни бу кишига юборар эдим. Аммо мақсадли сарфламади. 2017 йил сентябрда уйга қайтиб келдим. Аммо кампир мени уй дафтарига рўйхатга қўйдирмади. Асаббузарликлар, тушунмовчиликлар ва доимий низолар борган сари кўпаяверди. 2017 йил октябрь ойида уйдан чиқиб кетгач, қайтариб олиб келдик. Аммо яна чиқиб кетганича, қайтиб келмади. Мана энди судга бериб, бизни шарманда қилиб ўтирибди. Биз бирга яшашга қарши эмасмиз, аммо номимизни қўни-қўшни ва маҳалла-куйда ёмонотлиқ қилмаса бўлди. Давлат қандай қарор чиқарса қаршилигим йўқ.
– Мени мана бу аёл туққан. Аммо Ширмоной аям мени боқиб катта қилган, – дейди жавобгар 24 ёшли Башорат Қурчиева. – Бу можаро туфайли руҳий қийналиб, ҳатто ўз жонимга қасд қилиш даражасига етдим. Тоғамникига ҳам кетиб қолмоқчи бўлдим. Онам турмуш қилган угай отамникига ҳам кетиб қолиш ниятида эдим. Мана вояга ҳам етиб қолдим. Аммо уятдан, номусдан бошимни кўтара олмай қолдим. Онам ва аямни яраштирмоқчи бўлдим, аммо буларни ҳеч суҳбати қур емайди. Бир-бири билан сира чиқиша олмайди. Уй-жой керак бўлса, бувим нега кетиб қоладилар. Агар уйга киритсак, Худо кўрсатмасин бирор кор-ҳол бўлиб қолса борми, бошимиз нақад балога қолади-я. Шу сабабли мен биргаликда яшашимизга қаршиман.
Судя Иқбол Кўчкинова тарафлар тушунтиришларини атрофлича тинглаб, иш ҳужжатларини атрофлича таҳлил қилиб, ҳал қилув қарорини чиқарди. Даъвогар уй-жойдан ва бинодан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги сабабли яшаб турган уйига мажбурий тартибда киритишга қарор қилинди. Бу қарор бўйича аппеляция ва кассация тартибида мурожаат қилиш мумкинлиги айтиб ўтилди. Мол-мулкка эгалик ҳуқуқи бўйича эса алоҳида тартибда судга мурожаат этиш мумкинлиги тушунтирилди.
Сайёр суд ишида иштирок этаркансиз, гарчи угай она бўлса-да, лекин болаларни ёшлигидан боқиб, катта қилган аёлнинг 70 ёшга етганида кўчага ҳайдаб юборилиши ҳеч бир маънавий қадриятларимизга ва инсоний мезонларга мос эмаслиги, оқибат ва меҳр кўрсатишдик эзгу фазилатларимизга зидлигига гувоҳ бўламиз, деб ёзади ЎзА.
Хўп, суднинг қарори билан кекса аёл уйига қайтарилди, аммо бу билан нотинч оиладаги муаммо ўз ечимини узил-кесил топармикан? Мерос бўйича янги можаролар бошланиб кетмайдими?
Сайёр суд мажлислари тобора ортиб бораётгани қувонарли. Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди 2017 йилда 3321 та ишни кўрган бўлса, Чуст, Поп, Тўрақўрғон туманларида маҳаллаларга чиқилиб, сайёр судларда кўрилган ишлар сони 799 тани ташкил қилди. Бу эса аҳолига катта қулайлик яратиб, уларда иштирок этаётган тингловчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга, масъулият ва мажбуриятларини чуқур англаб етишга хизмат қилади.






