АсосийJamiyat

Президент томорқа ерларидан фойдаланиш мутлақо талабга жавоб бермаслигини кескин танқид қилди

'Президент томорқа ерларидан фойдаланиш мутлақо талабга жавоб бермаслигини кескин танқид қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилишида томорқалардан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталди.

Аҳоли ва деҳқон хўжаликларига тегишли унумдор томорқа ерларидан фойдаланиш мутлақо талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди. Аксарият аҳолининг 8-10 сотих томорқа ери бўлса-да, ҳеч нарса экмаган.

Давлатимиз раҳбари кичик томорқадан мўл ҳосил олиб, оиласини боқаётган, катта даромад топаётган меҳнатсевар одамларни ўрнак қилиб кўрсатди.

"Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан – шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз. Шунинг учун бугундан бошлаб “Томорқага экин экиш” ойлигини эълон қилиб, ҳар бир томорқага экин экишни ташкил этиш керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади", - деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада аҳолига кўмаклашиш мақсадида барча туманларда “Томорқа хизмати” корхоналарини ташкил этиш, улар орқали томорқалар учун кўчат, минерал ўғит, кимёвий препаратлар етказиб бериш, механизация ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича тизим яратиш юзасидан топшириқ берилди. Шу хизматлар етиштирилган ҳосилни харид қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.

    Бошқа янгиликлар