АсосийDunyo

АҚШ билан зиддият Хитой иқтисодиётига таъсир қилмайди

'АҚШ билан зиддият Хитой иқтисодиётига таъсир қилмайди'ning rasmi

РИА Новостининг ёзишича, Хитой давлат статистика бюросининг умумий статистика ва миллий иқтисодиёт бўлими бошлиғи Син Чжихун АҚШ билан савдо зиддияти мамлакат иқтисодиётига таъсир қилмаслигини маълум қилган.

“Кўп йиллар давомида Хитой иқтисодиёти жадал ривожланиб, барқарорлик ва мустаҳкамлик касб этди. Шу боисдан ҳам Қўшма Штатлар билан савдо-сотиқ борасидаги қарама-қаршиликлар давлатимиз иқтисодиётининг ўсиш суръатларига таъсир қилмайди. Хитой иқтисодиёти эгилувчан, у ҳар қандай ўзгаришларга тез мослашади”, деган Син Чжихун бугун ўтказилган брифингда.

У шунингдек, Американинг бир томонлама протекционизми бутун дунёни хавотирга солганини қўшимча қилиб, Хитой АҚШ учун ҳал қилувчи чораларни кўриб қўйганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ўз маҳсулотларининг интелектуал ҳуқуқлари Пекин томонидан бузилаётганини рўкач қилиб, Хитойнинг 1,3 минг номдаги товарига импорт божлар миқдорини оширган эди. Шу йўл билан Вашингтон Хитой билан кўп миллиардлик савдо дефицитини камайтиришга эришмоқчи. Бундан ташқари АҚШ Президенти Хитой маҳсулотларининг импорт божлари миқдорини 100 миллиард долларга ошириш имкониятларини аниқлаш бўйича кўрсатма берди. Бунга жавобан Хитой Давлат кенгаши Американинг 106 номдаги маҳсулотига 25 фоизлик импорт божини киритиш бўйича қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжат Вашингтон томонидан Хитойнинг бошқа маҳсулотларига ҳам янги божлар қўйилиши эълон қилиниши билан кучга киради. Қарордаги товарлар рўйхатида соя, автомобиллар, самолётлар, кимёвий маҳсулотлар ҳам бор бўлиб, биргина шуларнинг ўзи ўтган 2017 йилда Қўшма Штатларга 50 миллиард доллар олиб келган.

    Бошқа янгиликлар