Аслида, буюк кишилар ҳақида қанча ёзилса ҳам оз. Зеро, Чингиз Айтматов, ниҳоятда суҳбати ширин, дунё ва ҳаёт тўғрисида теран мушоҳада юритувчи доно инсон эканлиги кўпгина манбааларда келтирилган.
БОЛА ТАБИАТ ИНСОН
Ёзувчи ва таржимон Суюн Қораев “Чингиз Айтматов буюк ёзувчи камтарин инсон, содиқ дўст” китобида “Кўплар Чингизни ўта мағрур одам, улуғ ёзувчи, унга яқинлашиб ҳам бўлмайди, деб уйлашса керак. Аслида эса у ҳаётда жуда оддий, ҳатто бола табиат инсон. Чингизда калондимоғликдан, манманликдан нишона ҳам йуқ. Мақтовга эса тоби йуқроқ. Жуда катта заковат соҳиби экани шундоқ кўриниб турибди... Одамни яхшироқ билмоқчи бўлсангиз, унинг туғилиб ўсган ватанига боринг, дейишган экан. Чингиз 50 ёшга тўлганда, у таваллуд топган овулга борганмиз. Овулда кудратли Манас тоғининг шундай пойида жойлашган экан. Қариндош-уруғларининг Чингизни бошига кўтариб ҳурмат қилганларини айтмайсизларми” деб ёзади.
ИЖОДИ БИЛАН ЧЎҚҚИНИ ЗАБТ ЭТГАН “АЛЬПИНИСТ”
Чингиз Айтматовнинг довруғи нафақат, ўзи туғилиб ўстган қишлоқда, балки бутун дунёни қамраб олган, десак муболаға бўлмайди.
Айтматовнинг ўзи, шахси бир дунё бўлса, ижоди бир олам. Унинг асарларини ўқиган сари янги-янги қирраларини топасиз, ҳар сафар уйга толасиз. Китобхонни, томошабинни уйлантириб қўйиш эса чинакам санъат асарининг бош фазилатидир.
Чингиз Айтматовнинг сўз санъатига қойил қолмасдан иложи йўқ. Ёзувчининг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган, қисса-романлари бўйича деярли барча қитъаларнинг театрларида минглаб саҳна асарлари қуйилган ва томошабинларга олам-олам завқ бағишлагани эса сўзимиз исботи бўла олади. Чингиз Айтматов ўз ижоди, жумладан экранлаштирилган асарлари, жамоат арбоби сифатидаги фаолияти туфайли Ғарб ва Шарқда ҳам маълум ва машҳур.
ЁЗУВЧИНИНГ СЎНГГИ АСАРИ...
Чингиз Айтматовнинг сўнгги – “Қассандра тамгаси” романи, катта тортишувларга сабаб бўлган. Роман Ғарбий Европада қайта-қайта босилиб, қўлдан-қўлга тегмасдан бестселлер бўлиб кетганди. Ёзувчи бу романда инсон ҳаёти муаммоларини космик юксакликда, яъни инсоният ва коинот миқёсида мушоҳада қилганди.
Чингиз Айтматов бир-биридан қизиқарли, ҳар қандай романни ҳам ортда қолдирадиган гўзал қиссалари билан дунёга танилганлигини ҳам эътироф этмаслик мумкин эмас.
СЎНГГИ МАНЗИЛ ТОМОН...
Чингиз Айтматов эркин ижод билан шуғулланиш ва тарихий, миллий мавзуларда асарлар ёзиш ниятида, 2008 йил бошларида Қирғизистоннинг Бельгиядаги ва Франдиядаги элчиси лавозимидан ва бир қанча халқаро ташкилотлардаги масъул лавозимларидан ўз хоҳиши билан бўшаган. Ёзувчи 2008 йил май ойининг ўрталарида Қозон шаҳрида ўзининг “Асрга татигулик кун” романи бўйича фильм суратга олинаётганда зудлик билан касалхонага ётқизилган. “Оғир зотилжам” ва “Буйрак фаолиятида етишмовчилиги” ташхиси куйилиб, беҳуш ҳолда 16 майда Қозон шаҳридан Германиядаги Нюрнберг шаҳрининг клиникасига олиб борилган. Адиб, шифокорлар хулосасига кўра ўпкасининг бутунлай ишдан чиқиши натижасида 10 июнда 79 ёшида дунёдан кўз юмди.
Бишкек шаҳрида Чингиз Айтматовни дафн этиш буйича тузилган ҳукумат комиссияси аъзолари, адибнинг рафиқаси — Мария Урматовна, ўғиллари ва қизи 12 июнда ёзувчининг тобутини махсус самолётда, Германиядан Бишкекка олиб келишган. Чингиз Айтматовнинг вафоти муносабати билан 12-14 июнь кунлари Қирғизистон Республикасида расмий мотам куни, деб эълон қилинганди.
Адибнинг тобути Туқтағул номидаги филармония биносига қўйилган. Бино майдонида хотира митинги ўтказилиб, у ерда Чингиз Айтматовнинг яқинлари, давлат раҳбари армон тўла хайрлашиш нутқини сўзлаган. Митинг тугагач, сон-саноқсиз автобуслар Бишкекдан 20 чақирим наридаги тоғ этагидаги Ота-бейит тарихий-мемориал қабристонига йул олади. Ана шу хилват овулда 1938 йил кузида Қирғизистоннинг 137 содиқ фарзанди, жумладан ёзувчининг отаси Тўрақул Айтматов “халк, душмани” деб отиб ўлдирилиб, кечаси яширинча кумиб юборилганди. Ёзувчининг ўзи ҳам халқ душманининг ўғли сифатида озмунча азобларни кўрмаган. Мамлакат мустақилликка эришгач, мархумлар қайтадан дафн этилганди. Уларнинг хотирасига ёдгорлик ўрнатилиб, музей очилган. 1995 йил кузида - ўша мунгли маросимда Чингиз Айтматов ҳам қатнашиб, отасининг хоки солинган қутини тупроқда ўз қўли билан топширганди. Буюк ёзувчининг ўзини ҳам боболарининг қабри ёнида дафн этишган.
“ЖАҲОН АДАБИЁТИ ТАРИХИДА ЯНГИ САҲИФА ОЧГАН АДИБ”
Озод Шарафиддинов “Инсониятнинг буюк вакили” деган мақоласида Чингиз Айтматов ҳақида “...Чингиз XX асрда жаҳон адабиётининг пепқадам вакилларидан бирига айлангап, миллионлаб китобхонларнинг севимли муаллифи. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Чингиз адиб сифатида жаҳон адабиёти тарихида янги саҳифа очган, янги босқичга кўтарган санъаткор” деган эди.
ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ТУРКИЙ ДУНЁДАН НОБЕЛГА НОМЗОД ЭДИ...
Кўпчилик Чингиз Айтматовнинг нима учун Нобель мукофотига сазовор бўлмаганини тушунмаган. Кимлардир бунинг сабабини ёзувчи асарларининг социалистик реализм муҳитида дунёга келгани билан тушунтирмоқчи бўлган. 2008 йил бошида Туркиянинг собиқ президенти Абдулла Гул туркий дунё мамлакатлари маданият вазирликларининг кенгашида “ Айтматов буткул туркий дунёнинг маънавий қадрияти ва виждонидир, унинг асарлари жаҳон аҳамиятига эга” деган гапни айтган. Ўшанда туркий давлатларнинг маданият вазирлари Чингиз Айтматовни Нобель мукофотига бутун туркий дунёнинг номзоди қилиб кўрсатиш бўйича қўмита тузишган эди. Аммо афсус, насиб қилмаган экан...
Хулоса
Айтматов ўз асарларида инсон, унинг қалби, ҳис—туйғулари, виждони тўғрисида мангу масалаларни қаламга олган. Адиб ўзининг интервьюларининг бирида “Умуман олганда, мен ҳаётни оптимистик якун билан тугайдиган фожиа деб сезаман” деган эди. Биз, Чингиз Айтматов хотирасини ёд этар эканмиз, шуни ишонч билан айтамизки, чин ижодкор сира қаримайди, ўлмайди, аксинча қалбларда мангу яшайди. Бизнинг хотирамизда ёзувчи Чингиз Айтматов ҳаётга, ижодга ташна, ҳали катта-катта асарлар яратишга қодир бунёдкор тимсолида қолаверади. Бетакрор асарлари, самарали дипломатик, ижтимоий-сиёсий фаолияти сўнмас қуёш каби порлаб тураверади.
Алия Сулайманова