Айни кунларда дунёнинг энг нуфузли кинофестивалларидан ҳисобланган “А” категориядаги 40-Москва халқаро кинофестивали бўлиб ўтмоқда.
Мазкур фестивалнинг асосий дастуридан режиссёр Рашид Маликовнинг “Сабот” фильми ҳам ўрин олган. Ушбу киноасарни фестиваль иштирокчилари, айниқса, рус томошабинлари катта қизиқиш билан қабул қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 августда миллий маданиятимизнинг кўзга кўринган намояндалари, атоқли шоир ва адибларимиз, театр, кино, мусиқа санъати соҳасининг таниқли ҳамда ёш вакиллари, санъатшунос олимлар, журналистлар билан бўлган учрашувида халқимизнинг маънавий камол топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, ўтмишимизни, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва ижодини акс эттирадиган, ўқувчига эстетик завқ бағишлайдиган, бадиий савияси юксак асарлар ва замонамиз қаҳрамонларини яратиш вазифаси топширилган эди.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган мазкур фильм Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан Москва халқаро кинофестивалига тақдим этилди.
“Сабот” 71-Канн халқаро кинофестивали доирасида ташкил этиладиган юртимиз павильонида ҳам дунё мутахассислари эътиборига ҳавола этилади.
Эслатиб ўтамиз: “Сабот” айнан ҳаётий воқеалар, инсоннинг бардоши, қадри, орияти ҳақидаги фильм бўлиб, унда 1980-йиллар воқеалари тасвирланган. Фильмда қорақалпоғистонлик собиқ байналмилал жангчининг хотиралари, ўй-хаёллари, кечинмалари ҳақида ҳикоя қилинади. Бош ролларни актёрлар Карим Мирҳодиев, Сайдулла Молдаханов, Беҳзод Ҳамроев, Нигора Каримбоева, Зулхумор Мўминова ижро этган.






