Ер юзи аҳолисининг 13 фоизи, яъни миллиард киши ҳамон электр қувватисиз кун кечирмоқда, деб хабар берди lenta.ru нашри.
Улар асосан Қора Африка ва Осиё қитъасида жойлашган қишлоқларда истиқомат қилишади. 2011 йилда БМТ Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2030 йилга қадар дунё аҳолисини электр таъминоти билан тўлиқ таъминлашни режалаштирган эди.
Тадқиқот муаллифларининг маълум қилишича, ҳозирги суръатлар билан бундай натижага эришиб бўлмайди. “Мазкур тренд шундай давом этадиган бўлса, 2030 йилда 674 миллион киши электр чироғисиз яшайверади. Мақсадга эришиш учун бутун дунё глобал электрофикация йўлидан бориши лозим”, дейилган тадқиқот матнида.
Шунга қарамай, сўнгги йиллар давомида баъзи бир мамлакатларда ривожланиш кўзга ташланган. Масалан, Бангладеш, Эфиопия, Кения ва Танзанияда йилига электр энергияси билан таъминлаш ҳажми ошиб бормоқда. Ҳиндистон эса ҳар йили 30 миллион фуқаросини электр қуввати билан таъминлаяпти.






