Илон чаққан ҳиндистонлик аёлни қутқариш мақсадида илон авровчи уни тириклайин гўнгга кўмгандан кейин у оламдан ўтди, деб хабар берди lenta.ru нашри.
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш провинциясиядаги Буландшахр шаҳрида яшовчи Девендри исмли аёл шох-шабба тераётганда қўлини илон чақиб олган. Қўлини жгут билан боғлаб, дори-дармон қабул қилганига қарамай, аёл ўзини ёмон ҳис қилган. Шундан кейин турмуш ўртоғи Мукеш билан маҳаллий илон авровчининг ёнига бориб, ундан ёрдам сўрашди.
Илон авровчи Мукешга аёлни мол гўнгига кўмиш лозимлигини, гўнг заҳарни тортиб олишини уқтирди. Бошқа иложи бўлмаган эр-хотин илон авровчининг таклифига розилик билдиришди.
75 дақиқа гўнг тагида ётган Девендри бўғилиш оқибатида оламдан ўтди. Мукеш “даволаш”нинг бундай фожиа билан якин топишини кутмаганлигини айтди.
Илон авровчининг ўзи ҳам аёл нафаси қайтиб, бўғилиб ўлганлигини тасдиқлади. Маҳаллий полициячилар эса, бўлиб ўтган воқеа юзасидан ҳеч кимдан ариза ва шикоятлар тушмаганлигини маълум қилди.






