Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг экспертлар кенгаши фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Видеомулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, экспертлар, ёшлар, хорижлик юртдошларимиз иштирок этмоқда.
“Буюк келажак” ташкилоти Ўзбекистонда туғилиб, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз томонидан ташкил этилиб, жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида халқаро нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур тузилма юрт ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган, ўз инновацион ғояларини мамлакатимиз саноати ва ишлаб чиқариши, шунингдек, илмий соҳасида татбиқ этишни мақсад қилган чет элларда яшаётган ватанпарвар юртдошларимизни ўз атрофига бирлаштиради.
Тадбирда “Буюк келажак” ташкилоти қошидаги экспертлар кенгаши фаолиятини профессионал даражада шакллантириш, халқаро консальтинг компаниялари иштирокида Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқишдаги асосий йўналишларни муҳокама қилиш, кенгаш аъзоларидан иборат иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва ижтимоий соҳа йўналишида ишчи гуруҳларини тузиш масалалари ҳақида сўз юритилмоқда.
Мазкур мавзулар бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, “Буюк келажак” ташкилоти экспертлар кенгаши раиси А.Каланов, аъзолар – С.Шодиев, Б.Исмоилов ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан видеомулоқот тарзида иштирок этаётган ватандошларимиз маърузалар қилмоқда.






