1

Иккинчи халқаро конгресс ҳақида “Культура” телеканалида кўрсатув берилди (видео)

МАДАНИЯТ 08.06.2018, 07:15
Иккинчи халқаро конгресс ҳақида “Культура” телеканалида кўрсатув берилди (видео)

40 та мамлакатдан йирик музейлар, кутубхоналар, илмий институтлар, халқаро ташкилот вакиллари Россиянинг шимолий пойтахтига ташриф буюришди.

Форум дастури ҳақида “Культура” телеканали мухбири Надежда Гусарова ўз фикрларини баён қилди.

Конгресснинг биринчи куни Петербургда Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган 6 та кўргазма очилди. Эрмитажда ва Кунсткамерада, Россия этнографик музейида ва Россия миллий кутубхонасида Петербург тўпламларидан археологик ва этнографик артефактлар, ўрта асрлар манускриптлари, Бухоро амирлари туҳфалари намойиш этилмоқда. Ўзбек меҳмонлар эса нодир китобларни туҳфа сифатида келтиришди. Масалан, муқаддас саналмиш Катта Лангар Қуръонининг факсимилие қўлёзмаси. «Катта Лангар Қуръони» қўлёзмаси Қуръони Каримнинг бизгача етиб келган энг қадимий ва бебаҳо нусхаларидан бири ҳисобланади. Қўлёзма VIII аср охирларида пергаментга куфий-ҳижозий хатида битилган.

“Ушбу қўлёзма мусулмон оламида муқаддас қўлёзма сифатида муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, фан учун жуда катта аҳамият касб этади. Мана шундай қўлёзмалар (улар дунёда саноқли) туфайли Қуръон матнининг ноил бўлиши тарихи ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Бу биз учун энг муҳим тарихий манба”, – дейди Кунсткамера директори ўринбосари Ефим Резван.

Худди шундай нодир китоблардан бири Конгресс учун махсус нашр этилган 13 томлик “Ўзбекистоннинг архитектура эпиграфикаси”дир. Китоб-албомларда масжидлар, мадраса ва мақбаралар деворларида қолдирилган ёзувлар мавжуд. 6 йил мобайнида ўзбек олимлари гуруҳи бир ярим мингдан зиёд ана шундай қадимий графитларни, шеърлар, пандномаларни ва ҳикматларни ўрганиб чиқди.

“Булар 9 асрдан 20 асргача Ўзбекистон ҳудудида бўлган ёдгорликлардир. Ушбу ёдгорликларда ҳеч ким ўқий олмаган битиклар бўлган. Улар ахлоқий, гуманистик маънога эга”, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Акбар Ҳакимов.

Конгресснинг асосий воқеаси Санкт-Петербург Олимлар уйида икки кунлик медиа-форум бўлиб ўтди. Медиа-форум дастурида: археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, Ўзбекистоннинг нумизматикаси бўйича илмий баҳслар ўрин олган.

“Бугун Ўзбекистон маданий мерос масалаларига бутунлай ўзгача нигоҳ билан қарамоқда. Ўзбекистоннинг маданий мероси бугунги кунда мамлакатнинг маданий бренди мақомига чиққан. Бугунги конгресс бир-биримизга ғамхўрона муносабатларимиз исботидир”, – дейди “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.

Конгрессда Ўзбекистон тарихий меросининг сақланишига бағишланган йигирмата ҳужжатли фильмлар премьераси бўлиб ўтади.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1