Ўзбек томошабинларига “Ишкомли уй”сериалидаги Баҳор Қорадоғ образи орқали танилган туркиялик актриса Нургул Ешилчай 50 ёшида янги бош рол билан экранга қайтмоқда.
1976 йил 26 мартда туғилган Нургул Ешилчай 2000-йиллар бошида “Ишкомли уй” (“Asmalı Konak”) сериалидаги Баҳор образи билан катта шуҳрат қозонган. Актриса сериалда севги ва оилавий муносабатлар марказида турган Баҳор Қорадоғ қаҳрамонини гавдалантирган.
Ешилчай энди “Ўмур Уста” сериалида бош қаҳрамон образини ижро этмоқда. “Ай Япим” томонидан суратга олинаётган янги лойиҳа оғир ҳаёт шароитида фарзандларини катта қилаётган аёл тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Сериалда актриса эри ташлаб кетганидан сўнг уч фарзанди ва қайнонаси билан қолган Ўмур образида намоён бўлади. У оиласини боқиш учун автомобиль таъмирлаш билан шуғулланади. Ўмурнинг асосий мақсади — фарзандларини оёққа турғизиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш.
Сериалнинг биринчи танитуви ҳам намойиш этилди. Унда Ўмурнинг оғир турмуши, фарзандлари учун кураши ва тирикчилик ташвишлари акс этган.
"Ўмур Уста” сериали сценарийси Чағла Қизилелма томонидан ёзилган, режиссёрликни Ҳилол Сарал амалга оширган. Нургул Ешилчай билан бирга Бюлент Инал, Гонжа Вуслатери ва бошқа актёрлар ҳам лойиҳада иштирок этмоқда. Сериал 2026 йил сентябрь ойидан NOW телеканалида эфирга чиқиши кутилмоқда.
Шу тариқа, “Ишкомли уй”даги Баҳор образи билан томошабинлар ёдида қолган Нургул Ешилчай 24 йилдан кейин яна бир кучли аёл образи билан экранга қайтмоқда.






