2018 йил 13 июнь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, публицист Ашурали Жўраевнинг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган “Одил Ёқубов хазинасидан” номли китобининг тақдимоти, шу билан бирга, ҳассос адиб Одил Ёқубов хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташаббуси билан ўтказилиб, тақдимот-кечани “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр олиб борди. Шунингдек, тадбирда кўплаб ижодкорлар, хусусан, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, адабиётшунос Сувон Мели, устоз публицист Сайди Умиров, адабиётшунос танқидчи Ортиқбой Абдуллаев, Одил Ёқубовнинг оила аъзолари, турли нашриёт ходимлари ва ўқувчи-талабалар иштирок этишди.

Сўзга чиққан Муҳаммад Али, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси “Санъат ва маданият” бўлими мудираси Гулчеҳра Умарова устоз адиб билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим сценарийси асосида суратга олинган “Табаррук адиб” – Одил Ёқубов ҳаётининг сўнгги йилларида суратга туширилган ноёб кадрлардан иборат ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Қолаверса, хотира кечасида Ўзбекистон Халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров ўзининг дилтортар қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларини хушнуд этди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон” НМИУ Бош муҳаррири Азимбой Бобониёзов китобнинг нашр этилиши, умуман, китоб яратилиш тарихини сўзлаб берди.
Тадбир якунида эса муаллиф Ашурали Жўраев устоз адиб Одил Ёқубов билан боғлиқ қизиқ, ўзига хос хотираларини ўртоқлашди ва бугунги кун китобхонларини марҳум адибнинг асарлари янглиғ халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонларни танлаб ўқишга чорлаб қолди.







