1

Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида

ЖАМИЯТ 15.06.2018, 16:36
Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация ЮНЕСКО билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир учрашувлар ўтказиш мақсадида Францияга ташрифни амалга оширмоқда.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Жаҳон мероси маркази директори Мехтильд Рёсслер ҳамда ICOMOS (International Council on Monuments and Sites -Қадимги ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш) маслаҳатлашув ва мониторинг бошқармаси раҳбари Регина Дюригелло билан музокаралар ўтказди. Уларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Томонлар шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари бўйича фикр алмашишди. ЮНЕСКО Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов Париждаги Индонезия элчиси Хотмангараджа Панджаитан, Танзания элчиси Самвел-Вилиам Шелукиндо ва Тунис элчиси Гази Жераирийлар билан музокаралар ўтказди.

Хорижий ҳамкорлар билан музокаралар давомида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва бебаҳо меъморчилик обидаларини сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Шу ўринда 2018 йилнинг 9 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қарори қабул қилингани қайд этилди. Мазкур ҳужжат билан рўйхатга киритилган ҳудудлар муҳофазасини такомиллаштириш ва ЮНЕСКО қошидаги Жаҳон мероси қўмитаси тавсияларини амалга оширишга доир "Йўл харитаси" тасдиқланган.

Иштирокчилар шунингдек Республика идоралараро ишчи гуруҳининг Жаҳон мероси рўйхатидан жой олган ҳудудлар муҳофазасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш фаолиятидан хабардор қилинди.

Бундан ташқари, ЮНЕСКО қошида рўйхатдан ўтган хорижий мамлакатлар элчилари ва бу ташкилот раҳбарияти билан қатор учрашувлар режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1