20 июнь куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар беради.
Мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг соғлиғини чилимлар ва электрон сигареталарнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, хусусан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, шунингдек, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида ҳам кашандаликка қарши кураш муҳитини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилган.
Мунозаралар давомида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг, чилим ва электрон сигареталарни чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликларнинг, шунингдек, гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилиши қайд этиб ўтилди.






