“Даракчи” газетасининг илк сони муштарийлар қўлига етиб борганига ҳам 20 йилга яқинлашиб қолди...
Ўша пайтда туғилган гўдак бугун жамиятнинг онгли аъзосига айланди. Шу пайтга қадар газетамизнинг мингта сони ўқувчиларимиз қўлига етиб борди. Мингта! Бу ўртача 64 минг саҳифалик, уч ярим метр қалинликдаги улкан китоб билан баравар. Шу пайтгача босилган барча газеталаримизнинг умумий тиражи тахминан 150 миллион нусхадан ошган. Бу газеталарни ёнма-ён териб чиқсак, бу “карвон”нинг узунлиги 30 минг километрдан ошган бўларди.

Бироқ гап шакл ёки миқдорда эмас. Бу саҳифаларда юртимизда ва жаҳонда юз берган минглаб воқеалар ёритилди, таҳлил қилинди. Минглаб суҳбатлар, ҳикоя ва қиссалар, муштарийларимизниинг қувонч ва ташвишлари, муаммо ва изтиробларини ўз ичига олади.
Ўтган давр давомида кўплаб хатлар олдик, қўнғироқлар қабул қилдик. Барчангиз минг бор раҳмат. Борингизга шукур! Сиз борсизки, “Даракчи” ходимлари ҳам тинимсиз ҳаракатда!

“Даракчи” 1001-сон билан қаршингизда чиқмоқда. “Минг бир” рақамининг ҳам ўзига хос “қиёфаси”, ҳислари бор. Зотан, ҳар бир сон дунё юзини кўргунча ундаги ҳар бир мақола, суҳбат, хабар ёки бадиий асар минг бир “чиғириқ”дан ўтади. Шунда ҳам барибир ишимиздан кўнглимиз тўлмайди. Зотан беайб парвардигор.
Эртага, яъни 28- июнь куни газетанинг 1001-сонни қўлингизга етиб боради. Бу соннинг чиқиш ҳам айнан 27 июнь Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига тўғри келгани бежиз эмас. Бунда ҳам бир ҳикмат, ўзига яраша мўжиза яширин. Аҳир, “Даракчи”нинг янги даври бошланмоқда. Бу унутилмас сана билан “Даракчи” газетасининг ижодий жамоасини ва унинг муштарийларини ҳам қутлаб қоламиз. Ижодкорларнинг юксак парвозларида сеҳрли қаламлар ҳамроҳ бўлсин!






