1

Ярим асрлик муаммога ечим топилди

ЖАМИЯТ 30.06.2018, 07:57
Ярим асрлик муаммога ечим топилди

Фуқаро Гайнижамол Абдувалиева 41 йилдан буён Тошкент вилояти Янгийўл тумани Муқимий номидаги маҳалланинг Бунёдкор кўчасида 45-уйда яшаб келмоқда. Аммо унинг мазкур уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжати йўқлиги боис, қарийб ярим асрдан бери ушбу муаммодан азият чекади.

Гап шундаки, бундан 44 йил муқаддам, аниқроғи, 1974 йил 1 июнда Г.Абдувалиева ушбу уй-жойни фуқаро Ш.Сулаймоновадан 1000 рублга сотиб олган. Ўша пайтлар ўзаро келишувга биноан гувоҳлар иштирокида сотиб олинган уй фуқаро Ш.Сулаймонованинг турмуш ўртоғи С.Аблязизовнинг номида экани, қолаверса, ушбу оила ўз юрти Қримга кўчиб кетгани боис, тегишли нотариал ҳужжатларни имзолаш имкони бўлмаган. Ноилож Г.Абдувалиева орадан 3 йил ўтиб, янги уйига кўчиб ўтган ва мана, 41 йилдирки, ушбу уйда яшаб, барча коммунал ва солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб келади.

Уйнинг олди-сотдиси, уни фарзандларга мерос қолдириш, рўйхатда туриш, хуллас, уй билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат учун ҳужжат зарур. Г.Абдувалиевада эса ўша ҳужжат йўқ. Шуларни ўйлаб, фуқаро Г.Абдувалиева судга мурожаат қилган. Унинг уйга эгалик ҳуқуқини белгилашни сўраб ёзган аризаси 2018 йил 14 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди томонидан кўриб чиқилган ва судда фуқаронинг даъво талаби рад қилинган. Шундан сўнг фуқаро Г.Абдувалиева Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судига қайта мурожаат қилган.

Янгийўл шаҳар ҳокимлигида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ушбу мурожаат юзасидан очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди. Ғ.Воҳидов раислигида ўтган суд мажлисида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди кассация инстанцияси Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2018 йил 14 майдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, Г.Абдувалиеванинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш юзасидан ажрим чиқарди.

Инсон эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак. Президентимиз илгари сурган ушбу ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, Г.Абдувалиева ҳам ўз уйининг ҳуқуқий жиҳатдан ҳақиқий эгасига айланди. Одил суд ҳукми билан яна бир фуқаронинг бугунги кунидан розилиги таъминланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1