1

«E-VISA.UZ» сайёҳлар учун қулайлик...ми?

ЖАМИЯТ 06.07.2018, 17:16
«E-VISA.UZ» сайёҳлар учун қулайлик...ми?

Мамлакатимизда туризм индустриясини янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент вилоятида ҳам туризмнинг экстремал ва тоғ туризми йўналишлари бўйича қулай муҳит мавжуд. Чанғи, сноубординг, параплан ва делтопланда учиш, велоспорт, мотоспорт каби спорт турларини ривожлантириш учун табиий шароитлар етарли. Бугунги кунда Тошкент вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятимизда экотуризм салоҳияти ҳам юқори бўлиб, улкан тоғ тизмалари, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, қулай иқлими билан ажралиб туради. Биргина “Угам-Чотқол” давлат миллий табиат боғида ҳайвонот ва ўсимликларнинг энг ноёб турларини учратиш мумкин. Сайёҳларнинг аксарияти Бўстонлиқ ва Паркент туманларида жойлашган тарихий қадамжоларни зиёрат қилиш учун ҳам келади. Зиёрат ва гастрономик туризм ривожланган.

Вилоятда 45 меҳмонхона, маҳаллий ва хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи 120 корхона, 71 санаторий ва дам олиш масканлари мавжуд. 2017 йилда вилоятга келган сайёҳларга хизматлар кўрсатиш ҳажми қарийб 72,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган 2016 йилга нисбатан 106 фоизга ўсган. Жорий йилда ҳам бу кўрсаткич янада юқори бўлиши кутилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 4 июлдаги “Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Эндиликда юртимизга кириш визаларини расмийлаштириш хорижий мамлакат фуқаролари учун янада соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Қарорда келтирилганидек, туристлар оқимини кўпайтириш учун ҳужжатни расмийлаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари хизматидан унумли фойдаланиш зарур. Айниқса, электрон кириш визалар тизими бўлган «E-VISA.UZ» кенг амалиётга жорий этилаётгани соҳада кўплаб қулайликлар яратади.

2018 йил 15 июлдан бошлаб хорижий фуқаролар юртимизга кириш визасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик идораларига мажбурий мурожаат этишлари бекор қилинади. Бундан ташқари, хорижий фуқаронинг кириш визасини олиш учун мурожаатини кўриб чиқиш муддатлари қисқартириладиган бўлди.

Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу қарор туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланиши билан бирга Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ривожлантириш ва янги туристик йўналишларни шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, туристик хизматлар сифатини ошириш, унинг асосида янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг даромадлари ўсишини таъминлайди.


Бахтиёр Руҳиддинов,

Тошкент вилояти ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш

масалалари бўйича котибият мудири.

ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1