1

Жорий йилда “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўзгача ўтказилади

ЖАМИЯТ 11.07.2018, 09:47
Жорий йилда “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўзгача ўтказилади

2018 йил 10 июль куни “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ташкилий қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров йиғилиш иштирокчиларига жорий йилда “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилишини, танловнинг вилоят босқичлари август ойининг
15 санасига қадар, республика босқичини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллик тантаналари арафасида ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади.

Йиғилишда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров, ЎзЭОАВМА Бошқаруви раиси ўринбосари – бош директори Ш.Ғуломов ҳамда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латиповлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонларидан мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан ўтказган тарихий учрашувида белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлашда ижод аҳли бироз ортда қолаётганлигини таъкидлаб, бу борада ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиш учун янада кўпроқ изланиш ва ижод қилиш лозимлигини алоҳида қайд этишди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросимини ноанъанавий тарзда, ҳар йилгидан ўзгача ва кўтаринки руҳда ташкил қилиш ҳамда ўтказиш кераклигини, тақдирлаш маросими нафақат танлов ғолиблари, балки тадбир иштирокчилари учун чин маънода эсда қоларли бўлиши зарурлигини айтиб ўтишди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, мазкур танлов Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Бадиий академия, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.

Танловга “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ва 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунига мувофиқ яратилган, давлатимиз ва жамиятимиз қурилиши тизимини такомиллаштириш, айниқса, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни ёритувчи; тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини ҳаётий мисоллар орқали очиб берувчи ижодий асарлар қабул қилинади.

“Энг улуғ, энг азиз” танлови қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

– ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари;

– босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг мақолалари;

– оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистик ишлари;

– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари;

– тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари;

– кино санъати асарлари.

Танловга тақдим этилган ижодий ишларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

– муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот;

– муаллифнинг паспорти нусхаси;

– иш жойидан тавсиянома;

– муаллифнинг манзили ва боғланиш телефонлари.

Танловга 2017 йилнинг 1 августидан 2018 йилнинг 1 августигача бўлган даврда расман чоп этилган адабий-бадиий асарлар, газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телевидение каналларида эфирга узатилган материаллар, намойиш этилган тасвирий санъат ва кино санъати асарлари жорий йилнинг 3 августигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрами арафасида мукофотланадилар ва уларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Ижодий ишлар “Энг улуғ, энг азиз” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100129, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси,

Ўзбекистон “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси.

Телефонлар: 244-12-61; 244-64-61; 244-11-64.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1