1

Сайёрамизда инсонларнинг бўйи бундан бир ярим аср илгариги одамларга нисбатан анча ўсган

ДУНЁ 23.07.2018, 17:09
Сайёрамизда инсонларнинг бўйи бундан бир ярим аср илгариги одамларга нисбатан анча ўсган

Сўнгги маълумотларга кўра, сайёрамизда истиқомат қилаётган инсонларнинг бўйи бундан бир ярим аср илгариги одамларга нисбатан анча ўсган. Яна юз йилдан кейин вазият қандай бўлар экан?

Дарҳақиқат, сўнгги 150 йил ичида инсоният анча ўзгарди. Курраи замин аҳолисининг умр бардавомлиги XIX асрда 45 ёш атрофида эди, ҳозирга келиб бу кўрсаткич тахминан 80 ёшга яқинлашди. Саноати тараққий этган бир қатор мамлакатлар, масалан, Буюк Британия, АҚШ ва Японияда инсоннинг ўртача бўйи 10 сантиметрга ўсганлиги маълум бўлди. Сўнгги 150 йил ичидаги кўрсаткичларни таҳлил қиладиган бўлсак, улар орасида фақат Нидерландия қироллиги ажралиб туради. Ҳақиқатан ҳам замонавий голландиялик йигит ва қизларнинг бўйи 184 ва 174 сантиметрдан кам эмас.

Бу XIX аср ўрталаридаги тенгдошларига нисбатан ўртача 19 сантиметрга юқоридир. Германиянинг Мюнхен университети иқтисодий тарих факультети фахрий профессори Жон Конлос бу борада бир нарсага ойдинлик киритмоқчи. Нима сабабдан голландияликларнинг бўйи баландлашиб кетаяпти? Бу ўсиш вақт-соати келиб тўхтармикин? Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида Конлос жаноблари антропометрия тарихи соҳасида жиддий шуғулланишга киришиб кетди.

Текширувлар шуни кўрсатадики, инсоннинг бўйи биринчи навбатда унинг овқатланиши ва касалликларга чалиниш ҳолатлари билан боғлиқ экан. Айнан шу омиллар болаларнинг танасига ўз таъсирини кўрсатади. Агар бола ўз вақтида овқатланмаса, ёки керакли озуқаларга тўйинмаса, диарея чақирувчи касалликларни юқтириб олиши ҳеч гап эмас. Бу албатта унинг бўйига таъсир қилади.

Ғарбий Европада ўрта асрларда тарқалган вабо эпидемиясида аҳолининг 60 фоизи нобуд бўлган. Тирик қолганларнинг яшаш шароити анча енгиллашди. Бу эса биринчи навбатда англияликларнинг ўртача бўйи 4 сантиметрга узайишига сабаб бўлган.

Бироқ XVII асрларга келиб кўҳна қитъада яна муаммолар пайдо бўлди. Ҳар бир французнинг ўртача бўйи 162 сантиметрдан ошмай қолди. Кичик музлик давридаги қаҳратон совуқ етиштирилган ҳосилга ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Бундан ташқари, Англияда фуқаролар уруши-ю, Германия ҳудудидаги 30 йиллик ҳарбий ҳаракатлар бунга сабаб бўлган, десак муболаға бўлмас. Тўғрисини айтганда, ҳозир ҳам бўй билан саломатлик чамбарчас боғлиқ эканлигини яхши биламиз. Буни қарангки, икки қўшни Шимолий ва Жанубий Корея эркаклари бўйи турлича. Шимоллик эркакларнинг бўйи жанубликлардан 3-8 сантиметрга пастроқ экан. XVIII асрдаги фуқаролар урушидан то XX асрдаги иккинчи жаҳон урушига қадар америкаликлар бўй-басти бўйича барча саноати ривожланган мамлакатларни ортда қолдириб кетди. Ҳозир эса Қўшма штатларда эркакларнинг бўйи ўртача 176 сантиметр, аёллар эса 163 сантиметрга тенг.

Европа шимолидагилар бўй жиҳатидан қай тариқа пешқадамликка чиқиб олдилар. Профессор Конлос буни шундай изоҳлайди: “Бу биринчи навбатда тўғри овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатиш асосий ўрин тутишини амалда исботлайди. Миллионлаб америкаликлар ҳозир ҳам тиббий суғуртага эга эмас. Мунтазам равишда врач қабулига бора олмайди.

АҚШда ҳомиладор аёлларга Голландиядаги каби давлат томонидан унчалик эътибор қаратилмайди. Нидерландияда ҳомиладор аёлларнинг уйига акушер-гинекологлар келиб бепул хизмат кўрсатишар экан. Сир эмас, америкаликларнинг учдан бир қисми ортиқча вазндан азият чекмоқда. Бу албатта, нотўғри овқатланишга боғлиқдир. Калорияга бой маҳсулотлар, қайта ишланган озиқ-овқатлар инсоннинг ўртача бўйини бир неча сантиметрга пасайтириб юбормоқда.

Модда алмашинувини ҳам сусайтиради. Кока-кола, гамбургер, биг-мак ичимлиги-ю, таомларига одатланган америкаликлар бўй-баст бўйича голландияликларга тенглашиб олишлари амри маҳол.

Дароз инсонлар одатда кам умр кечиришади, деб айтишади. Ҳақиқатан ҳам уларнинг гапида жон бор. Бунга Роберт Уодлоуни мисол қилиб келтириш мумкин. Сайёрамизнинг энг бўйчан инсони сифатида эътироф этилган бу шахснинг гипофиз безлари ривожланмаганлиги сабабли унинг бўйи 2 метр-у 72 сантиметргача етган. Унинг аҳволи яхши эмас эди. Оёқларига мувозанатни сақлаш учун махсус тирковуч ускуналар ўрнатилган. Ана шундай мосламалардан бири унинг оёғига жиддий жароҳат етказди. Оқибатда саломатлиги ёмонлашиб, 22 ёшида вафот этди.

Азимжон Пўлатов, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1