1

Тошкентда 13 нафар тадбиркорни катта маблағга туширган жиноий гуруҳ қўлга олинди

ЖИНОЯТ 29.07.2018, 19:10
Тошкентда 13 нафар тадбиркорни катта маблағга туширган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Тошкентда фирибгарлик, зўравонлик ҳамда транспорт воситаларини олиб қочиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига оид тергов-суриштирув ишлари якунига етказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди. Гуруҳнинг тўртинчи аъзосига нисбатан айни вақтда қидирув эълон қилинган.

Хабарда айтилишича, фирибгарлик билан шуғулланиб келган 29 ёшли Т.Жамшид, 20 ёшли Т.Миркомил ва 21 ёшли М. Азимҳожилар фирибгарлик, зўравонлик ҳамда транспорт воситаларини олиб қочиш билан шуғулланиб келганликлари аниқланди.

“Т.Миркомил ҳамда унинг шериклари озиқ-овқат ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларни бир неча ой давомида алдаб келган. Хусусан, улар тадбиркорлардан катта пул миқдоридаги турли товар ва маҳсулотларни сотиб бериш учун олган. Ишонарли бўлиши учун ҳатто ижарага офис ҳам очилган”, - дейилади хабарда.

Улар маҳсулотларни ўз баҳосидан арзон нархда сотиб, пулларнинг бир қисмини товар эгасига дастлабки даромад сифатида қайтарган. Шу йўл билан янги маҳсулотларни олиш учун бошқа тадбиркор олдига боришган. Бу усул билан жиноий гуруҳ аъзолари 13 нафар тадбиркорни чув туширган.

Фирибгарлар вақти-вақти билан тадбиркорларга пулларининг бир қисмини бериб келганлиги натижасида тадбиркорлар шубҳага бормай, пулларининг қайтарилишини кутиб юраверган.

Жиноий гуруҳ аъзолари кейинчалик оғирроқ жиноятга ҳам қўл ура бошлаган. Жумладан, жабрланганлардан бири А.Муҳаммадсодиқни иш юзасидан учрашувга чақириб, уни зўравонлик билан салонга ўтқазади. Жиноятчилардан бири эса машина бошқарувини ўз қўлига олади ва номаълум тарафга йўл олади. Йўлда жиноий гуруҳ аъзолари тадбиркор ҳаётига таҳдид қилиб, ундан катта суммадаги маҳсулотларни талаб қилишади. Машина светофорнинг қизил чироғида тўхтайди. Муҳаммадсодиқ эса фурсатдан унумли фойдаланиб автомобилдан тушиб қолади ва жиноятчилардан қочиб кетишга муваффақ бўлади.

У бўлиб ўтган воқеа юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилади. Транспорт воситасининг олиб қочилганлиги ва содир этилган зўравонлик юзасидан жиноят иш қўзғатилади. Тергов-суриштирув жараёнида Т.Миркомил ва унинг шериклари томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятлари фош этилди. Жиноий гуруҳ томонидан 13 нафар тадбиркорга келтирилган зарар миқдори 400 миллион сўмни ташкил этгани аниқланди.

Айни вақтда мазкур иш судда кўриб чиқилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1