1

Олмазор туманида 100 кишига ихчам ва камхарж тўй ўтказилди

ЖАМИЯТ 30.07.2018, 14:45
Олмазор туманида 100 кишига ихчам ва камхарж тўй ўтказилди

Энг яқин қариндошлар, кичик жамоа, келин-куёвнинг оила аъзолари иштирокида Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги «Тарона» тўйхонасида ўтган Убайдуллабек ва Муножотхонларнинг висол оқшомига 100 нафар меҳмон келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мавлуда Ғаниева, куёвнинг онаси:

— Қариндош-уруғ, қудаларим билан келишган ҳолда ихчам тўй қиляпман. Камхарж тўй қилиб, ортган пулларимизни уйнинг кам-кўстига ишлатдик. Мебелларни ҳам ўзим олдим, чарлари, саломлар, қўниқлар, ҳайитлар, тоғоралар каби «удумлар»ни қилмасликка келишдик. Фарзандларим ҳам бунга рози бўлди. Президент ҳам Олмазор туманига келганида тўй ҳақида гапирди, мен ҳам бундан сўнг камчиқим тўй қилишга қарор қилдим.

Самиғжон Ҳикматов, Олмазор туман фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашлари раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари:

— Юртбошининг Олмазор туманига ташрифи, халқ билан мулоқоти давомида маҳалла оқсоқоллари билан учрашганларида бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири тўй-ҳашамларни ихчам ўтказиш ва ёш оилаларнинг келгусида бахтли яшашлари учун керакли ишларни қилиш бўйича ўз фикр-муносабатларини билдирди. Мазкур ташрифдан сўнг туманимиздаги 58 та маҳалла раиси билан бамаслаҳат бир фикрга келдикки, Олмазор тумани келгусида ўтказиладиган тўйларда ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлиши керак ва камхарж, чиройли, ихчам тўйларни ўтказишни бошлаши керак.

Шарофиддин Имомов, маҳалла фаоли:

— Жамоатчилик асосида, келишилган ҳолда шу тўй маросими ўтказишни бошлаб бердик. Маҳалламизда тўй қиладиганларда иккиланиш ҳолатлари ҳам бор. Бугунги тўй тафсилотини уларга тушунтирадиган бўлсак, қизиқиш ортиб, худо хоҳласа, ҳамма маҳаллада шунақа ихчамгина, келишилган ҳолда, чиройли тўйлар ўтади, деган умиддаман. Илгари тўйдан сўнг ҳам чарлари, келин саломлар бўларди, улар ҳам бир тўйдай ўтарди. Ҳозир уларни йўқ қилдик. Унинг ўрнига келин-куёвга бирор нарса олиб бериш мумкин бўлади, турмуш даражаси анча яхшиланади. Тўй бир зумда ўтади-кетади, лекин бу нарсалар бир умрга қолади. Бугунги тўйимиз чиройли ўтди, бундан намуна олиб, бутун юртимиздаги бошқа маҳаллаларда ҳам худди шунақа тўйлар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Бўлғуси ёш оила учун Олмазор туман ҳокимлиги ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан Президент совғаси топширилди.

Кексалар айтгандек, бир кунлик тўй ҳам ўтди-кетди, аммо бу тўй бошқа тўйлардан кескин фарқ қилди. Унда дабдаба, кўз-кўз қилишга ҳаракат қилинмади. Шунчаки оддий, созгина, камчиқим тўй ўтказиш маъқул кўрилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1