Жорий йилнинг 27 июль куни Халқ таълими вазирлигида эксперт-таҳлил кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Унда таълимнинг аҳамиятини оширишдаги асосий мақсадлар ва кенгашнинг мақсад ва вазифалари муҳокама қилинди. Халқ таълими вазири Ш.Шерматов билан бўлган учрашувда кенгаш вакиллари Ҳ.Сулаймонова (Davinci), В.Кан (MYWAY), М.Қосимов (Ambit), Х.Мамасаидов (Dekos.uz), В.Ким (Study Smart Project), А.Юсуфов (lebazar.uz), Л.Пўлатов (Premium Parts)лар иштирок этишди.
Эксперт-таҳлил кенгаши вазирлик билан ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, давлат ва хусусий мактаблар маъмурияти, ўқитувчилари, шунингдек, бошқа таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Эксперт-таҳлил кенгаши консультатив-маслаҳат органи бўлиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради, унинг асосий вазифаларидан бири Халқ таълими вазирлиги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Учрашув якунларига кўра мактаблар ҳолатини батафсил таҳлил қилиш, замонавий ўқув дастурларини яратиш бўйича стратегияларни ишлаб чиқиш, мактаб ўқувчиларида ижодий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган қўшимча тўгараклар ва спорт секциялари яратишни бошлаш бўйича қарор қабул қилинди. Томонлар халқ таълими тизимини такомиллаштириш йўлида яқин ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди.