Тошкент шаҳрининг Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасидаги янги йўл ўтказгич тез орада фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумки, Бунёдкор кўчаси Тошкент шаҳридаги энг узун, жанубий ва шимолий қисмларини боғловчи, муҳим кўчаларидан бири саналади. Шу боис мазкур йўналишда мунтазам, кун-у тун автомобиллар қатнови амалга оширилади. Магистралда йўл ўтказгич сони эндиликда 10 тага етди.
Замонавий йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 667,5 метрни ташкил этади. Эстакада қисмининг узунлиги 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8, кенглиги эса 24,5 метр. Улкан иншоот 21 та устун оралиғида барпо этилди. Эътиборлиси, бу ерда пиёдалар учун ҳам қатор қулайликлар ҳам яратилди. Хусусан, умумий узунлиги 124 метр бўлган иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилди, шунингдек, ёши кекса ва ногиронлар учун махсус лифт ҳамда эскалатор ўрнатилди.
Янги бунёд этилган йўл ўтказгичнинг ёритиш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга ҳудудда ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилди. Атроф кўкаламзорлаштирилди, манзарали дарахтлар ўтқазилди. Йўл ўтказгичнинг бош режаси “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Бунёд этилаётган иншоот 6 та йўлакдан иборат.








